loader
Foto

Сохта табиблар, фолбинлар, дуохон ва азайимхонларнинг беморларни даволашлари шаръан нодуруст эканлиги ҳақида

Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қилурларки:  “Эй Аллоҳнинг бандалари, хасталиклардан даволанингизлар! Чунки Аллоҳи Таоло кексайишликдан бошқа барча касалликларга муносиб даволар ҳам яратгандир”.

  Яна бир ҳадиси шарифларида жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) хабар берурлар:  “Ҳар бир касалликнинг ўзига яраша давоси ҳам бордур. Агар шу даво тўғри истеъмол қилинса, Алоҳ Таолонинг изни билан бемор албатта шифо топгай”.

Демак, юқоридаги ҳадиси шарифлар мазмунича, ҳар бир дарднинг давоси мавжуд экан. Лекин бу даволарни яхши ўрганиб, ўз ўрнида оқилона ишлата билиш шарт бўлади. Шунинг учун ҳам қадимдан ҳукамолар тиб илмига жуда катта эътибор ва аҳамият бериб келганлар.Юнон файласуфлари, Европа олимлари, араб уламо ва ҳукамолари билан бир қаторда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диёрларидан ҳам табобат илми билан шуғулланган, башарият саломатлиги йўлида катта хизматлар кўрсатиб, шу соҳада қимматбаҳо асарлар қолдирган буюк уламо ва ҳукамолар чиққанлар. Жумладан, Абу Али ибн Сино, Абу Наср ал-Фаробий, Абу Райҳон ал-Беруний, Муҳаммад Шоҳ Хўжа Тошкандий ибн Шайх Хованд Тоҳурий, Муҳаммад Амин ал-Ходим ал-Хоразмий, Абул Ғозийхон ал-Хоразмий,  Жунайдуллоҳ ибн Шайхул Ислом ва бошқа кўплаб қаламкаш ҳакиму табибларнинг қимматбаҳо асарлари тиб соҳасида асрлар бўйи оламшумул аҳамиятга молик бўлиб келмоқда.

Жаноби Пайғамбаримиздан (с.а.в.) саҳобалар сўрабдиларки: “Ё Расулуллоҳ беморларга бериладиган дорилар таъсирида тақдир ҳам ўзгарадими?”. Он ҳазрат жавоб бериб: “Балки ўша дориларнинг шифо бўлиши ҳам тақдири азалда ёзилган бўлади”, деган эканлар. (Ибни Можа ривояти).

Беморларни даволовчи мутахассис табибларнинг диндор шахслардан бўлишлиги шариати Исломия таълимоти бўйича шарт этилмаган. Бунга далил сифатида ушбу ривоятни келтириш мумкин :

Машҳур саҳобалардан Саъд ибн Аби Ваққос касал бўлиб қолганларида, ул кишини жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳорис ибн Килда деган бир мушрик табиб ҳузирига даволаниш учун юборганликлари ҳадис китобларда нақл қилинади.

 Ўтган асрлар мобайнида тиббиёт фани кўпдан-кўп янги кашфиётлар туфайли бойиди ва ривож топди. Айниқса бизнинг замонимизда бу кашфиёт ва илму фан ютуқлари асосида даволаниш ишлари жуда яхши йўлга қўйилган. Мамлакатимизда тиф, тоун (ўлат) ришта, чечак, вабо, безгак каби узоқ даврлардан бери аҳоли ўртасида кенг тарқалган оғир касалликлар бартараф қилинди. Бу ҳам бўлса инсониятнинг бахту-саодати ва Аллоҳи Таолонинг ўз бандаларига бўлган меҳрибончилигининг нишоналаридан биридур. Лекин афсуски, тиб фани муваффақиятли равишда, тараққиёт чўққиларига эришиб келаётган ушбу замонимизда тиббиёт ўқув юртларида ўқиб, махсус мутахассисликларга эришган врачларга эмас, балки чаласавод, сохта табиблар, фолбин, дуохон, азайимхон, бахши, афсунгар каби хурофатчиларга мурожаат қилувчи ёки ҳар хил муқаддас деб аталган қадамжоларни зиёрат қилиб, улардан шифо умид қилувчилар аҳоли ўрталарида ҳамон учраб туради. Тушунмовчилик туфайли, бундай сохта табибларга қатнашни ёки “туркиёна” даволанишни Ислом дини ақидаларидан деб билувчилар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, шариъат талимоти бўйича, бу каби ихтисоссиз, сохта “даволовчилар” шаънига бир қатор қаттиқ ваидлар мавжуддир.    

