loader
Foto

Йигирма бешинчи суҳбат суҳбат: Улар Раббиларига иймон келтирган йигитлар эдилар

Ҳамма замонларда ҳам кофир ва золимлар иймон аҳлига қарши бор кучлари билан курашиб келганлар. Аммо хайрли оқибат, ҳусни хотима сабрли мўмин-мусулмонларга насиб бўлган.

Асҳоби қаҳф қиссаси муфассир Табарий келтирган ривоятларга кўра, қуйидагича давом этади. Рум подшоси Дақёнус барча фуқароларни ботил худоларга сиғинишга мажбурлашда давом этар экан, шаҳардаги мўминлар орасида подшоҳнинг яқин кишиларидан саналган бир гуруҳ йигитлар ҳам бўлиб, улар кечасию кундузи яширин ҳолатда Аллоҳга ибодат қилар эдилар. Аллоҳдан ёрдам ва нусрат сўрардилар. Дақёнуснинг шаҳарга киргани, одамларни йиғиб, санамларга қурбонлик қилишга буюрганини эшитиб, улар: "Эй Аллоҳ, Сен осмонлар ва Ернинг Раббисисан, биз Сендан ўзга ҳеч кимга ибодат қилмаймиз, акс ҳолда ноҳак сўзни айтган бўлиб қоламиз. Мўмин бандаларингдан бу фитнани Ўзинг кўтаргин, бу балони даф этгин, токи улар Сенга ошкора ибодат қиладиган бўлсинлар", деб дуо қилар эдилар. Йигитлар мана шундай ҳолатда давом этар эканлар, кофир айғоқчилар уларнинг ибодат қилаётган ерларини топиб бордилар. Йигитлар эса ўз ибодатларида давом этардилар. Айғоқчилар ёшларнинг сўзларини эшитиб, қилаётган ибодатларини кўриб, бунинг хабарини Дақёнусга етказдилар. Подшоҳга бориб дедиларки, "Одамлар сизнинг худоларингизга қурбонлик қилиш учун жамланиб турган пайтларида сизнинг яқинларингиздан бўлган бир тўп ёшлар ибодатга келмасдан сизни масхаралаб ўтирибдилар. Устингиздан кулаяптилар. Улар Исо ибн Марямнинг тарафдорларига қўшилиб, бирга намоз ўқияптилар. Уларнинг сизнинг мамлакатингизда бўла туриб, шу ишларни қилишларига йўл қўйиб берасизми?!".

Дақёнус бу хабардан ғазабланиб кетди ва йигитларни олиб келтирди. У: "Нима учун сизлар бу ёққа ибодатга келиб, шаҳар аҳолисига намуна бўлмасдан бошқага ибодат қилаяпсизлар?" - деди. Шунда мўминларни сўяётган, ҳамма ундан ўзини олиб қочиб яширинаётган золим подшоҳнинг олдида турган бу йигитларга Аллоҳнинг Ўзи жасорат ва шижоат ато қилди. Аллоҳ айтади: "Биз уларнинг қалбларини қувватлантириб қўйдик, шундан улар туриб айтдиларки, Бизнинг Раббимиз осмонлар ва Ернинг Раббисидир, биз Ундан ўзгага асло ибодат қилмасмиз!" (14-оят). Йигитлар подшоҳга: "Бизнинг Илоҳимиз шундай Зотки, Унинг буюклиги Ер ва осмонларни тўлғазади. Биз Ундан бошқа худога асло ибодат қилмаймиз. Сен бизга буюраётган бу нарсаларга ҳеч ҳам сиғинмаймиз. Биз фақат Раббимиз Аллоҳгагина ибодат қиламиз. Унга ҳамдлар, такбирлар, тасбеҳлар, сано ва мақтовлар бўлсин! Унгагина ибодат қиламиз, Ундангина нажот ва яхшилик кутамиз. Биз ўзимизни ўзимиз шайтонларга қул килиб қўймаймиз. Сенинг айтганингни қилмаймиз. Бизни нима қилсанг қилавер", дедилар. Шундан кейин подшоҳ уларнинг устларидаги обрўли шахслар киядиган кийимларини ечиб олди. Сўнгра дедики, "Демак, сизлар қиладиган ишларингни қилиб, шу йўлга ўтиб бўлган экансизлар, унда мен сизларни мамлакатим фукаролигидан ва ўзимнинг яқин кишиларим бўлишдан маҳрум қиламан! Сенларни, албатта, жазолайман! Мен ҳозирок азоб беришим мумкин эди, аммо сенларнинг ҳали ёш эканлигинг мени тўхтатиб турибди. Мен сенларга бир оз муҳлат бераман. Шу вақт ичида бир ўйлаб оларсанлар, ақлларингни ишлатарсанлар", деди ва уларни чиқариб юборди. Дақёнус шундан кейин қўшни шаҳар аҳолисини ибодат қилдириш учун жўнаб кетди.

