loader
Foto

«Қиролнинг янги кўйлаги» эртаги ва унинг таҳлили

Ханс Кристиан Андерсеннинг «Қиролнинг янги кўйлаги» – катталар учун ҳам фойдали ҳамда ибратли бўлган эртакларга ёрқин бир мисолдир. Ахир бу эртакда ҳеч қандай сеҳргарлик, ҳеч қандай ғаройиб маҳлуқотлар, парилар, ажойиб қиёфа ўзгартиришлар йўқ. Асосий қаҳрамонлар сифатида эртакда ўз манфаатларида калтафаҳм қирол ва унинг аъёнлари салбий хислатларидан фойдаланадиган алдоқчи-тикувчилар  намоён бўлади. Қирол саройига бу фирибгарлар гўёки қиролга либос тикадиган матонинг сеҳрли хусусиятлари ҳақида гап-сўз тарқатиб, сохта тикувчилар  қилмаган меҳнати эвазига ўзлари учун пул олиш имкониятини таъминлайди. Бироқ, эртакнинг туб мазмуни қиролнинг умуман мавжуд бўлмаган либос учун пулларини ҳавога совурганида эмас. Асло йўқ! Эртакнинг асосий моҳияти такаббурлик ва манманлик одамларга қанчалик зарар келтиришидадир. Ахир айнан такаббурлик ва манманлик туфайли қироллик аҳли қиролда ҳеч қандай янги кўйлак кўрмаётганини тан олишга жазм қила олмайди. (Фирибгарликни кўриб турсада, уни айта олмаслик, ҳаттоки фирибни қўллаб-қувватлаши бўлади) Ахир айёр тикувчилар қиролнинг янги кўйлаги тикилган мато аҳмоқ ва тентаклар, ўз мажбуриятини ёмон бажарадиган кишилар учун кўринмайди деб эълон қилганди. Бутун қироллик аҳли атрофдагиларга ва ўзига на ақлига ишончи комил эмаслигини, на мажбуриятларини сидқидилдан бажармаслигини тан олишни истамаган ҳолда жим турарди. Шундай оломон ичидаги бир бегуноҳ болакай «Қирол ялағоч-ку!» дея ҳақиқатни баралла айтади.

«Қиролнинг янги кўйлаги» эртагининг матни

Кўп йиллар олдин янги кийим-кечак ва либосларни жону-дилидан яхши кўрадиган ва барча пулларини уларга сарфлаган бир қирол шоҳ яшаган. У фақат ясан-тусан бўлиб янги кийимларини мақтаниш учунгина у аскарларининг олдига, театрга борарди ёки ўрмонда сайр қилиш учун чиқарди. Унинг ҳар бир соат учун киядиган камзули бор эди, одатда қироллар ҳақида «Кенгашдаги қирол» деб гапирилган бўлса, у ҳақида «Кийимхонадаги қирол» деб гапиришарди.

Қирол яшаган шаҳар катта ва гавжум эди, кунора бу ерга ўзга юртлардан меҳмонлар келарди, шу тариқа кунларнинг бирида шаҳарга иккита қаллоб келиб қолибди. Улар тўқувчи бўлиб, ундай яхши матони тасаввурга ҳам келтириб бўлмайдиган ажойиб мато тўқий олишларини маълум қилдилар. Ранги ҳам жуда яхши, безаклари ҳам чиройли, боз устига, ундан тикилган кўйлак бировнинг ўрнида ўтирган ёки ғирт аҳмоқ одам учун кўринмас бўлиб қолиш хусусиятига эга.

"Қандай ажойиб кўйлак бўлар эди! – ўйлади қирол. – Кўйлакни кийишинг билан ким қиролликда ўзининг ўрнида ўтирмаган эканлигини кўриш мумкин бўлади. Яна ақлли одамларни аҳмоқлардан ажрата олган бўлардим! Ҳа, менга тезда шу матодан тўқиб беришсин!"

Шундай қилиб у алдоқчиларга дарҳол ишга киришишлари учун кўп пул беради.

Алдоқчилар иккита тўқимачилик ускунасини келтириб қўйдилар ва ўзларини гўёки ишлаётгандай бўлиб кўрсата бошладилар, аслида эса бу ускуналарда умуман ҳеч нарса йўқ эди. Улар тортинмасдан энг ингичка ипак ва энг тоза олтин талаб қилдилар, ҳамма нарсани чўнтакка уриб, кеч тунгача бўш дастгоҳларда ишлашни давом эттирдилар.

"Иш қандай кетаётганини бир кўриб қўйсам яхши бўларди!" – деб ўйлади қирол, лекин ўз ўрнида ўтирмаган ёки ғирт аҳмоқ одам матони кўра олмаслиги ёдига тушгач, кўнгли қандайдир ғаш бўлиб қолди. Гарчи ўзи учун ҳеч нарсадан қўрқмаслиги мумкинлигига ишонсада, барибир яна бирон кимсани текшириб кўриш учун жўнатиш маъқул деб ҳисоблади.

