loader
Foto

Рўза ва бўй ўсиши

Илоҳиёт ва тиббиёт

Мусулмонлар ҳаётида Рамазоннинг аҳамияти жуда катта бўлгани сабабли рўза тиббиёт йўналишида фаолият юритаётган олимларнинг эътиборини ўзига тортгани кишини ажаблантирмайди. Гап шундаки, ҳар йили мусулмон оилалардаги ҳали туғилмаган 29 миллион болаларнинг она раҳмидаги ривожланиш даври шу ойга тўғри келади. Ва бу ҳолат ҳомиланинг соғлиғи учун сезиларли таҳликаларни келтириб чиқариши мумкин.

Шариат ҳомиладор аёлларга рўза тутмасликка рухсат беради. Бироқ олимлар тўплаган маълумотларга кўра, кўпчилик муслима аёллар ушбу имтиёздан фойдаланмайдилар. Тадқиқотлар ҳомиладор аёлларнинг Рамазонда озиб кетаётганини кўрсатмоқда (буни гипогликемия ва сийдик ва қон таркибидаги кетонлар даражасининг кўтарилгани кўрсатмоқда).

Умуман олганда, бола соғлом туғилиши учун она соғлом бўлиши кераклигини замонавий медицина аллақачон исботлаб қўйган. Ҳомиладорлик даврида истеъмол қилинаётган овқатнинг сифати онанинг соғлиғи учун муҳим. Бироқ янги тадқиқотлар ҳомила ҳам рўзага мослаша олишини ва шунинг учун ҳам ривожланишнинг ҳаёт учун хавотирли таъсиридан омон қолишини кўрсатиб қўйди. Шунга қарамай, рўза ҳомила учун бошқа оқибатларни ҳам келтириб чиқариши эҳтимолини истисно этиб бўлмайди. Мисол учун, рўза туфайли чекланиб қолган озуқа ресурслари биринчи навбатда мияга қараб йўналтирилади ва қолдиғи бошқа органларга тақсимланади.

Айни пайтда дин ва тиббиёт тўқнаш келган жойда илмий тадқиқотлар қатлами мавжуд. Вазиятни “Олий иқтисод мактаби” Миллий тадқиқот университети Шарқшунослик мактабининг (Школа востоковедения НИУ ВШЭ) доценти Ирина Царегородцева “Фарғона” учун махсус шарҳлаб берди.

-    Сўнгги йилларда Қуръон кўрсатмаларининг мусулмонлар соғлиғига ва фаравонлигига таъсирини ўрганувчи тадқиқотлар ҳақида жуда кўплаб мақолалар пайдо бўлди. Бу каби тадқиқотларнинг асосий мақсади – Қуръон ва Ҳадислар билан шарҳланмай қолган исломий ақидаларни илмий-назарий жиҳатдан асослаб бериш. Бу каби мақолаларни ёзиш билан кўпроқ икки тоифадаги тадқиқотчилар шуғулланмоқдалар. Биринчиси – келиб чиқиши мусулмон бўлган ғарб мамлакатлари олимлари бўлиб, улар учун ўзлари эътиқод қилиб келаётган дин ақидаларини рационал тарзда англаб, ҳақлигини исботлаш муҳим. Иккинчи тоифадагилар – мусулмон илоҳиётчилари ва ҳуқуқшунослар. Одатда, улар бошқа тадқиқотчиларнинг хулосаларига таянадилар, бироқ мисол учун, баъзида бир вақтнинг ўзида ҳам илоҳиётчи, ҳам муҳандис ёки тиббиётчи бўлиши мумкин бўлган эронлик олимлар орасида етарли даражада ўзига хос тадқиқотлар ҳам бўлиб туради. Бу каби “исломий тадқиқотлар” кенг тус олаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, илмий ҳамжамият томонидан ва биринчи навбатда ўз соҳалариида (тиббиёт, биология, психиатрия ва ҳ.к.) нуфузга эга бўлган олимлар томонидан ушбу ишларга эътиборни кучайтириш керак.

Универсал индикатор

Яқинда Вашингтон университетининг олимлари Сайид Каримий ва Анирбан Басу ўзларининг ушбу мавзу билан боғлиқ илмий рисолаларини тақдим этдилар. Улар олимлар орасидан биринчи бўлиб рўза тутаётган оналардан туғилаётган болаларнинг ўсишига Рамазоннинг қандай таъсирини аниқлашга уриниб кўрдилар.

Нега энди гап айнан бўй ўсиши ҳақида кетяпти? Чунки боланинг келажагидаги соғлиғи, когнитив (хотира, тушунча, масала ечиш, тасаввур ва мантиқ каби тафаккур жараёни – таржимон изоҳи.) кўникмалари ва ҳатто моддий жиҳатдан фаравонлиги учун айнан унинг бўй ўсиши асосий белгиловчи омиллардан бири саналади.

Боланинг бўй ўсиши 80% ирсиятга ва аттиги 20% муҳит таъсирига, шу жумладан, касалликлар ва онасининг ҳомиладорлик даврида овқатланиш сифати каби омилларга боғлиқ, деб ҳисобланади. Бундан ташқари, бўй ўсишга таъсир кўрсатувчи суяк ривожланишининг “критик” ойналари ҳаёт учун ўта муҳим органлар (юрак ва бўйрак) “ойналари” билан мослаша олади.

