Россия билан нефт можароси фонида Қозоғистон президенти Тўқаев "Казмунайгаз" (Қозоғистон миллий нефт компанияси) олдига қисқа вақт ичида нефт етказиб беришни диверсификация қилиш ва Қозоғистон транзитини қайта йўналтириш вазифасини қўйди ва бу Россия йўналишларидан бошқаси бўлиши кераклигини аниқ кўрсатди.
Бу ҳақида у Россиянинг Қозоғистон нефти экспортини тўсиб қўйишга уринишлари фонида Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Тўқаевнинг Санкт-Петербург иқтисодий форумида Украинадаги уруш ва ЛДНРни тан олиш ҳақидаги нутқлари бир кун аввал Россия суди фаолиятини бир ойга тўхтатиб қўйган Каспий трубопровод консорциумида (КТК) янгради. Шундай қилиб, Россия йилига 67 млн тонна қувватга эга қувур келадиган, шундан сўнг Қозоғистон нефти танкерларга ортиб, экспортга жўнатиладиган Қозоғистон терминалини тўсиб қўйди.
Россиялик иқтисодий эксперт ва таҳлилчи Анатолий Несмиян ўзининг telegram-каналида Қозоғистон ва Россия ўртасида Кремл позицияси билан боғлиқ иқтисодий ва сиёсий тафовут мавжудлигини қайд этди.
"Тўқаев қисқа вақт ичида Қозоғистон транзитини Россиядан бошқа исталган йўналишга йўналтириш вазифасини қўймоқда. Путин билан "дўстлик" Қозоғистон бюджети учун жуда қимматга туша бошлаганини инобатга олсак, зарур маблағ ажратилишига шубҳа қилиш учун асос йўқ. Қолаверса, гап бу ерда Қозоғистон нефти ва гази кўп миқдорда жўнатиладиган Европанинг хавфсизлиги ҳақида бормоқда, яъни бу ерда Европа ёрдамига умид қилиш мумкин", - дея таъкидлайди эксперт.
Несмиян эртами-кечми Москвадан Қозоғистон суверенитетига таҳдидлар билан боғлиқ бўлган тажовузкор жавоб келишини башорат қилмоқда, чунки бу аввалроқ Россия расмийлари томонидан фаол равишда қўлланилган.
"Албатта, турли ток-шоулар Қозоғистон билан етти минг километрга яқин, қозоқлар ҳеч қачон ҳимоя қила олмайдиган чегара ҳақида куйлай бошлайдиган турли «фрик»ларни фаоллаштиради. Лекин бу икки томонлама ўйин: Россия ҳам бу етти минг километрни ҳимоя қила олмайди, гарчи, албатта, йўқотадиган ҳеч нарса йўқ ва Кремлдан бирон бир ноадекват ҳаракатни кутиш мумкин. Омбор ёнишни бошладими – демак, кулба ҳам ёнади, бу ерда мулоҳазаларга вақт йўқ», - деди у.