Йигитлар йиғилишиб маслаҳатлашдилар ва бир қарорга келдилар. Улар бир-бирларига: "Агар сизлар улардан ва уларнинг Аллоҳдан бошқага қилаётган ибодатларидан юз ўгирган экансизлар, энди ғорга кириб, яширининглар. Раббингиз сизлар учун Ўз раҳматини ёяди ва ишларингизда ёрдам ато қилади", - дедилар.(16-оят). "...Негаки, кофирларга қарши жанг қилишга йигитларнинг имкониятлари йўқ эди. Улар бошқа динда эканлар, уларнинг ораларида яшашнинг иложи ҳам қолмаган эди". (Саъдий).

Сўнг ҳар бирлари ўз уйларидан оталарининг молларидан бир оздан маблағ олишди ва бир қисмини садақа қилишди, бир қисмига озиқ-овқат сотиб олишди. Кейин шаҳар ташқарисидаги тоққа қараб йўл олишди. Улар тоғдаги бир ғорга кириб яшириндилар ва у ерда фақат Аллоҳга ибодат қилиш, Унинг розилигини сўраш билан машғул бўлдилар. Бу дунё ҳаётидан кўра, Охиратни, шаҳардаги шоҳона қасрларидан тоғу тошлар орасидаги ғорни афзал билдилар. Улар агар Дақёнус яна шаҳарга келса, кайтиб унинг олдига борамиз, унга яна ўз сўзимизни айтамиз, кейин у бизни нима қилса қилади, унгача Раббимизга хотиржам ибодат қиламиз деб маслаҳатлашган эдилар.

Йигитларнинг бирлари вақти-вақти билан яширинча шаҳарга тушиб, булар учун озиқ-овқат сотиб олиб келар эди. У шаҳарга кирганда одамлар билиб қолмасин учун тиланчилар каби кийиниб олар эди. Бозордан егулик сотиб олиш билан бирга шаҳардаги гап-сўзлар ва воқеалардан хабардор бўлар, кейин эшитган-билганларини биродарларига етказиб турар эди.

Бир куни шаҳарга яна золим Дақёнус келди. Ўз одати бўйича шаҳар катталарига буюриб, яна аҳолини бир ерга тўплашни ва худоларга қурбонликлар сўйдириб, ибодат қилдиришни тайинлади. Иймонли кишилар бундан қаттиқ безовта бўлдилар. Қочганлар қочдилар. Бекинганлар бекиндилар. Подшоҳнинг миршаб ва айғоқчилари ҳамма ерларни текшира бошлади. Бу пайтда озиқ-овқат олиб келадиган йигит шаҳарда эди. Шум хабарни эшитгач, тез ортига қайтиб кетди ва бўлаётган воқеаларни дўстларига айтиб берди. Улар бу хабардан қаттиқ хафа бўлдилар ва Аллоҳга қаттиқроқ ёлборишга бошладилар. Унга тазарруълар билан ибодат қилдилар. Улар кўзларидан ёшлар тўкиб, бўлаётган фитналардан қутқаришини сўраб, Аллоҳга дуолар қилардилар. Улар мана шу ҳолатда узоқ ибодат қилиб, кейин бир маҳал уйқуга кетдилар. Уларга эргашиб келган, ғорнинг оғзида ётган итлари ҳам улар каби ухлаб қолди. Шу билан улар қайтиб уйғонмадилар. Аллоҳ уларни мана шу ҳолатда ниҳоятда узоқ йиллар ухлатиб қўйди. Улар 309 йил ухладилар.

