loader
Foto

Ҳозир бошқача давр

Бир неча кун олдин “кутубхонам”ни кўриб ўтирар эканман, чорак аср олдин сотиб олган ва ўқиганим, Жорж Сорелнинг “Зўравонлик ҳақида мулоҳазалар” китобига кўзим тушди. Мен тасодифан унинг ҳошиясидаги ёзувларимга назар ташладим ва матннинг турли қисмларини кўздан кечирдим – кўпроқ Сорелнинг ғалати, аммо башоратли, “майда буржуазия”га нисбатан нафрат, такаббур миллатчилик ёки марксизм ҳақидаги (вазиятдан келиб чиқиб) интеллектуал коктейлини янгилаш учун.

"Мулоҳазалар ..." 1907 йилда пайдо бўлган ва кўпчилик таъкидлаганидек, муқобил миллатлараро ва синфлараро урушларга тўла келаётган Европа асрининг бироз даҳшатли реклама рисоласи бўлиб. Аммо 2019 йилда Сорелни такроран ўқиб чиқиш мени бошқача фикр юритишга ундади: улар нима дейишидан қатъи назар, деярли бир аср давомида мавжуд бўлган замонавий дунё у тасвирлаган дунёдан қанчалик фарқ қилади?

Сорел учта асосий ҳаракатлантирувчи кучни белгилайди: уюшган пролетариат ва у тузган касаба уюшмалари олиб борган синфий кураш; миллатчи элиталарнинг бир-бирини инкор этувчи мақсадларидан келиб чиққан миллий курашлар; ва зўравонликдан қонуний сиёсий восита сифатида фойдаланиш, бу кўпинча исталган, аммо тарихий жиҳатдан олдиндан белгилаб қўйилган ҳодисаларни ҳар бир ҳолатда мажбурлаш учун талаб қилинади. Бу матрица фашизмни (Муссолини ҳақиқатда тан олган) ёки совет коммунизмини осонгина ўз ичига олади, буни 1918 йилда Сорел томонидан Ленинга бағишлаб ёзилган қасида ҳам тасдиқлайди.

Айнан ҳозир, кўплаб замонавий "анти-популистик" танқидчилар фашизмни ва Венгриядан Швециягача бўлган барча турдаги популистик ҳаракатларни бутун вужуди билан берилиб таққослашга олиб келганда, Сорелнинг китобини диққат билан ўқиш дунёнинг қанчалик кўплиги кечаги кун бугунги дунёдан фарқ қилиши ҳақида аниқ тасаввур беради.

Сиёсий долзарбликнинг йўқотилиши

Келинг, Сорелнинг учта асосий мавзусининг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқайлик. Замонавий ривожланган жамиятларда синфий кураш деярли йўқолди. Марксистлар башорат қилганидек, одамлар ишлаб чиқариш тизимида турли ўринларни эгаллашда давом этадилар, аммо бу фарқлар аввалги сиёсий долзарблигини йўқотди.

Касбий уюшмалар ва умумий иш ташлаш (иккаласи ҳам Сорелга хос эди) узоқ давом этаётган инқирозни бошдан кечирмоқда. Касаба уюшмалари тарқоқ ишчиларни уюштиришда муаммоларга дуч келмоқда; уларнинг позициялари, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим каби жамоат соҳаларида кучли, аммо улар дастлаб ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун пайдо бўлган иқтисодиётнинг хусусий секторларида эмас. "Умумий иш ташлаш" эса сиёсий луғатдан деярли йўқолди.

Бу йил мен Барселонада бир муддат яшадим ва кўп кунлар давомида иш ташлашлар ва ҳатто битта умумий иш ташлашни (vaga general) кузатдим. Аммо тез орада улар фақат маросим ролини ўйнашини англадим: жуда кам одам келади, деярли ҳеч ким ҳеч қандай ноқулайлик сезмайди ва якуний таъсир нолга тенг. Иш ташлашларнинг моҳияти диний байрамларнинг моҳиятидан фарқ қилмайди: ҳақиқий ҳаётда мукофот олиш умидисиз одамларни маросимга жалб қилиш. (Бу формат, албатта, меҳнат ёки фуқаролик ҳаракатидан кўра динга кўпроқ мос келади.)

Фашизм ҳақида унинг моҳиятини чуқур тушунмасдан гапирадиганлар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган фашизмнинг мафкураси ва амалиётини ўрганишлари ва кейин бизнинг дунёмизнинг сиёсий кўп қирралилиги контекстида кўпроқ мос келадиган андозаларни топишга ҳаракат қилишлари керак.