Айнан шунинг учун ҳам ўсиш ҳомиладор аёлнинг тутаётган рўзаси туғиладиган боланинг келажакдаги соғлиғига, унинг юрак-томир касаллиги ёки диабетга чалиниш эҳтимолининг даражасини кўрсатувчи яхшигина билвосита индикатори сифатида эътиборга олинади.

Тадқиқотчилар мусулмон мамлакати аҳолисининг камида 10 фоизини ташкил этувчи ҳамда онанинг диний эътиқоди ва боланинг туғилган санаси тўғрисидаги ишончли маълумот олиш мумкин бўлган 37 та давлатда статистикани ўрганиб чиқдилар. Рамазон ҳар йили қуёш календари бўйича ўн кунга сурилгани боис, манзарани тўлиқ қамраб олиш учун 30 йиллик маълумотларни ўрганиб чиқишга тўғри келди. Тадқиқотчилар бўйи ва туғилган санаси тўғрисида ишончли маълумот олиш имконияти бўлмаган болаларни танловдан истисно этдилар, маълумотларни моддий фаравонликнинг ягона шкаласига келтирдилар ва натижада 308.879 та ҳолатлар бўйича статистикани қўлга киритдилар (8 дан 5 ёшгача). Рамазон ойининг ҳомиладорлик ойлари ва триместрларига (триместр – ҳомиланинг уч ойлик даври. – таржимон изоҳи.) мос келишини бола туғилган санадан бошлаб 270 кун муддатни (ҳомила ривожланишининг нормал даври) ҳисоблаш йўли билан аниқладилар. Бу муддатлар соатларда ҳисобланди ва бунда куннинг ёруғ вақти турли географик кенгликларда турлича бўлиши инобатга олинди (танлов бўйича бу вақт ўртача 9-13 соатни ташкил этди). Назорат тўлиқ бўлиши учун – қўққисдан рўзанинг бола бўйига таъсири тўғрисидаги гипотеза ишламаётган бўлиб қолишини инобатга олиб, олимлар Рамазон ойи мусулмон бўлмаган болаларнинг ўсишига қандай таъсир кўрсатаётганини ҳам кўриб чиқдилар.

Зарба остида қолган ўғил болалар

Натижалар етарли даражада хавотирли бўлиб чиқди: Рамазон рўзасини қолдирмай тутган она билан унинг уч-тўрт ёшгача бўлган ўғил фарзандларининг бўйи ўсиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд экан. Яъни, бунинг таъсири гўдаклик йилларида намоён бўлмайди, рўзанинг таъсири кечиктирилиши тўғрисидаги гипотезага мос келади (очлик ва бошқа оғир етишмоқчиликлардан фарқли ўлароқ рўза эмбрионга мослашув учун қандайдир имконият беради). Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, рўзадан кўпроқ ўғил болалар азият чекадилар, бунинг сабаби эҳтимол уларнинг биологик жиҳатдан нозикроқ бўлиши билан изоҳланиши мумкин.

Аниқ кўрсаткичлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ҳомиладор аёлнинг Рамазон ойида тутган ўттиз кунлик рўзаси тўрт ёшли ўғил боласининг бўйида 3,2 миллиметрлик етишмовчиликка олиб келади. Агар рўза ҳомиладорликнинг иккинчи триместрига тўғри келса, таъсир 4,7 миллиметргача етади. Рўзанинг энг кучли таъсири учинчи (ўртача ҳисобда 7.3 миллиметрга), тўртинчи ва олтинчи ойларда намоён бўлади – айнан шу муддат давомида ҳомиланинг суякларнинг кемирчаклари (тоғайлари) шаклланади. Ҳомиладорликнинг биринчи ойида тутилган рўза билан билан боланинг бўй ўсиши ўртасидаги алоҳида, бироқ статистика жиҳатидан салмоқли боғлиқлик борлиги аниқланди. Бу муддатда оналар одатда ўзларининг ҳомиладорлик мақомини билмай қолишлари боис рўзани мукаммал адо этиб юрадилар.

Шу билан бирга, тадқиқотчилар бу боғлиқликларда ҳаёт учун хавф йўқлигини қайд этмоқдалар. Таққослаш учун қуйидаги мисолларни келтирамиз. Эфиопияда 1984 йилги қурғоқчилик туфайли очликдан азият чеккан аёллардан туғилган болаларнинг бўйи ўртача 30 миллиметрга (болаларнинг бўйи 17-25 ёшга кирганда ўлчанган), Эквадорда 1997-1998 йилги сув тошқинларидан – 46-60 миллимиетрга (4-6 ёшли болаларда) қисқарди. Бундаги оқибатлар умуман фарқланиши очиқ-ойдин. Рамазон рўзаси билан оғир бўлса ҳам фалокатли моддий етишмовчиликларни таққослаш мумкин. Мисол учун, 1863-1890 йилларда Франциядаги узумзорларни зараркунандалар пароканда қилиб ташлаганида, ўша даврда туғилган болаларнинг бўйи 6-10 миллиметрга қисқарган.