Муҳаддислардан Ибн Можа ривоятлари ила ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ марҳамат қилурларки:  “Кимки тиб илмидан бехабар, тажрибасиз бўлатуриб, табиблик даъвоси ила, бирор беморни даволашга киришса ва беморнинг муолажаси сабабли ўлса ёки бирор зарар топса, ундай “табиб” Алоҳи Таоло олдида зомин ва гуноҳкор ҳисобланур”.

Демак, аҳоли ўрталарида ғайри расмий равишда иш кўраётган афсунгарлар, фолбину-ромчилар, дуохону-азайимхонлар содда кишиларни лақиллатиб, ўз манфаатлари йўлида, осонликча бойлик орттириш мақсадида улардан фойдаланиб келишлари шариати исломия аҳкомларига мутлақо хилоф эканлиги ва бу ишлари билан гуноҳкори азим бўлишлари маълум бўлади. Уларга ихлос ва эътиқод қилиб бирор хасталикдан шифо топмоқ мақсадида мурожаат этишлик эса, залолат, гумроҳлик ва Қуръону – Суннат таълимотларига тескари иш қилишлик демакдур.

Кейинги пайтларда шаҳар ва қишлоқ жойларда мусулмон аҳолиси ўрталарида касалликларнинг барча турларини ҳам “даволайверишни” даъво қилувчи сохта табиб ва парихону – дуохонларнинг сони кўпайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Уларнинг кўпчилиги аёл кишилардан иборат эканлиги айниқса таажжублидир. Ушбу сохта даволовчиларнинг ўзаро сўз бириктиришиб олган махсус кишилари бўлиб, бу кишилар халққа уларни мақтаб қўллари енгиллиги, кўплаб беморлар улардан шифо топаётганлиги, ҳатто профессорлар, катта докторлар ҳам тузата олмаган касалликларни улар “тузатиб юборганликлари “ тўғрисида шов –шув гаплар тарқатиб таърифу тавсифларини авжига чиқарадилар. Гўё бу “шифокор”лар дастлаб ўзлари оғир касал бўлишган, қандайдир деву – парилардан муаккаллар келиб, уларни “даволаган” сўнгра бошқаларни “даволаш” вазифасини булар зиммасига топшириб кетган эмишлар. Касалларга улар нималарнидир ўқиб, мазорларга атаб қўй – эчки ёки товуқларни сўйишга буюрадилар. Беморлар эса, шифо топиш умиди билан уларга қатнаб, қўлларидан келган хайру – эҳсон, ва назру – ниёзларини улардан аямасдан сарф қиладилар.

Аҳолига ҳам моддий ҳам маънавий зарар етказиб келаётган бундай сохта даволовчиларнинг кирди – корлари фош қилиниб, уларнинг уларнинг илмий асоссиз муолажалари туфайли касалликлари оғирлашган ёки оламдан кўз юмган беморлар тўғрисида маҳаллий матбуотларда кўп мақолалар ҳам босилган.

Мазкур сохта табибларга ишониб, касалликни ўз вақтида мутахассис врачларга кўрсатмасдан, оғир аҳволларга тушиб қолаётган ёки баъзида сохта дорилар қурбони бўлаётганлар бор ким, улардан ибрат олиб, кўзни каттароқ очмоқ ва сохта даволовчиларнинг хийлаю – найрангларидан доимо эҳтиёт бўлиб юрмоқлик ҳар бир ақлу – идрок соҳибининг муҳим вазифасидир.

