loader
Foto

Қуръон бизнинг қалбларимиз ва амалларимизда

Қуръони карим оятларини тинглаганимизда тасаввуримизда Арабистон чўллари, Макка – вулқонли тоғлар орасида жойлашган тор шаҳар ва Қуръоннинг илк сатрлари янграган Хиро ғори гавдаланади.

Қуръони карим сирлари унинг мўъжизалари, мафтун қиладиган янграш ва ҳатто унинг ҳикмати билан чегараланмайди. Унинг сирларидан бири бу – жоҳилият ботқоғига ботган мушриклар қалбига кириб бориб, уларни иймон-эътиқодга, диндорликка, одоб-ахлоққа ўргата олганлигидир.

Бугунги кунда Қуръони карим ер юзидаги миллиарддан ортиқ одам учун ҳаёт-мамот дарслигига айланган. Мусулмонлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, бир кунда беш марта Маккага қараб юзланади, бир хилда намоз ўқийди, битта Қуръонни ўқийди. Лекин шунга қарамай, мусулмонлар жуда хилма-хилдир.

Кўпчиликнинг қалби софлик, раҳмдиллик ва одамларга муҳаббат билан тўлган. Бироқ афсуски, қалби нафрат аламига тўлган шахслар ҳам бор. Кўпчилик эзгулик оҳангларини англамаган ҳолда Қуръон ўқийди, айримлар эса, унинг маъносини бузиб, бунда ёвуз амалларини оқлаш учун асос қидиради.

Аллоҳ Таоло одамларга муқаддас матнда мурожаат қилар экан, дейди: «Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?» (Муҳаммад сураси, 24)

Агар Қуръонни очадиган бўлсак, ҳикматга ва фикр юритишга даъватларни ушбу ёзувнинг матнида бир неча бор учратиш мумкин. Мисол тариқасида бир нечта оятларни келтириб ўтамиз:

«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир» (Сод сураси, 29).

«У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратур. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.» (Раъд сураси, 3)

Нима учун Қуръон «фикр юритиш, тафаккур қилиш»га бу қадар кўп аҳамият беради? Биринчидан, фикрлаш одамни Яратувчининг буюклиги, карами ва марҳаматига ишонтиради, иккинчидан, унинг иймонини чуқурроқ, сажда қилишини эса – мукаммал қилади. Англаб етмаган ҳолда иймон – кўр-кўрона тақлид қилишдир, ислом эса – бизни асло англамасдан эргашишга даъват қилмайди.

Бундан ташқари, фикр юритиш, бизга афсуски, уларнинг маъно-мазмунини турли одамлар бузиб кўрсатиш ва нотўғри тақдим этишга уринадиган Аллоҳнинг сўзларини тўғри тушунишга ёрдам беради. Шу сабабли Қуръони карим шарҳини ўқиш ёки унинг мазмунини тўлиқ маънода тушуниш учун араб тилини ўрганиш жуда муҳим.

Қуръони каримни асл нусхада, яъни кўп асрлар олдин нозил қилинган тилда ўқиш исломда Аллоҳга ибодат сифатида баҳоланади. Шу вақтдан бошлаб бу Муқаддас матнга биронта ўзгариш қилинмаган, биронта ҳарф киритилмаган ёки чиқариб ташланмаган.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим ўқишнинг фойдали эканлиги ҳақида кўп мулоҳазаларида билдирганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Ким Аллоҳнинг Каломидан битта ҳарф ўқиса, унга битта савоб ёзилади. Ўша савоб ўн баравар кўпайтирилади. Мен алиф лом мимни битта ҳарф демайман. Алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф, мим бир ҳарфдир".

 Термизий, Байҳақий, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ.

Ўтмишнинг солиҳ мусулмонлари мисолида улар Қуръон ўқишга қанча кўп вақт сарфлаганлигини кўриш мумкин...

Биз, мусулмонлар, Қуръонни қанчалик тез-тез қўлимизга оламиз? Соатлар, кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиллар ўтаверади, биз эса, камдан-кам ҳолларни истисно қилганда, Аллоҳимиз Китобини очмаймиз. Яқинларимиз билан гаплашмасдан бир кун яшай оламизми? Аллоҳ эса бизга ҳар кимдан кўра яқинроқ. Аллоҳни ёд этиш ва Унинг китобини ўқиш учун вақт ажратмаслик, У бизга берган ҳамма нарсалар учун Унинг олдида энг катта ношукурлик бўлади.

Тасаввур қилинг, Қуръонда 300 000 дан ортиқ ҳарф бор. Аллоҳ Таоло ҳар бир ҳарф учун ўн баробар мукофот ваъда қилган. Бу фойдали битим эмасми? Одам исталган пайт ва исталган жойда Аллоҳга мурожаат қилиши, қўлига Қуръон олиб, у билан суҳбатлашиши мумкин.

