loader
Foto

Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида ФАТВО

Қуръони каримда: “қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди” – дейиларди. (Исро сураси, 26-27- оятлар).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ман этилган.

Фурқон сурасининг 67-оятида хайр-эҳсонда ўртаҳол бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлиги таъкидланади: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалар) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликлардан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Шу жумладан: “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб ичинглар, садақа қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!” – дейилади. (Имом Аҳмад, Ан-Насаий, Ибн Можа ривоятлари).

Яна бир башқа ҳадиси шарифда: “Бойликда ҳам, ибодатда ҳам, фақирликда ҳам ўртаҳол бўлиш қандай яхшидир дейилган” (Абу Бакр Баззор ривояти).

Тежамкорлик тўғрисидаги ҳадиси шарифда эса: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди” – деб айтилган (Имом Аҳмад ривояти).

“Аҳли сунна вал жамоа” эътиқодимиз бўйича, инсон ўзининг намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, тиловати қуръон ва бошқа амалларининг савобини маййитларга бағишласа, албатта савоби етади. Шунга кўра марҳумларга савобини бағишлаш мақсадида ҳоҳлаган вақтда ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, фақир ва мискинларга эҳсон дастурхони ёзишлик жоиз. Савоби яна ҳам улуғ бўлишлиги ҳамда келган меҳмонлар руҳий ва маънавий озуқа олишлари учун бундай эҳсонларни енгил ва ихчам тарзда амри маъруф шаклида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло қуръони каримда: “Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида – агар садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёҳуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир. Кимда-ким  Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”. (Нисо сураси, 114-оят).

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, ўша зиёфатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйига, ободонлаштириш ишларига, ёшларга илм-маърифат тарқатиш уйларига сарф қилинса нур устига нур бўлур.

Ақиқа тўйи ҳақида Жаноб Пайғамбаримиз: “Ҳар бир гўдакнинг ақиқаси бордир. Унинг номидан еттинчи кунда жонлиқ сўйилади ва ўша куни сочи олиниб, исм қўйилади” – деганлар. (Имом Аҳмад, Ан-Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).

Ақиқа учун сўйилган жонлиқнинг гўшти уч қисмга бўлиниб: бир қисми хомлигича садақа қилинади, иккинчи қисми пишириб эҳсон қилинади, учинчи қисми эса оила аҳллари учун қолади.

Шариъатимизда жорий бўлган никоҳ ҳамда ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар доирасида, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, никоҳ тўйидан мақсад шаръий никоҳни эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонлиқ сўйиб бир қисмини муҳтожларга тарқатишдир. Бу икки мақсад озчилик доирасида ҳам ҳосил бўлаверади. Суннат ва мучал тўйларини ўтказиш буюрилмаган.

Исломда жорий этилган барча хайру – эҳсонлар бошқа амаллар каби, авваламбор, Аллоҳ розилигини топиш учун бўлмоғи лозим. Хўш, қандай қилинса Аллоҳ рози ва эҳсон Унинг ҳузурида мақбул бўлади? Бунинг бир неча шартлари бор.

Биринчи: Эҳсон учун сарф қилинаётган мол дунё ҳалол йўл билан топилган бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Банда ҳаромдан мол топиб, эҳсон қилгани билан молига барака кирмайди. Садақа қилса қабул қилинмайди”. (Имом Аҳмад ривояти).

Иккинчи: Холис Аллоҳ учун бўлмоғи шарт.  Одамлар кўрсин, мақтасин деб, риё мақсадида қилинган эҳсон қабул эмас. Нисо сурасининг 36, 38-оятларида мол дунёларини хайрли ишларга сарф этишга бахиллик қиладиган, эҳсон қилган тақдирда ҳам одамлар кўрсин, мақтасин деб қиладиган кишиларни Аллоҳ севмаслиги, балки улар кибрли ва мақтанчоқ киши эканлиги баён қилинган. Риёкорлик билан қилинган эҳсон эвазига ҳеч қандай савобга эришиб бўлмаслиги, аксинча оғир гуноҳга ботиш мумкин эканлиги Бақара сурасининг 264 – оятида очиқ айтилган.

Учинчи: Исрофга йўл қўймаслик. Исроф деганда фақат таомнинг ортиб қолиши ёки оёқ ости бўлишини тушунмаслик керак. Балки, ноўрин жойга қилинган эҳсон ҳам исрофдир.