Шаҳарда эса Дақёнус бу йигитларни қидиртира бошлади. Аммо уларни ҳеч ким топа олмади. Подшоҳ агар улар келиб тавба қилса, мен уларни кечираман, азобга тортмайман, деди. Шаҳарнинг катталари подшоҳга: "Улар сизнинг раҳм қилишингизга арзимайди. Улар фожирлар, исёнчилар, золимлар ва жиноятчилардир. Сиз уларга муҳлат бердингиз, аммо улар тавба қилмадилар. Шаҳарда пулларини сочиб гуноҳ ишларни қилиб юравердилар. Сизнинг келишингизни эшитиб қочиб кетдилар. Уларнинг ота-оналаридан ўғилларини топиб беришни талаб қилинг", дейишди. Подшо йигитларнинг ота-оналарини келтириб уларни ўлдириш билан қўрқитгандан сўнг улар айтишдики, "Биз сизга итоатдамиз, худоларингизга ибодат қиламиз. Бизни у ярамасларни деб ўлдирманг. Улар бизнинг пулларимизни олиб қочиб кетдилар. Улар фалон-фалон ердаги тоғда, фалон ғорга бекинган", деб айтдилар. Подшо ўз аскарлари билан ўша тоққа қараб йўл олди. Бироқ, унинг одамлари ғорга кириб ҳеч кимни топа олмадилар. Аллоҳнинг иродаси билан улар ухлаб ётган йигитларни кўрмай чиқиб кетдилар...

Подшоҳ хонадонида иймонини яшириб юрган яна икки мўмин бор эди. Уларнинг икковлари ҳеч кимга билдирмасдан бу йигитларнинг исмлари ва воқеаларини бир тош лавҳага битдилар-да, ғорнинг оғзига олиб бориб яшириб жойлаштирдилар. Шоядки келажак замонлар учун бу бир ёдгорлик бўлар, деб умид этдилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ бу ҳодисанинг ва ушбу иймонли йигитларнинг келажак авлодларга ибрат бўлишларини хоҳлаган эди. Орадан неча замонлар ўтди. Ажали етиб Дақёнус ҳалок бўлди. Ундан кейин ҳам қанча подшоҳлар келиб кетди. Йигитлар эса ҳеч нарса билмасдан уйқуларида давом этардилар. Аллоҳ бу ёшларнинг воқеалари Охират ҳақ эканига, ўлгандан сўнг тирилиш борлигига ҳужжат бўлишини ирода қилган эди. Орадан юзлаб йиллар ўтса ҳамки, ҳали ҳам одамлар орасида ғорга кириб ғойиб бўлган солиҳ йигитлар ҳақидаги ҳикоя тилдан-тилга ўтиб давом этиб келар эди. Дарҳақиқат, одамлар золим кофир подшоҳлардан қутулганларига шукр қиладилар. Уларни лаънатлар билан эслайдилар. Шунингдек, мўмин ва солиҳ инсонларни эсдан чиқармайдилар. Ана шундай замонлар ўзгарган кунларнинг бирида Аллоҳ Асҳоби қаҳфни уйқудан тургизди: "Кейин уларни уйғотдик, токи, қани кўрайлик-чи, икки гуруҳнинг қайси бири уларнинг ғорда бўлган вақтларини аниқроқ биларкинлар". (12-оят). Бу икки гуруҳнинг бири Асҳоби қаҳфнинг ўзлари, иккинчи гуруҳ эса шаҳар аҳолиси эдилар. (Куртубий). Баъзилар эса бу икки гуруҳдан мурод ўлгандан сўнг тирилиш ҳақида баҳслашаётган мўминлар ва кофирлар гуруҳи эди дейишган.