Мутаассиблик юқорига кўтарилган сари бўй пасаяверадими?

Каримий ва Басу атайлаб маданияти, сиёсий ташкил топиши, мусулмонларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши ҳамда табиий шароити бўйича фарқланадиган мамлакатларда тадқиқот ўтказдилар. Ҳар бир муайан давлат бўйича статистика етарли даражада тўлиқ бўлмагани учун улар мамлакатларни минтақалар бўйича гуруҳлаб чиқдилар: Ғарбий Африка, Шарқий ва Марказий Африка, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиё. Бангладеш, Ҳиндистон, Қирғизистон, Мальдив ороллари, Покистон ва Ўзбекистон Жанубий ва Марказий Осиё гуруҳига киритилди. Бироқ айнан шу гуруҳда (Ғарбий Африка билан бирга) Рамазон рўзаси ва боланинг бўйи ўртасидаги энг кучли статистик боғлиқликни кўрсатди. Мазкур мамлакатларда ҳомиладорликнинг иккинчи триместрида бўлажак онанинг рўзаси боланинг бўйини ўртача 9,1 миллиметрга қисқартирмоқда – бироқ бу таъсир Қирғизистон ёки Ўзбекистонда эмас, балки Бангладешда намоён бўлмоқда.

Шу муносабат билан “таърифи келтирилган таъсир онанинг эътиқод даражасига қанчалик боғлиқлиқ?” деган саволнинг туғилишига олиб келади. Юқорида айтиб ўтилганидек, Ислом аҳкомларига кўра, ҳомиладор аёллар рўза тутиш мажбуриятидан озод этилади. Бироқ кўплаб тадқиқотлар кўплаб бўлажак оналар муқаддас ойда қатъий равишда рўза тутишни ният қилишларини кўрсатди. Бу ерда муҳит, диндорликнинг умумий даражаси таъсири асосий ролни ўйнаётгани аён. Аҳолисининг 50 фоизидан кўпи мусулмонлар ташкил этган мамлакатларда Рамазоннинг болалар бўйига яққол таъсири очиқ ва ойдин. Мусулмон аҳолиси камчиликни ташкил этадиган мамлакатларда бунақа таъсирлар умуман кузатилмаяпти. Ушбу хулоса шунингдек 2012 йилда PEW Research маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари билан тасдиқланади. Мусулмон респондентлардан уларнинг Рамазонда рўза тутишлари тўғрисида сўралди. Маълум бўлишича, бу жавобга “ҳа” деб жавоб берганларнинг улуши 90 фоиздан юқори бўлган мамлакатларда рўза билан бўй ўсиши орасидаги боғлиқлик мусулмонларнинг 90 фоизидан камроғи рўза тутаётган мамлакатларга нисбатан яққолроқ намоён бўлмоқда.

Кейинга сурилган таъсир

Олимларнинг айтишича, Рамазоннинг бола соғлиғига зарарли таъсири аниқ эмас. Айнан шу ноаниқлик зарарни янада хавфлироқ қилмоқда. Агар янги туғилган боланинг вазни онанинг ҳомиладорликнинг сўнгги ойларидаги озуқаланишига боғлиқ бўлса, боланинг бўйи ўсиши, шунингдек, ҳаёт учун муҳим бўлган органларнинг шаклланиши дастлабки олти ойга боғлиқлиги маълум бўлиб, бунинг таъсирини туғруқхонада аниқлаш осон эмас.

Бироқ она ва болага нисбатан бошқа таъсирлардан фарқли ўлароқ “Рамазон таъсири”дан сақланиб қолишга имконият бор. Тадқиқотчилар таъкидлашича, “кўп ҳолларда олдиндан кутилмаган ва инсонлар хоҳиш-ихтиёридан қатъий назар содир бўладиган табиий ва техноген фалокатлардан фарқли равишда Рамазон таъсири индивидуал қарорлар билан боғлиқ. Шундай қилиб, Ислом ҳомиладор аёлларнинг рўза тутмаслигини ҳисобга олган ҳолда бу таъсирдан сақланиб қолиш мумкин”.

Шариат аввали-бошдан ҳомиладор аёлларнинг рўза тутишдан озод қилган бўлса, нега улар барибир рўза тутадилар? Чунки улар рўза уларнинг болаларига зарар етказишини билмайдилар, ўзларининг рўза тутмаслик ҳуқуқидан бехабарлар ёки бўлмаса, имконияти келганда рўзанинг қазосини тутишни истамайдилар.

Олимлар аёлларнинг Исломдаги ҳуқуқларини фаол равишда тушунтириб бериш ишларига нуфузли уламоларни жалб қилишни тавсия қилишмоқда. Тағин улар Рамазон ойида иш жойларида рўзадорларнинг назаридан пана бўлган жойларда ҳомиладор аёллар тўпланиб, овқатланадиган хоналар очиб беришни маслаҳат бермоқдалар.

Артем Космарский, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти

Аббос Асад таржимаси