loader
Foto

Толибон «хоинлар» ва «қуллар» хавфсизлигини кафолатлади

 «Уларга биз томонимиздан ҳеч қандай хавф таҳдид солмайди... Айни пайтда ҳеч ким мамлакатни тарк этишга мажбур эмас», - дейилади толибоннинг душанба куни эълон қилинган баёнотида.

«Ислом Амирлиги юқорида айтиб ўтилган барча одамларни ўтмишдаги ҳаракатлари учун тавба қилишга, келажакда исломга ва мамлакатга хоинлик билан тенг бўлган бундай ҳаракатларда иштирок этмасликлари лозимлиги ҳақида хабардор қилмоқчи».

Ушбу баёнот Жо Байден Вашингтоннинг ушбу мамлакат ишларига 20 йил давом этган ҳарбий аралашувини тўхтатиш якуний санаси этиб 11 сентябрни белгилаганидан сўнг, АҚШ ва НАТО кучлари қўшинларни олиб чиқишни давом эттираётган пайтда қилинди.

Минглаб афғонлар сўнгги 20 йил давомида таржимон, қўриқчи ва бошқа турдаги ёрдамчи сифатида халқаро кучлар билан биргаликда ишлаган эди.

Улар хорижий кучлар мамлакатни тарк этганидан сўнг толибон томонидан ўч олинишидан хавфсирамоқда. Кўпчилик чет элга чиқиш учун махсус виза олиш учун ҳужжат топшириб қўйган.

Бир неча мамлакатлар, шу жумладан, АҚШ, Германия ва Буюк Британияда маҳаллий ходимларни кўчириш дастурлари бор.

Элчихона маълумотларига кўра, махсус иммиграция визаси учун тахминан 18 минг афғонларнинг аризалари ҳозирда Кобулдаги АҚШ элчихонасида кўриб чиқилишини кутилмоқда.

Минглаб бошқалар аллақачон улар билан ишлаган мамлакатларда қўним топган.

Ўтган ҳафта Толибон Австралиянинг Кобулдаги миссияси ёпилганидан сўнг хорижий элчихоналарни ҳам тинчлантиришга уринди.

Гуруҳ бу миссиялар хорижий қўшинлар мамлакатни тарк этганидан кейин ҳам фаолият юритиши учун «хавфсиз муҳит»ни таъминлашини билдирди.

Американинг No One Left Behind ноҳукмат ташкилоти маълумотларига кўра, 2016 йилдан бошлаб АҚШ армиясида маҳаллий ходимлар сифатида ишлаганлар ёки уларнинг оила аъзоларидан 300 га яқин киши ўлдирилди.

Ўтмишда Толибон «босқинчилар»  билан ишлаётган афғонларни «хоин» ёки «қул» деб даъво қилган.

Гуруҳ бу афғонларни «ўтмишдаги ҳаракатлари учун тавба қилишга» чақирди ва келажакда бундай фаолият билан шуғулланмасликлари кераклигини айтди.

«Биз уларни бевосита душманларимиз сафида турганларида душманларимиз деб қарадик», - дейилади баёнотда.

«Аммо улар душман сафини тарк этиб, ўз ватанида оддий афғонлар бўлиб яшашга қарор қилгач, ҳеч қандай муаммога дуч келмайди».

Бироқ маҳаллий ходимлар Толибоннинг баёнотига ишонишга мойил эмас, айниқса, ижтимоий тармоқлардаги кўплаб Толибон тарафдорлари жазолашга чақириб, коллаборационистлар кечирилиши мумкин эмас, демокда.

Сўнгги йигирма йилликда толибларнинг мақсадли ҳужумларида ўнлаб афғон таржимонлари ҳалок бўлган ва яраланган.

Сўнгги ҳафталарда бу афғонларнинг кўпчилиги Кобулда намойишлар уюштириб, улар билан ишлаган хорижий кучлар ва элчихоналардан уларни Афғонистондан ташқарига кўчиришни талаб қилмоқда.

«Улар бизни кузатишяпти», - деди AFP агентлигига ўтган ҳафтада 2018 йилдан 2020 йилгача америкаликлар билан таржимон сифатида ишлаган Омид Махмуди.

«Толибон бизни кечирмайди. Улар бизни ўлдирадилар ва калламизни оладилар».

АҚШ элчихонасида тахминан 10 йил ишлаган яна бир таржимон Умар мамлакатни тарк этмаса, Толибоннинг жазосидан қочиб қутула олмаслигидан қўрқмоқда.

«АҚШ учун ишлаганимдан афсусдаман. Бу ҳаётимнинг энг катта хатоси эди, - деди AFPдан тўлиқ исмини бермасликни сўраган Умар, - Ўз амаким ва амакиваччам мени Американинг агенти деб аташади».

Таъкидлаш жоизки, бу одамлар тақдири АҚШ учун ҳам, Толибон учун ҳам жуда муҳим он бўлиши мумкин. Агар АҚШ афғон ёрдамчиларидан воз кечса, ёки Толибон қатағон қилишни бошласа, бу ўз навбатида АҚШ ёки Толибонга бўлган ишончга жиддий зарба бўлиши мумкин.