Чунки исроф  бўлмаслиги учун авваламбор, эҳсон қилувчи киши кимларга эҳсон қилиниши лозимлигини билмоғи ва шундан сўнг ўша мустаҳиқ кишиларгагина бермоғи шарт. Акс ҳолда, ўз эгаларига берилмаган эҳсон мақбул бўлмайди.

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар томонидан эҳсон қилишда ушбу шартларга риоя қилмаслик ҳоллари содир бўлмоқда. Бунга асосий сабаб, ўша кишиларда манманлик, риёкорлик каби иллатларнинг мавжудлигидир.

Юқорида зикр этилган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда кейинги пайтларда диёримизнинг баъзи жойларида тўй, маросим ва маъракаларни менсимаслик ҳоллари авжига чиқаётганини эътиборга олган ҳолда, шунингдек 2003 йилнинг “Обод маҳалла йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Уламолар кенгаши ушбу фатвони қайта ишлаб, диёримиз мусулмонларига тақдим этмоқни лозим топди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Абдурашид қори Баҳромов

ФАТВО ТАЛАБЛАРИ

Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом хатиблари жума намози хутбаларида, никоҳ тўйлари, ақиқа маросимлари ва турли муносабатлар билан қилинадиган тадбирларда исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, риёкорлик каби иллатларнинг моддий ва маънавий зарарлари, шунингдек, тежамкорлик ва ўртаҳолликнинг фойдалари тўғрисида асосли далиллар ва ҳаётий мисоллар билан кенг ташвиқот ишларини олиб борсинлар.

Маросим ва тадбирларни миллий ва диний нуқтаи назардан мувофиқлаштирилган тарзда, намунали ўтказиш мақсадида имом хатиблар, маҳаллаларнинг оқсоқоллари ва фаоллари билан ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар. Бу ишларни амалга оширишда ҳар бир вилоят ва туманларнинг ўзига хос маҳаллий урф-одатлари инобатга олинсин.

Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин. Киши вафот бўлгандан сўнг таъзия 3 кун эканлиги тушунтирилсин.

Катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган худойи, маъракалар ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож оилаларга, меҳробонлик уйларига, ногиронлар ва қариялар уйига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам кўрсатишнинг афзаллик жуҳатлари ёритиб берилсин.

Айниқса Тошкентда расм бўлган наҳорги ошларнинг турли салбий хусусиятларини эътиборга олиб, никоҳ тўйи, ақиқа маросими ва амри маъруф билан ўтказиладиган маросимларни ихчамлаштириш ҳамда уларни эрталабки соат 7-8 га белгилаш ёки тушлик пайтига кўчириш чоралари маҳалла оқсоқоллари билан бамаслаҳат ишлаб чиқилсин. Кечқурун ўтказиладиган никоҳ тўйларидаги исрофгарчилик, пул сочиш каби шарқона маданиятимизга зид бўлган салбий ҳолатларни бартараф қилиш учун имом хатиблар маҳалла оқсоқоллари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб борсинлар.

Аёллар иштирокида турли тўй олди, тўй ва тўйдан кейин дабдаба билан ўтказиладиган тадбирларнинг зарарлари шу жумладан, чорлар маросими ўтказилмасин. Янги келин тушган хонадонда бўладиган ҳайит маросимларини ихчам тарзда, фақат қариндошлар билан бир кунгина ўтказиш масалалари жойлардаги маҳалла ва хотин-қизлар қўмитаси билан келишилган ҳолда ҳал қилинсин.

Рамазон ва қурбон ҳайити муборак байрам бўлганлиги учун барча оилалар бу кунларни шоду хуррамлик билан ўтказсинлар яъни, ҳайит кунлари хонадонларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб фотиҳага бориш, бу кунларни азага айлантириш мумкин эмаслиги тушунтириб борилсин.

Имом хатиблар ушбу фатво талабларини қандай бажараётганликлари тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мунтазам равишда ахборот бериб турсинлар. Шаръий маросимларни фақат жойлардаги расмий имом хатибларгина ўтказсинлар.

Диний идора фатволарини ҳаётга тадбиқ этишда совуққонлик қилган ва бу масъулиятли вазифага лоқайдлик билан қараган имом хатибларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши назарда тутилсин

Динимиз мусаффолиги, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларимизда Аллоҳ таоло тавфиқ ва иноятлар ато этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,муфтий Абдурашид қори Баҳромов 

“04” июл  2000 йил