Иккинчиси, юқоридан баён этилган воқеадан қабиҳроқ ва оғирроқ бўлиб, расулуллоҳнинг умр йўлдошлари Оиша билан Сафвон ибн Муаттал ўртасида хуфя муносабат бор, деган туҳмат тарқатилади. Аслида воқеанинг тафсилоти бундай: мусулмонлар бани Мусталақ газотидан қайта туриб, Мадина яқинидаги бир қўналғага тушишди. Пайғамбар алайҳис-салом ярим кечаси қўшинни йўлга отлантирдилар. Бу пайтда ҳазрат Оиша зарурат учун чеккароққа кетган эди, манзилгоҳига кела туриб, бўйнидаги маржони тушиб қолганини билиб, дарров изига қайтади. Бу орада отланишга буйруқ келиб, кажавани кўтарадиган хизматчилар унинг ичида ҳазрат Оиша бор деган ўйда, туяга ортишади.
Ҳазрати Оиша ёш, озғин енгил бўлгани учун кажаванинг ичида бор-йўқлиги билинмаган. Оша даврдаги аёлларнинг аксарияти озғин, вазни енгил бўларди. Ҳазрати Оиша мунчоғини топиб келганларида қўшин юриб кетган; у кишининг йўқлигидан ҳеч ким хабар топмагани учун бирон кимса қолдирилмаган эди. Оиша барибир излаб келишади, деган ўйда илгариги жойига ўтиради-ю, кўзи илинади. Қўшиннинг орқасидан қолиб кетган, йўқолган нарсаларни йиғиштириб юрган Сафвон ибн Муаттал исмли саҳоба мизғиб ўтирган ҳазрат Оишани кўриб қолади. У Оишани мастура бўлишиндан аввал билгани учун таниб, баланд овозда: "Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун" (Биз Оллоҳнинг илкидамиз, яна Оллоҳнинг даргоҳига- қайтиб борамиз.) дейди. Ҳазрат Оиша уйғониб юзини ёпадм. Сафвон бир оғиз сўз қотмай, туяни чўктиради, ҳазрат Оиша ҳам чурқ этмай минади.
Сафвон туяни етаклаб қўшиннинг орқасидан етиб келганда одамлар тушлик овқатдан кейин дам олишаётган эди. Дарров шивир-шивир бошланди, ғийбатчилар эса ҳайиқмай бу иккови ҳақида оғзига келганини бемалол алжий бошлашди, айниқса Абдуллоҳ ибн Убай тилини бир қарич қилиб, беандишаликни ҳаддидан ошириб юборди. Қўшин Мадинага етиб келганда ҳазрат Оиша касал бўлиб ётиб қолди. Бир ойгача бош кўтармай ётган ҳазрати Оиша кун сайин болалаётган миш-мишлардан бутунлай бехабар эди. Бу сафар расулуллоҳ ҳазрати Оишага илгари касал бўлган пайтларидагидек марҳамат кўрсатмай, бўсағада туриб: "тузукмисан?" деб қўйиш билан чеканардилар. Бу ҳолдан ҳайратга тушган Оишанинг юраги сиқилиб, ҳаловатини йўқотади.
Дард ариб, анча қувватга кирган кунларнинг бирида Мистаҳ ибн Усосанинг онаси билан ташқарига чиқмоқчи бўлишди. Этагини босиб олиб йиқилган Мистаҳнинг онаси: "Ҳа, Мистаҳ бошини есин!" дея қарғайди. "Нега ундай дейсан. Бадр ғазотида қатнашган одамни қарғайсанми?" дейди ҳазрати Оиша ажабланиб. "Ҳа ажалнинг ўқига учрасин, улар гапириб юрган гаплардан хабаринг йўққа ўхшайди-ку" дейди ва одамларнинг оғзида юрган гапларни айтиб беради.