Ахир бутун шаҳар бу матонинг қандай ажойиб хусусиятга эга эканлигини яхши биларди ва ҳар бир киши унинг қўшниси қанчалик аҳмоқ ёки ҳеч нарсага ярамаслигига ишонч ҳосил қилишга сабри чидамасди.

"Тўқувчиларнинг олдига ҳалол қария вазирни жўнатаман! – қарор қилди. – Ким-ким, лекин у матони кўриши лозим, ахир у ақлли ва ўз ўрнига энг муносиб одам!"

Мана энди азамат қария вазир икки нафар алдоқчи бўш дастгоҳларда «ишлаётган» залга кириб келди.

"Эй, худойим! Ўзинг шафқат қил, – деб ўйлади вазир ва бирдан ҳайрон бўлиб кўзлари бақрайиб қолди. – Ахир мен ҳеч нарса кўрмаяпман!"

Лекин овоз чиқариб ҳеч нарса демади.

Алдоқчилар эса ундан яқинроқ келишни сўрайдилар, бўёқлар ранги, безаклар чиройли эканлиги ҳақида савол берадилар ва бўм-бўш дастгоҳларни кўрсатадилар, бечора вазир эса кўзини қанчалик бақрайтириб қарамасин, бариби ҳеч нарсани кўрмайди, чунки кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ эди-да.

"Эй, худойим! – ўйлади у. – Наҳотки мен аҳмоқ бўлсам? Ҳеч қачон хаёлимга ҳам келтирмаган эканман! Ишқилиб ҳеч ким билиб қолмасинда! Наҳотки мен эгаллаб турган ўрнимга лойиқ бўлмасам? Йўқ, мато кўзимга кўринмаётганини асло тан олишим мумкин эмас!"

-Нимага ҳеч нарса демаяпсиз? – савол берди тўқувчилардан бири.

-Оҳ, бу нақадар гўзал! Жуда ажойиб! – деди қария вазир, кўзойнаклари орқали қарар экан. – қандай чиройли безаклар, қандай ёрқин ранглар! Ҳа, ҳа, мен қиролга мато жуда ёққанлигини албатта хабар қиламан!

-Хўш, биз жуда хурсандмиз! – дейишди алдоқчилар ва бўёқлар рангини айтиб, ноёб безакларни тушунтира бошладилар. Қария вазир жимгина тинглаб, ҳамма нарсани қиролга миридан-сиригача етказиш учун эслаб қолишга уринарди.

У шундай қилди ҳам.

Алдоқчилар яна пул, тилла ва ипак сўраб, буларнинг ҳаммаси мато учун кераклигини айтдилар. Лекин улар яна ҳамма нарсан чўнтакка урдилар, матога биронта ип сарфланмади, уларнинг ўзи эса, аввалгидек, бўш дастгоҳларда «ишлаш»да давом этдилар.

Кўп ўтмасдан қирол бошқа бир амалдорни ишлар қандай давом этаётганини текшириш, мато қачон пайдо бўлишини билиб келиш учун жўнатади. Бу амалдор ҳам худди вазир билан бир хил вазиятга тушиб қолади, қараб-қараб ҳеч нарсани кўрмайди, чунки бўш дастгоҳдан бошқа нарса йўқ эди, аслида.

-Хўш, қалай? Яхши мато, тўғрими? – савол берди алдоқчилар ва аслида умуман бўлмаган ажойиб безакни кўрсатиб, тушунтиришга киришиб кетди.

"Мен аҳмоқ эмасман! – ўйлади амалдор. – Демак, эгаллаб турган лавозимимга мос кемас эканманда? Ғалати! Лекин ҳар ҳолда ҳеч кимга сездирмаслик керак!"

У кўрмаган матоларни мақташга киришди ва чиройли ранглар ва ажойиб безаклардан ҳайратга тушганини айтди.

"Ҳа, ҳа, бу жуда ҳам ажойиб!" – хабар қилди у қиролга.

Шундай қилиб, бутун шаҳар тўқувчилар ажойиб мато тўқиганлари ҳақида гапира бошлади.

Шундан кейин қироннинг ўзи ҳам мато дастгоҳдан олинмагунга қадар уни бориб кўришга қарор қилади

Уларнинг орасида ҳалиги қария мулозимлар ҳам бўлган бир гуруҳ сарой аъёнлари билан бирга қирол айёр алдоқчиларннг олдига кириб борди. Дастгоҳлардан бир дона ип бўлмасада, улар гўёки бор вужуди билан тўқиётгандай эди.

- Ажойиб! Шундай эмасми? - деди иккала амалдор. – Жаноби олийлари, қаранг, қандай чирой безаклар, қандай ранглар!

Улар бўш дастгоҳга ишора қилдилар, чунки улар бошқаларни матони албатта кўришади деб ўйлаганди.

«Бу нимаси? - деб ўйлади қирол.- Мен ҳеч нарсани кўрмаяпман! Бу даҳшатли! Наҳотки мен аҳмоқ бўлсам? Ёки қиролликка ярамай қолдимми? Бундан баттари бўлмаса керак!»