Ҳа, ҳаётнинг замонавий ритми бизга доим ҳам қўшимча ибодат қилиш учун имконият қолдирмайди. Лекин агар хоҳласангиз, Қуръонга вақт ажратиш учун ҳар доим ҳеч бўлмаганда бир неча дақиқа топишингиз мумкин.

Қуръон ўқир эканмиз, уни ўқиш ва фикр юритишдан кейин, албатта, ҳаракатлар ҳам келиши лозимлигини унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда, Қуръонни юборишдан мақсад тўлиқ амалга оширилмайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: « Қуръон сизнинг фойдангизга ёхуд зарарингизга ишлайдиган ҳужжатдир » (Муслим).

Ушбу ҳадиснинг маъносидан очиқ-ойдин кўриниб турибди: Қуръони каримни уни ўқиб, унга мувофиқ яшаган ҳолатдагина инсонга фойда келтиради. Акс ҳолда, Қиёмат кунида Қуръон унга қарши далил бўлиб хизмат қилади.

Шундай қилиб, биз Қуръонни нозил килишдан асосий мақсад, бошқа самовий оятларни юборишнинг мақсади каби, У Яратувчининг ҳуқуқлари асосида бутун инсониятнинг фаровонлиги учун яратган Аллоҳ Таоло қонунларга риоя қилиш ҳисобланади. Қуръон оятларидан бирида Аллоҳ айтади-ки: «Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик.» (Наҳл сураси, 89)

Бошқача қилиб айтганда, Қуръони карим бу – ҳаёт йўриқномаси, турли соҳаларда: оилада, жамиятда, сиёсатда, иқтисодиёт ва ҳ.к.да ҳар куни қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида дастурдир. Шу билан бирга, бу диний таълимотдир, чунки у инсонни абадий ҳаётга тайёрлайди.

Бугунги кунда мусулмонларнинг вазифаси – Қуръони карим бўйича яшашни ўрганишдир.

Бугунги кунда Қуръонга амал қилиш – Аллоҳ Таоло Коинотнинг ягона Яратувчиси ҳамда ибодатга ва унга дуо-илтижолар билан мурожаат қилишга лойиқ бўлган ягона Зот эканлигини ёдда тутишдир.

Бугунги кунда Қуръон каримга амал қилиш – инсон Худонинг ер юзидаги "вакили" эканини ҳамда ўз фаровонлиги учун, шунингдек, қариндошлари, дўстлари ва бутун жамиятнинг фаровонлиги учун катта масъулиятга эга эканлигини ёдда тутишдир.

Бугунги кунда Қуръони каримга амал қилиш – доимий равишда билим олиш учун интилишдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам туянинг ягона транспорт воситаси бўлган ва Арабистондан Чинга борадиган йўл кўп ойлар давом этган пайтларда билим излаш учун Чинга ҳам етиб бориш кераклигини айтганлар.

Бугунги кунда Қуръони каримга амал қилиш – иймон-эътиқод диндорликнинг нафақат ташқи, балки ички намоён бўлиши ҳам эканлигини ёдда тутишдир. Қуръони каримнинг тахминан 10 фоизи диний йўл-йўриқ ва кўрсатмаларга, қолган қисми эса – қалб ва ақл-идрокка бағишланган. Шу сабабли эътиқод бу – ташқаридан ва ичкаридан ибодат қилиш; бу дин бўйича биродарлар ва ғайридинларга, қўшнилар ва қириндошларга нисбатан одоб-ахлоқ доирасидаги муносабат; бу ҳар қандай ишда ҳалоллик ва масъулият; бу ҳикмат ва эзгу насиҳатлар билан Аллоҳга даъват қилиш; бу дастурхон атрофида, учрашувда масжидда одоб-ахлоқ меъёрлари; бу камтарлик ва хайрихоҳлик, илтифотлилик ва самимийликдир. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда айтадики: «Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас» (Нисо сураси, 36).

Бугунги кунда биз, мусулмонлар зиммасида Қуръон олдида улкан масъулият юклатилган. Биз Аллоҳ инъом этган ҳар бир марҳамат учун жавобдамиз. Биз нимаики иш қилмайлик, ҳаммасини Қуръони карим номи билан қиламиз. Одамлар бизга қарайди ва бизнинг амалларимиз бўйича Қуръони карим бизни нималарга ўргатиши ҳақида мулоҳаза юритади. Шу сабабли ҳар биримиз исломнинг имиджи учун, одамларда ислом ва Қуръон ҳақида шаклланадиган тасаввурлар учун жавоб беришимизни тушунишимиз лозим. Бизнинг энг улкан жавобгарлигимиз мана шунда.