Шу йилнинг шаъбон ойида пайғамбар алайҳис-салом Уҳуд урушида қурайшга ёрдам берган Мусталақ қабиласининг бошлиғи Ҳориз ибн Зирор мусулмонларга қарши юришга тайёргарлик кўраётганидан хабар топдилар. Расулуллоҳ ўринларига Зайид ибн Ҳорисани қолдириб, катта қўшин билан йўлга чиқдилар. Аёлларидан Оиша билан Умму Салама уларга ҳамроҳ бўлдилар. Илгари бирон жанговор юришда қатнашмаган мунофиқлар ўлжа олиш умидида сафга қўшилишди. Йўлда бани Мусталақнинг бир жосуси қўлга тушди, бироқ сўралган саволларга жавоб беришдан бош тортгани учун қатл этилди.
Мусулмонларнинг катта қўшин билан келаётганидан хабар топган бани Мусталақнинг лашкарбошиси Ҳорис ваҳимага тушди, қўрққанидан бир қисм аскарлари қочиб кетди. Мусулмонлар Мурайсиъ етиб келгач, бани Мусталақ одамларини Ислом динига даъват этишди, бироқ улар бош тортишгач, икки томон сафга тизилиб камондан бир соат ўқ узишишди. Кейин мусулмонлар ёппасига ҳужумга ўтиб, ғалаба қилдилар. Икки минг туя, беш минг қўй қўлга киритилди. Пайғамбар алайҳис-салом мол-ҳолларни бошқаришни Шақронга, асирларга қарашни Бурайдага топширдилар. Асирлар икки юз қиз бўлиб, улар орасида қабила бошлиғининг қизи Барра ҳам бор эди. Асирлар мусулмонларга тақсимлаб берилди.
Бани Мусталақ қабиласи араблар орасида энг кучли ва жанговор қабила ҳисобланарди. Аёлларининг асир олиниб, қулдек тақсимланиши уларга ғоят оғир ботарди. Бу нарсани яхши билган пайғамбар алайҳис-салом жуда катта олийжаноблик ва мардлик намунаэини намоён этдилар, аёлларни озод этишнинг мусулмонлар рози бўладиган йўлини ўйлаб топдилар. Сарвари олам, Ҳориснинг қизи Баррани никоҳларига олиб, Жувайрия деб атадилар. Шу билан мусулмонлар асирларни расулуллоҳнинг қудалари ҳисоблаб, озод қилиб юборишди. Оиша разияллоҳу анҳонинг таъбирича, Жувайрия ўз қавми учун ғоят шарофатли аёл бўлди. Пайғамбар алайҳис-саломнинг марҳаматларидан қаттиқ таъсирланган бани Мусталақ қабиласи ёппасига имон келтирди, илгари мусулмонларнинг ашаддий душмани ҳисобланган одамлар энди уларнинг яқин дўстларига айланишди. Агар расулуллоҳ тадбикорлик қилмаганларида икки ўртадаги адоват баттар кучайиб, анча-мунча қон тўкилиши мумкин эди. Бу ғазот жараёнида ибратли икки воқеа юз берди.
Бйринчиси, Умар ибн Хаттобнинг хизматкори билан Хазраж қабиласининг иттифоқчиларидан бўлмиш бир одам урушиб қолишди. Умарнинг хизматкори уни уриб, ярадор қилди ва иккалови ўз қавмини ёрдамга чақирди. Агар расулуллоҳ келиб қолмаганларида икки ўртада бошланган даҳанаки жанг қон тўкилишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмасди. "Яна жоҳилият давридаги тарафкашлигингларни қилмоқчимисизлар? Йўқотинглар бундай ярамас одатни!" дедилар расулуллоҳ ва жабрдийданинг ўчини олиб бердилар. Шу билан жанжал барҳам топди.
Бу воқеани эшитган Абдуллоҳ ибн Убай хафа бўлиб ўз қабиладошларига: "Мен ҳеч қачон бугунгидек хўрликни кўрмаган эдим. Уларни юртимизга киритиб, уйимизнинг тўридан жой берсагу бунинг эвазига бизни савалашадими? Итингни семиртирсанг ўзингни қопади, деганлари шу экан-да. Худога қасамки Мадинага қайцак албатта азиз у ердан хорни чиқариб ташлайди. Аслида-ку бу хўрликни ўзинглар тилаб олдинглар. Уларни уйингизга чақириб мол-мулкингизни баҳам кўрдингиз. Агар қучоқ очиб кутиб олмаганингизда бошқа томонларга равона бўлишарди. Буниси ҳам етмагандек Муҳаммад учун урушиб жонингларни қурбон қиляпсизлар, болаларингиз етим бўлиб чирқираб қолишяпти, улар эса кўпайгандан кўпайяпти. Бундан кейин уларга ёрдам берманглар, камбағаллашиб, Мадинадан кетишга мажбур бўлишсин", деди. Шу ерда ҳозир бўлган имони бутун Зайд ибн Ирқам исмли йигит бу гаплардан пайғамбар алайҳис-саломни воқиф этди.
Расулуллоҳнинг юзлари ўзгарди, узоқ сукутга чўмдилар ва хабарчига юзланиб: "Балки, унда бирон хусуматинг бордир, шунинг учун атай бундай гапларни тўқиётгандирсан?" дедилар. "Тўқиётганим йўқ, бундай гапларни ўз қулоғим билан эшитдим", деди Зайд ибн Арқам. "Янглиш эшитган бўлишиинг мумкин", дея бу гапга нуқта қўйишга уриндилар пайғамбар алайҳис-салом. Умар расулуллоҳдан ибн Убайни ўлдиришга рухсат сўради. "Эй Умар, одамлар Муҳаммад саҳобаларини ўлдира бошлади, дейишса яхши бўладими?" дедилар пайғамбар алайҳис-салом ва одамларнинг эътиборини чалғитиб, бу гапни ўртадан кўтариб юбориш учун кун забтига олган жазирамада лашкарни сафарга отланишга буюрдилар. Усайид ибн Ҳузайр бундай иссиқда йўлга чиқишнинг боисини сўради. "Қабиладошингнинг гапини эшитмадингми? У Мадинага қайтгач, "Азиз ундан хорни чиқаради дебди", дедилар расулуллоҳ. Усайил у кишига: "Эй расулуллоҳ, истасанг сен уни ҳайдаб чиқарасан. Оллоҳга қасамки "у хор ва сен - азиздирсан" деди.
Офтоб тиғида йўл босган одамлар манзилга етган заҳоти уйқуга кетишди. Ансорлардан бир гуруҳи Абдуллоҳ ибн Убайга расулуллоҳдан кечирим сўрашни таклиф этишди, бироқ у такаббурлик билан бош тортди. Шу лаҳзада Мунофиқун сураси нозил бўлиб, Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамфикрларининг шармандаси чиқди. Зайд ибн Арқамнинг айтганлари ростлиги исботланди. Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли бу гапдан хабар топгач, отамни биров ўлдирса, у киши билан ўртамизда душманлик туғилиб қолиши мумкин, яхшиси бу ишни ўзим адо этай, деб ижозат сўраганида расулуллоҳ уни фикридан қайтариб отасини иззат-икром қилишга буюрдилар.