- Оҳ, бу жуда чиройли! - деди қирол. – Бу менга жуда манзур бўлди!

У мамнуният билан бошини қимирлатди, ҳеч нарса кўрмаганини тан олишни истамасдан бўш дастгоҳларга қаради. Унинг жамики аъёнлари ҳам қараб, ҳеч нарсани кўрмасада, қиролнинг ортидан: «Оҳ, бу жуда чиройли!» - деб такрорларди ва келгуси маросим учун янги ажойиб матодан кийим тикишни маслаҳат берди. "Жуда соз! Ажойиб! Аъло даражада!!" – эшитиларди ҳар томондан. Ҳамма қойил қолиб, таҳсир ўқирди. Қирол алдоқчиларнинг ҳар бирига рицарлик хочи тақдим этди ва уларга сарой тўқувчилари унвонини берди.

Тантана арафасида алдоқчилар туни билан иш устида ўтириб чиқди ва ўн олтитадан ортиқ шамни ёқиб тугатди. Қиролга янги кийимни ўз вақтида топширишга жуда шошилаётгани ҳаммага кўриниб турарди. Улар гўёки матоларни дастгоҳдан олгандай қилиб кўрсатди, катта қайчи билан ҳавони кесди, ипсиз ипга билан тикдилар ва ниҳоят маълум қилдилар:

- Мана, ҳамма нарса тайёр!

Қирол уларнинг олдига энг аслзода сарой аъёнлари билан келди ва алдоқчилар гўёки бир нарсани ушлаб тургандай қўлларини кўтариб, шундай дейишди:

- Мана, пантолон! Мана бу камзул! Мана, ридо! - Ва ҳоказо. – Ҳаммаси ўргимчак инининг толасидай енгил! Баданга ҳеч нарса йўқ деб ўйласа ҳам бўлади, ҳамма қийинчилик мана шунда!

- Ҳа ҳа! - дейишди сарой аъёнлари, гарчи улар ҳеч нарсани кўрмаган бўлсалар-да, чунки кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ эди.

-Энди, жаноби олийлари, кўйлагингизни ечиб ташлашга ижозат бергайсиз! – деди алдоқчилар. – Биз янги либосларни мана бу ерда. Катта кўзгунинг олдида кийинтирамиз!

Қирол ечинди ва алдоқчилар гўёки унинг устига бирин-кетин кийимларни кийинтиргандай, нималарнидир маҳкамлагандай бўлдилар ва қирол кўзгунинг олдида айлана бошлади.

- Ярашганлигини қаранг! Худди қуйиб қуйгандай! – баланд овозда гапирарди аъёнлар. – Қандай чиройли нақшлар, безаклар, қандай ёрқин ранглар! Гап-сўз бўлиши мумкин эмас, жуда ҳашаматли либос!

- Соябон сизни кутмоқда, жаноби олийлари! – маълум қилди обер-церемониймейстер. – Уни ҳозир келтиришади.

- Мен тайёрман, - деди қирол. - Кўйлагим ярашиптими?

У кўзгу олдида яна бир айланди, ахир у либосини диққат билан кўриб чиқаётганини кўрсатиши керак эди.

Шлейфни кўтариб юриши лозим бўлган хизматкорлар қўллари билан полни пайпаслаб, гўки бир нарсани ердан кўтаргандай бўлдилар - улар кўтариб юрадиган ҳеч нарсаси йўқлигини кўрсатишга журъат этмадилар.

Қирол шу аҳволда ҳашаматли соябон остида кета бошлади, кўчаларда ва деразалардан қараб турган барча одамлар хитоб қиларди:

- Оҳ, қиролнинг янги либоси нақадар тенгсиз! А шлейфнинг гўзаллигини қаранг! Камзулнинг ярашганини қаранг!

Бирон кисма у ҳеч нарсани кўрмаётганини тан олишга жазм қила олмасди, ахир бу унинг аҳмоқ эканлигини ёки ўз жойини эгаллаб турмаганини англатарди. Қиролнинг биронта либоси бу қадар катта завқ бермаганди.

- Ахир у яланғоч-ку! – деган овози эшитилди бир болакайнинг.

- Эй, худойим, бегуноҳ болакай нималар деяпти, эшитинглар! – деди унинг отаси.

Ҳамма бир-бирига болакайнинг сўзларини шивирлаб айта бошлади.

- У яланғоч! Болакай ҳақиқатни айтяпти, ахир у ҳақиқатан яланғоч!

- У яланғоч! – қичиқира бошлади оломон.

Қирол ўзини қўярга жой тополмай қолди: унга одамлар ҳақ бўлиб кўринарди, лекин ўзича ўйларди: "Маросимни охирига етказиш керак".

У яна виқор билан юра бошлади, хизматкорлар эса унинг ортида аслида йўқ бўлган шлейфни кўтариб кетарди.

Абу Муслим таржимаси