Миллатчилик ҳақиқатан ҳам тирик. Аммо фашистик (ва сорелча) миллатчиликдан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқидаги замонавий миллатчилик икки нуфузли кучнинг ҳукмрон табақаларига қарши эмас, балки миллий давлатларнинг "зорланувчи" фуқароларини ўзларининг шаҳар элиталари ва муҳожирларига қарши қўяди. Бу нотўғри мафкура, лекин унинг таҳдид ва хавф даражаси 20-аср бошидагидан анча паст.

Ҳозирги миллатчиликнинг вазифаси немисларга қарши уруш олиб бораётган французларнинг ҳаракатларини оқлаш билан чекланмайди, балки полициянинг Франция чегараларини африкалик муҳожирлардан ҳимоя қилиш ҳаракатларини оқлашдан иборат. Бу уруш эмас, балки "қадриятлар" ҳимояси. Бу ҳужум эмас, ҳимоя. Бу Вильфредо Парето - Сорел билан бир хил даврда - айтганидек, "шерлар" эмас, балки "лузерлар" миллатчилигидир.

(Бу ҳеч бўлмаганда, фашист ўтмишдошларидан узоққа кетган турли Ғарбий Европа давлатларининг миллатчиликлари учун хосдир. Бироқ, бу учта ядровий супер-давлат ўртасидаги: АҚШ, Хитой ва Россия зиддиятни истисно қилмайди - уларнинг барчаси ҳозир у ёки бу даражадаги жангари миллатчилик тўлқинини бошдан кечирмоқда.)

Учинчи элемент - зўравонлик. Биринчи жаҳон уруши арафасида Европа зўравонлиги – айниқса, жаҳон урушлари оралиғидаги зўравонлик - ва замонавий Европа ўртасида умумийлик йўқ. Полиция томонидан номутаносиб равишда куч ишлатиш ва йўл-транспорт ҳодисалари натижасида жабрланган Франциянинг "Сариқ нимчалилар" ҳаракати аъзолари орасидан бир неча ўнлаб қурбонлар, шунингдек тасодифий қасос ҳаракатлари (терроризм) натижасида ҳалок бўлган бегуноҳ гувоҳлар бундан мустасно: Каталония мустақиллиги учун кураш, Грециядаги иқтисодий инқироз, Италия, Германия, Польша, Венгрия, Шимолий Европа мамлакатларидаги сиёсий қўзғолонлар ва ҳоказоларда сиёсий сабабларга кўра бирорта ҳам одам ҳалок бўлмади.

Европа сиёсий тизими фавқулодда мослашувчанлик ва чидамлиликни намоён этди. Зўравонлик қонуний сиёсий восита сифатида Европанинг илғор мамлакатлари учун ўз қийматини йўқотди. (Яна бу бошқа мамлакатлар ва минтақалар ҳақиқатига мос келмаслиги мумкин).

Чуқур ижтимоий ўзгаришлар

Демак, замонавий Европа сиёсати билан 20-аср бошидаги сиёсий жараёнлар ўртасида юзаки ўхшашликлар ўтказиш хато эканлигини кўрамиз. Бизнинг ҳозирги тенденциялар ҳақидаги ташвишимиз сиёсий макон қайта конфигурацияга учраганида дуч келадиган "номаълумлик"дан келиб чиқади, бу эса ўз навбатида чуқур ижтимоий ўзгаришлар: ишчилар синфи ва касаба уюшмаларининг таназзулга учраши, диннинг ижтимоий ҳаётдан псевдо йўқолиши, глобаллашувнинг кучайиши, шахсий ҳаётимизнинг товарга айланиши ва экологик онгнинг пайдо бўлишининг аксидир.

Менимча, француз инқилобидан келиб чиққан сўл ва ўнгнинг одатий бўлиниши аввалги аҳамиятини йўқотди. Янги минг йилликдаги бўлиниши, афтидан, очиқликдан фойда кўрадиганларни ва очиқлик четга суриб қўйганларга қарши қўяди: неолиберал шаҳар буржуазияси миллий турмуш тарзига интилаётган фуқароларга қарши чиқади. Аммо бу фашистлар, коммунистлар ва либераллар ўртасидаги зиддият билан бир хил эмас.

Бу ҳақиқатан ҳам янги сиёсий тенденциялар, шунинг учун эскирган ва кам қўлланиладиган атамалардан фойдаланиш - асосан сиёсий рақибларга фашистик тамға қўйиш учун - бор маъносини йўқотади. У бизнинг сиёсий ҳаётимизни етарлича тавсифлаб бера олмайди. Фашизм ҳақида унинг моҳиятини чуқур тушунмасдан гапирадиганлар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган фашизмнинг мафкураси ва амалиётини ўрганишлари ва кейин бизнинг дунёмизнинг сиёсий кўп қирралилиги контекстида кўпроқ мос келадиган андозаларни топишга ҳаракат қилишлари керак.

Бранко Миланович

Абу Муслим таржимаси