Бошқа дин вакилларини уларнинг диний байрамлари билан табриклашга асосан моноконфесионал (битта динга эътиқод қилувчи), амалда бошқа динга эътиқод қилувчи фуқаролари бўлмаган мамлакатларнинг мусулмон олимлари қарши бўлиб чиқишади. Асосий далил сифатида улар ўрта асрларнинг машҳур олимлари – шайх Ибн Таймия ва шайх Ибн Қоййумнинг фикрларини келтиришади.
Шундай қилиб, обрўли сайдиялик олим Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн ғайридинларни Рождество (христианларда Исо Масихнинг туғилган куни) ва бошқа диний байрамлар билан қутлаш мумкин эмас (ҳаром) деб таъкидлади. Ўз сўзининг исботи сифатида у: “Ислом таълимотидан чекиниш (куфр) рамзи бўлиб хизмат қиладиган, мисол учун “муборак бўлсин” жумласини қўллаб қутлаш, тақиқлангандир (ҳаромдир)” деб ёзган ўрта асрлар олими Ибн Қоййумнинг сўзларини далил қилиб кўрсатади (ботил нарсага барака тилаш мумкин эмас дейди). Ибн Қоййумнинг сўзларига кўра, ақидавий мазмундан ҳоли бўлган оддий қутловларга таъқиқ қўйилмаган. Лекин Усаймийн умумлаштирган ҳолда, ғайридинга айтиладиган ҳар қандай қутловларни таъқиқлайди. Сўнгра араб олими далил қилиб Ибн Таймиянинг ғайридинларга диний тақлид қилиш ва уларнинг байрамларида амалга оширадиган маросимларидан мамнунлик пайдо бўлиши таъқиқланганлиги ҳақидаги фикрини келтиради. Лекин мусулмон олимлари ўртасида фикрларнинг принципиал ажралиши йўқ эканлиги энди бошқа масала. Бундан ташқари, ҳар бир фатвонинг тарихий ифодасини аҳамиятсиз қолдириб бўлмайди. Мисол учун, Ибн Таймия Боғдод халифалигини яксон қилган ва мусулмон оламига ширк анъаналарини тарқатишга уринган мўғуллар истилоси даврида яшаган. Шунинг учун унинг қарашлари умматга бегона таъсирга қаршилик ва сафарбарлик унсурларини ўз ичига олган эди. Бугунги кунда катта демографик ўзгаришлар таъсирида умматнинг кўп қисми бошқа дин ва маданият вакиллари билан, тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлган ҳолда ёнма – ён истиқомат қилмоқда. Бу шароитда, айниқса мобилизацион (сафарбарлик) ва изоляцион (ажратилган) тусдаги қоидалар ўрнига, умумий ва интеграциялашишга асосланган меъёрлар келади.
Халқаро мусулмон олимлари уюшмаси раиси шайх Юсуф Қаразовий, мисол учун, китобий (христиан ва яхудийлар) инсонларни уларнинг байрамлари билан табриклашни яхши фазилат деб санайди. Далил сифатида у Қуръондан оят келтиради: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир” (Мумтаҳина сураси, 8-9).
Олимнинг таъкидлашича, Қуръони Каримнинг мазкур отида мусулмон бўлмаганларга («диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга», яъни мусулмонларга душманлик қилмайдиганларга) нафақат виждонан ва адолатли муносабатда, балки уларга яхшилик қилувчи ва мурувват кўрсатувчи бўлиш лозимлиги акс эттирилган. “Яхшилик қилувчи” (бирр) сўзи араб тилида кенг маънони англатади. Мусулмон одатларига кўра яхшилик қилиш бевосита тўғридан – тўғри ота – онага бўлган муносабат билан боғлиқдир (яъни бу мусулмонларнинг улар олдидаги бурчи саналади).
Бундан ташқари, Қаразовийнинг айтишича, ислом Китобийларнинг таомини, улар томонидан отилган ҳайвонларни ейишга, шунингдек биргаликда ўзаро муҳаббат ва келишувга кўра ҳаёт кечиришлари учун улардан бўлган аёллар билан никоҳ тузишга рухсат беради: “Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир” (Моида сураси, 5)
“Мусулмоннинг христиан қўшниси ёки аёлини эътибор ва ҳурмат белгиси сифатида уларнинг байрами билан табриклашнинг қандай уятли тарафи бор. Мусулмонлар росулулоҳ Мухаммад соллоллоху алайҳи васалламнинг ғайридинларга нисбатан уларнинг кейинги дунёқарашига таъсир қилган, яхши қўшни бўлишда ўрнак бўлганликларини эсда тутган ҳолда, унинг суннатига эргашишлари лозим”, - деб таъкидлайди шайх.
Абу Муслим