Асҳоби қаҳф уйғониб, бир-бирларидан қанча ухладик, деб сўрадилар. Бир кун ёки ундан камроқ ухладик шекилли дейишди. "Уларнинг ғорда қанча қолиб кетганларини аниқлаш орқали ҳисоб юритишнинг аҳамияти, Аллоҳ таолонинг қудрати, ҳикмати ва раҳмати намоён бўлади. Агар улар уйқуларида давом этаверганларида уларнинг қиссаларидан бу айтилган нарсаларнинг биронтаси ҳам маълум бўлмай қолиб кетар эди". (Саъдий).

Йигитлар уйғониб, ёнларидаги пулларига озиқ-овқат олиб келиш учун шерикларини яна шаҳарга юборишди. Шаҳарга кетаётган йигитга эҳтиёт бўлишни, ҳеч ким сезмаслиги лозимлигини, акс ҳолда золимлар буларни диндан чиқаришга ҳаракат килишини айтиб огоҳлантирдилар. Йигит шаҳарга кириб борар экан, ҳамма нарса ўзгариб кетган, уйларнинг кўриниши, одамларнинг киёфалари ўзгача... У ҳеч нимани тушунмади. Ўзига бирор касаллик етганми деб қўрқади. Кейин тезроқ кета колай бу ердан деб шошилиб бозорга киради. Овқат сотаётган одамга қўлидаги пулни беради. Сотувчи пулни кўриб, бу қаернинг пули, сен қаерликсан, деб сўрайди. Йигитнинг жавобларини эшитиб, бу ё ақлдан озган ёки бирор хазина топиб олган, деб ўйлайди. Бу воқеа шаҳарга тарқалади. Иш шов-шувга айланиб, подшоҳликка етиб боради. Бу пайтда юртнинг подшоси мусулмонлардан эди. Орадан қанча вақт ўтган бўлса ҳамки, одамлар йигитларнинг қиссаларини ёддан чиқармаган эдилар. Охири ҳақиқат маълум бўлади. Одамлар подшоҳларига эргашиб, ҳайрат билан ғорга қараб борадилар. Йигит одамлардан олдинроқ ғорга кириб биродарларини огоҳлантирмоқчи бўлади. "Шундай қилиб одамларга уларни кўрсатдик, токи билсинлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ ва Қиёматнинг келишида ҳеч бир шубҳа йўқдир..." (21-оят).

Аллоҳ бу воқеа орқали Ўзининг дўстларини ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган кароматлар билан сийлаши ва асрашини кўрсатади. Кофир-мушриклар иймонсизларни ҳурматлаб, Аллоҳнинг дўстларини хорламоқчи бўлдилар. Аммо Аллоҳ дунёнинг вақтинчалик иззати ва мартабасидан кўра иймонни сақлаш йўлида тоғу тош ва ғорни афзал билган ростгўй йигитларнинг иззат-икромларини икки дунёда мукаммал қилди. Уларни тоғ бағрида, ғорнинг қўйнида кофирларнинг қўли етмайдиган ерда саломат сақлади. Аллоҳнинг ибодатига эгилган баданларини на ерга ва на ваҳшийларга ем қилди. На ҳашаротларга талатди. Аксинча, орадан уч юз йил ўтгач, уларга яна бир марта дунё юзини кўрсатди ва инсонлар учун ибрат ва ажойиб қиссага айлантирди. Энди бу қисса то Қиёмат келгунига кадар иймонларга қувват, қалбларга умидбахш, қулокларга ёқимли муборак қисса бўлиб қолди. Тилларда тиловат қилинадиган Қуръонга айланди.