loader
Foto

Кимларга жаноза ўқилмайди?

Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган киши учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак. Мушрик ва кофирлар бунга лойиқ эмас.

Тўрт кишига: боғийга, йўлтўсарга, тарафкашларга ва шаҳарда очиқдан-очиқ қурол ила тажовуз қиладиганларга жаноза намози ўқиш фарз эмас.

Боғийлар.

Раҳбарнинг итоатидан чиққанлар унга қарши урушда ўлсалар, улар ювилмайди ва жаноза намози ўқилмайди.

Йўлтўсарлар.

Мусулмонларнинг йўлини тўсиб, куч ишлатиб молини тортиб олишни қасд қилганларга ҳам жаноза намози ўқилмайди.

Тарафкашлар.

Ўз қавми ва қабиласига тарафкашлик қилиб, кўплашиб бошқаларга зулм ўтказадиганларнинг жанозаси ўқилмайди.

Шаҳарда очиқдан-очиқ қурол ишлатиб тажовуз қиладиганлар ҳам йўлтўсарларга ўхшаб кетадилар. Уларнинг ҳам жанозаси ўқилмайди.

Ота-онасидан бирини ўлдирган шахснинг ҳам жанозаси ўқилмайди[1].

Ўлим жазоси билан ўлганларнинг жаноза намози ўқилади.

Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган ишдир. Ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Шунинг учун бу иш энг катта гуноҳлардан ҳисобланади.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одам олиб келинди. Бас, у зот унга жаноза ўқимадилар» Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган.

«Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ўзини-ўзи бўғган дўзахда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига-ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради», деганлар. Демак ўзини-ўзи ўлдирган одам дўзахга тушишида шубҳа йўқ.

Одамларга ўрнак бўлиши учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади.

Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳи)га кўра, ўзини ўлдирганнинг жанозаси ўқилмайди. Аммо Имом Аъзам билан Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳимо)га кўра, ўзини ўлдирган одам ювилади ҳам, намози ҳам ўқилади. Фатво бу икки имомга кўрадир. Энг тўғриси ҳам шу (Фатовойи Оламгирийя. 1/164).

Аҳли суннат жумҳурига кўра, катта гуноҳ қилганлар кофир бўлмайди. Катта гуноҳ бўлса-да, жонига қасд қилган киши диндан чиқмайди ва шунинг учун унга жаноза намози ўқилади[2]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза ўқимаганлар-у, аммо бошқаларга ўқишни амр қилганлар. Шунинг учун таниқли бўлмаган оддий одамлар ўқиб қўйса бўлаверади, дейдилар.

Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмад мазҳабларига биноан, ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Кифоя”. Тошкент, “Шарқ” нашриёт матба-акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2008, 3-жуз.

[2] Муҳаммад Шариф Жуман, Йўлдош Эшбек. «Аёлларга хос энг зарур фиқҳий масалалар». Тошкент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2013, 175-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза”  китобидан