Маълумки, мазкур сохта табиблар шахсий манфаатлари йўлида билиб – билмасдан ҳар қандай касалликни “даволаш”га журъат этаверар эканлар, улар инсон тақдири ҳақида, ўзларининг бундай “табобатлари” қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Уларга қатновчи “ихлосманд”ларнинг кўпчилигини художўй кишилар ташкил этади. Художўй кишиларда эса, шундай оғир одат ҳукмронки, мабода касалнинг аҳволи салгина яхшиланса, табибга бўлган ихлос – эътиқодлари янада кучая боради. Дарҳол ўша табибнинг “қўли енгил”лиги ҳақида миш-мишлар тарқатадилар. Бордию беморнинг аҳволи оғирлашса, ҳатто оламдан кўз юмса ҳамки, ҳеч ким бояги сохта табибни айбламайди, балки ушбу фожеани бахтсиз ҳодиса ёки қазои – қадарга йўйиб қўя қоладилар. Ваҳоланки, бу каби ўлимларга сабаб бўлиш – шариати исломиямиз таълимоти бўйича ноҳақ қон тўкишдек гуноҳи кабиранинг ҳукман худди ўзгинасидир.

Расулуллоҳ с.а.в. ўзларининг бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилурларки:  “Кимки фолчига бориб, ундан бирор нарсани аниқлаш учун савол сўраса, ундай кишининг тавбаси қирқ кеча-кундуз ўтгунча қабул қилинмайди. Бордию фолчининг берган хабарларини тасдиқ қилса, диндан чиқиб куфрга дохил бўлур”.

 Бинобарин, бирор илмий асосга суянмаган ҳолда, кишининг келажаги тўғрисида хабар бериб, бахтсиз бўлишлигини айтиб берувчилар, йўқолган нарсаларни ким олганлиги ёки қаердалигидан дарак берувчи фолчи –ромчиларнинг ўзлари ҳам ва уларга ишонувчилар ҳам гуноҳкор азим бўлурлар.

Ўзлари диний аҳкомлар ва фарзу – суннатларга амал қилмаганлари ҳолда, фолчи – ромчилар диний таълимотлардан кенг фойдаланиб келадилар. Муҳаммад с.а.в., Ҳазрат Али, Фотимаи Заҳро, Саҳобаи киром, Баҳовуддин Нақшбандий ва бошқа азиз – авлиёларнинг номларини фол кўриш жараёнида кўп тилга оладилар. Фол очираётганлар эса бу каби диний ибораларни эшитгач, уларга бўлган ишончлари янада ортиб боради.

Кўп фолчи – ромчилар ўзларини қаратган кишиларга “Сизга кимдир макр – жоду қилиб ҳовлингизга ёки уйингизга бир нарса ташлаб кетибди. Ўша нарсани топиб, тезда олиб ташлаш керак”, - деб айтадилар. Уй эгаси шу нарсани топаолмагач, фолчининг ўзи бориб қидиришга тушади. У аслида макру – жоду деб ҳисобланувчи бир парча латтада тирноқ, темир – терсак, совун, соч, ва бошқа майда – чуйда нарсалардан иборат бир тугунчани ўзи билан бирга олиб бориб, у ер – бу ерларни қидирган бўлади ва ногоҳ обрездан ёки ахлат, тупроқ, кулларнинг ичидан топган бўлиб, уй эгасига кўрсатади. Жодудан “халос” топган бемор хурсандлигидан унга ишонч ҳосил қилиб, дину – иймонидан ажралиб қолганини ўзи ҳам билмай қолади. Бунинг устига бу воқеани муболағаси билан бошқа ўзининг қабилидаги содда кишиларга тарқатиб, уларнинг ҳам фолбинларга бўлган ихлосларини оширади.                     

