loader
Foto

Жамоатчиликка нисбатан одоблар

– Масжидлар, жамоат йиғинлари ва қабул чоғлари ҳамда илмий мажлисга ўхшаш жойларда уяли алоқа жиҳозини ўчириб қўйиш талаб этилади. Чунки қўнғироқ овози масжидларда намозхонларнинг ибодатига путур етказади, намознинг асоси бўлган хушуъ-хузуъни барбод қилади, мажлисларда сўзловчига ҳам, тингловчига ҳам халақит беради, илмдан чалғитишга, муҳтарам кишиларни беҳурмат қилишга сабаб бўлади.

Ушбу одобга амал қилинмагани туфайли масжидларда расмий огоҳлантириш эълонлари туришига қарамай, намоз пайтида турли телефонларнинг қўнғироқ овозлари намозхонларни безовта қилмоқда. Турли йиғин ва мажлисларда ҳам бунга боғлиқ ноқулайликлар туғилмоқда. Маросим ва йиғинларда бошқалар билан гаплашиб ёки тўпланганларга гапириб ўтирган кишиларнинг телефони жиринглаб қолса, дарҳол унда гаплашишга ўтишади ёки телефонни қулоғига тутиб гаплашган ҳолда бир йўла ташқарига чиқиб кетишади.

Бундай ҳолатни ўша одам билан мажлис қуриб, кўзи кўзига тушиб суҳатлашиб ўтирган азиз инсонларга нисбатан ҳурмат деб бўладими? Бу ўтакетган ҳурматсизликдир! Бундай кишиларни одобли, дейиш ҳам қийин. Бир одам билан гаплашиб турган кишининг иккинчи одам билан муомала қилиши одобдан эмас. Қандай қилиб биров билан гаплашиб турган одам телефонда қўнғироқ бўлгани учун ўша одамнинг гапини оғзида қолдириб, бошқа тарафга кетиб қолиши мумкин?

– Жамоатчилик йиғинларида ва қабул чоғлари ҳамда илмий мажлисга ўхшаш жойларда уяли алоқа жиҳозини ўйнаб ёки қўлда айлантириб ўтириш беодобликдир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Менинг учун энг ардоқли шахс суҳбатдошимдир. Унинг юзига пашша қўнса ҳам, менга озор беради», деганлар.

– Суҳбат ва мажлисларда бировга қўнғироқ қилиш, бирларнинг қўнғироқларни қабул қилиш одобдан эмас. Зарурат бўлган тақдирда, суҳбатдагилардан узр сўраган ҳолда, имкони бўлса ташқарига чиқиб гаплашиш керак. Ташқарига чиқишда ҳам мажлисдошлардан рухсат сўраш лозим. Аммо аралаш суҳбат ўринларида, бемалол жойларда бўлса, бошқа гап.

– Уяли алоқа телефонида суҳбатлашишда овозни керагидан ортиқ кўтармаслик зарур. Хусусан, кўпчилик орасида бўлганда бу одобга қаттиқ риоя қилиш лозим.

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида марҳамат қилади:

«...ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» (19-оят).

Баъзиларимиз эътиборсизлик оқибатида телефонда гаплашганда овозини баланд кўтаришга ўрганиб қолишган. Бу кўпчиликка, ҳатто телефонда у билан гаплашаётган шахсга ҳам малол келишини эсдан чиқмаслик керак.

– Уяли алоқа жиҳозига чалинганда атрофдаги кишиларга малоллик келтирадиган мусиқа ёки товушларни қўнғироқ сифатида ўрнатмаслик одобдандир. Баъзи кишилар одамларни ажаблантириш, ўзини кўрсатиш мақсадида кишиларни чўчитиб юборадиган, қўпол, ёмон таъсир қиладиган ва малол келадиган овозларни ўрнатиб олишади. Албатта, бундай иш обрў келтирмайди. Қўл телефонларидаги кўнғироқ ўрнида хизмат қиладиган овозлар телефон эгасининг диди, маданияти ва одобининг ўлчовидир десак, муболаға қилмаган бўламиз.

– Уяли алоқа воситасида имкон қадар суҳбатни тезроқ тамомлашга ҳаракат қилиш ҳам одобдандир. Акс ҳолда, субатдошга озор берилган, вақти ўғирланган бўлади. У шошилиб турган ёки бошқа бирор иши бўлиши мумкин.

– Уяли алоқа воситаси орқали суҳбатлашаётганда ҳурматли ва эъзозлаш лозим бўлган киши келиб қолса, суҳбатдошга узр айтиб, ҳалиги инсонга юзланишингиз зарур. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, кўзи кўзига тушиб турган киши узоқда турганга кўра муомалага ҳақлидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

"Ижтимоий одоблар"китобидан