Шуниси ажабланарли бир ҳолки, ҳозирги циркларда ҳар қандай ўқимишли одамнинг ҳам ақлини ҳайратда қолдирадигин фокусларни кўраётган тамошабинлардан ҳеч бири, ҳатто ёш болалар ҳам уни ҳақиқат эмаслиги, балки фокусчининг санъати деб билаётган бўлсалару, баъзи содда кишилар қаёқдаги саводсиз фолчи ромчиларнинг, афсунгар, жодугарларнинг ҳийлаю – найрангларига лаққа тушиб юрсалар!

Шуни ҳам қайд этмоқ лозимки, қадимдан баъзи мутаассиб, чаласавод дин пешволари: “Табобат дини исломга зид нарса. Ҳар қандай дард ёки мусибатни тақдирдан кўриш лозим. Даволаниш эса шариати исломияга хилоф ишдир”, - деб, тиб фани билан шуғулланувчибуюк уламо ва ҳукамоларни тазйиқ ва қийноқларга дучор бўлишларига сабаб бўлганлар. Ваҳоланки, дини исломнинг асосий манбаълари саналмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда тибга доир жуда кўп фойдали маълумотлар бор.

Уламои киром ва ҳукамои изомлар Қуръони Каримдаги:: “Енглар, ичинглар. Лекин исроф қилманглар!”, - деган ояти каримани тиб тўғрисидаги жуда қисқа – мужаз, лекин соғлиқни сақлашнинг энг асосий қонуни деб топганлар. Чунки таомни парҳезсиз, танлаб – танламай, вақту – бевақт, меъёрсиз еявериш, сув ва бошқа суюқ ичимликларни беўлчов ичавериш турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб эканлигини барча ҳукамо ва атибболар мудом қайд қилиб келадилар. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ушбу ҳадиси шарифларида ҳам худди шу мазмун мавжуддир: “Ошқазон – суистеъмол натижасида касалликлар пайдо бўладиган манбаъдир. Таомни парҳез ва меъёри билан емоқлик барча даволарнинг асосидир. Баданингга ёт ва номувофиқ ғизо бермагил!”.

Саййидул олам Расули акрам (с.а.в.)нинг тиб тўғрисида айтган ҳадиси шарифлари жуда кўпдир. Имоми Бухорий, Имоми Муслим, Имом Доримий, Имом Ибн Можа, Имом Насаий, Имом Абу Довуд каби илми ҳадис билан шуғулланиб Расулуллоҳнинг муборак сўзларини катта – катта тўпламлар шаклида келажак авлодларга тақдим этиб кетган улуғ муҳаддислар тибга доир ҳадисларга алоҳида аҳамият бериб, ўзларининг китобларидан махсус боблар ажратганлар. Ислом уламоларидан қайси бирлари тиб тўғрисида китоб ёзган бўлсалар, албатта Қуръону – ҳадис таълимотларида келган тиббиёт ҳақидаги маълумотлардан кенгш фойдаланганлар.

Исломнинг аввалги асрларида улуғ олимлар тиб илми ҳосил этмоқликни “фарзи кифоя” деб санаганлар. Ҳатто баъзи мужтаҳид уламолар мутахассис табиблари йўқ шаҳар ва қишлоқларда истиқомат қилишни ҳам мамнуъ ҳисоблаганлар.

Бизнинг диёримиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда, алҳамду лиллаҳ, даволаниш муассасалари, шифохоналар етарли даражада мавжуд. Улар тибнинг барча тармоқлари бўйича етук мутахассислар ила таъмин этилган. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда уларни ҳукумат тамонидан махсус низомлар билан назорат қилиб турилади.

Демак, фақатгина ҳарким хасталигини кечирмай, ўз вақтида шифокорларга мурожаат этиб, даволанишга ўтса, кифоядур. Лекин халқимиз ичида шундай кишилар ҳам борки, шифокорлар буюрган дори – дармонларни писанд қилмайдилар, ёки уларни истеъмол қилсалар – да, мунтазам, тавсия этилган миқдор ва тартибда эмас. Бир – икки марта берилган дорилардан ичиб, қолганини истеъмол этмай қўйиб, “дориси кор қилмади” деб, шикоятланиб юрадилар. Ваҳоланки, дору – дармонларни қай вақтларда, қандай ва қанчадан истеъмол қилиш тавсия қилинган бўлса, албатта албатта шундай истеъмол қилиш зарур.

“Саҳиҳи Бухорий” китобидаги ушбу ҳадиси шариф мазмуни ҳам юқоридаги гапимизнинг далили бўла олади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб, биродарининг қорни қаттиқ оғриётгани ҳақида айтиб, дори сўради. Расулуллоҳ : “Асал ичиргин !”, деб буюрдилар. У одам бироздан кейин яна қайтиб келиб, оғриқ тўхтамаётганини айтди. Расулуллоҳ яна асалга буюрдилар. У одам дам ўтмай, шошилиб яна келаверди. Тўртинчи марта келганда, Расулуллоҳ айтдиларки: “Аллоҳ таоло Қуръони Каримда асал тўғриисда *** деб, уни инсонга шифо эканлигидан хабар берган. Аллоҳнинг сўзи ҳақ эканлигида шубҳа йўқ! Биродарингнинг қорни албатта тузалиши керак. Бор, яна асал ичиргил!”, - марҳамат қилдилар. Шундай қилиб, яна бир бор асални ичирганда, биродарининг қорни оғриқдан тўхтаб шифо топди”.

Бу ҳадиси шарифдан хулоса – беморга бериладиган дори – дармонларни то касал тузалиб кетгунга қадар истеъмол қилиб бориши, шифокор тавсия қилган бемор мунтазам равишда, ихлосу – эътиқод билан, Аллоҳ Таолодан шифо талаб қилган ҳолда истеъмол этишлигининг зарур эканлиги маълум бўлади.

Инсонлар учун Аллоҳи Таолонинг энг улуғ неъматларидан саналмиш сиҳҳат – саломатликни сақлаб, уни ҳифзу – ҳимоятида бўлиб боришлик ҳар бир кишига вожибдир. Соғликни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслик эса, куфрони неъмат ва ўзини ҳалокатга дучор этиш ҳисобланиб, Аллоҳнинг наздида катта гуноҳ саналур. Чунки барча солиҳ ишларни амалга оширмоқ ва икки дунё соадати йўлида ҳаракат қилмоқлик учун биринчи ўринда инсонга соғлик керак бўлади.

Хулоса шулким, модомики замони саодатимизда барча фанлар қатори тиббиёт фани ҳам янгидан – янги кашфиётлар билан бойиган, шифокорларимиз турли хил оғир касалликларни даволаш ва олдини олишнинг энг замонавий воситалари билан қуролланган, Расули акрам ҳам ўз ҳадиси шарифларида Аллоҳи Таоло барча касалликларнинг давосини ҳам яратиб қўйганлигидан башорат берган эканлар, демак, айрим содда ва нодон кишиларни ўз домларига илинтираётган ва беморларни ҳам жисмоний зарарлантириб келаётган сохта табиблар, фолчи – ромчи, дуохону – азаимхонларнинг ҳийла ва найрангларига барҳам бермоқлик йўлида барча имкониятларимиздан фойдаланиб, жиддий тадбирлар кўрмоқлик энг муҳим ва зарур вазифаларимиздан эканлиги маълум бўлди.

Имом – хатибларимизнинг вазифалари эса, ўз жамоат – қавмлари орасида тиббиёт соҳаси бўйича аҳоли онгида ҳукм суриб келаётган баъзи хурофий тушунчаларга қарши ушбу фотвода баён этилган Қуръону – ҳадис таълимотлари ва қўшимча илмий, истидлолий усуллар асосида жиддий кураш олиб боришдан иборатдир.

1984 йил, март. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси :

Муфтий Шамсуддинхон ибн Зиёвуддинхон ибн Эшонбобохон.