Оишанинг бир дардига ўн дард қўшилади. Расулуллоҳ одатдагидек аҳвол сўрагани кирганларида отасиникига бориб ётишга изн олади ва кела солиб онасидан кўча-кўйдаги гапларнинг тафсилотини суриштиради. "Бекорга ўзингни койитма, қизим, — деди онаси меҳрибонлик билан юпатиб. — Эри яхши кўрадиган чиройли аёлга ғайирлик қиладиганлар кўп бўлади. Бундайлар ҳар хил бўлмағур гап-сўзларни тарқатишади. "Субҳаналлоҳ! (Оллоҳ покдир.) Одамлар шундай гапларни гапириб юришибдими ҳали?" деди ҳазрат Оиша эзилиб ва тонг отгунча қон йиғлади. Пайғамбар алайҳис-салом бу хусусда оиласидагилар билан маслаҳатлашдилар.
Усома ибн Зайд Оишани яхши билгани учун: "Биз Оишани ҳам, Сафвонни ҳам бегуноҳ деб ҳисоблаймиз", деди. Али ибн Абутолиб эса: "Сени парвардигор хотиндан қисган эмас. Бошқалари ҳам кўп. Чўрисидан сўра, ростини айтади қўяди", — деди. Расулуллоҳ шу заҳоти Оишанинг чўриси Бурайрани чақириб: "Оишанинг бирон шубҳали хатти-ҳаракатини сезганмисан?" деб сўрадилар. "Худо ҳаққи, шу пайтгача бирон марта тариқча шубҳали нарса сезган эмасман, — дея онт ичди Бурайра, фақат у хамир қора туриб ухлаб қолар, кейин уйдаги жониворлар хамирни еб кетар эди". Пайғамбар алайҳис-салом шу куни мусулмонларни йиғиб минбарга чиқдилар-да: "Эй жамоат, орангизда аҳлиям ҳақида бўлмағур гапларни гапириб мени ранжитган одам бор. Аҳлиямнинг ҳам, Сафвоннинг ҳам хатти-ҳаракатида шу пайтгача яхшиликдан бошқа нарсани кўрган эмасман. Мени ранжитган одам ҳақида қандай фикрдасизлар? Бу хусусда ким мени маъзур тутади?" дедилар. "Эй расулуллоҳ, сени мен маъзур тутаман, деди Саъд ибн Муоз — Агар иғвогар авслик бўлса, унинг калласини оламан, агар у хазражлик ўз биродарларимиздан бўлса, сен нима истасанг шуни бажо келтираман". Хазражлик Саъд ибн Убода ўрнидан туриб: "Бекорларни айтибсан, уни ўлдириш қўлингдан келмайди. Агар у ўз қавмингдан бўлганда бундай гапларни айтишга ботинолмасдинг", деди. Усайд ибн Ҳузайр унинг гапини бўлиб: "Уни албатта ўлдирамиз. Сен мунофиқ бўлганинг учун унинг ёнини оляпсан", деди.
Пайғамбар алайҳис-салом минбардан тушиб, уларни босиб қўймаганларида авс билан хазраж қабиласи ўртасида можаро чиқиши ҳеч гап эмасди. Бу гапдан хабар топган ҳазрат Оиша икки кунгача ёстиқдан бош кўтармай йиғлади. У ота-онаси билан ўтирган пайтда расулуллоҳ уларникига кириб: "Эй Оиша, сен ҳақингда ҳар хил гапларни эшитиб юрибман. Агар пок бўлсанг Оллоҳ сени оқлайди, бордию гуноҳкор бўлсанг тавба қил. Инсон гуноҳини тан олиб кечирим сўраса, Оллоҳ унинг тавбасини қабул қилади", дедилар. Ҳазрат Оиша ҳўнграб йиғлаганича жавоб беришини ота-онасига ҳавола этди, бироқ улар нима дейишни билмай ночор елка қисишди. "Сизлар бу гапларга шунчалик ишонасизларки, мен бегуноҳман деганимнинг фойдаси йўқ. Мен пок бўла туриб бу туҳматни устимга олсам шак-шубҳасиз ишокасизлар. Мен ўзимга тасалли бериш учун Яъқуб алайҳис-саломнинг: "Мен фақат бардош билан сабр қиламан, сизларнинг хатти-ҳаракатингизга қараб, Оллоҳдан мадад тилайман"* деган сўзидан бошқа ҳеч нарса деёлмайман", дея ҳазрат Оиша кўрпага ўралиб олди.
Пайғамбар алайҳис-салом ўринларидан қўзғалиб улгурмай Оллоҳ таоло Нур сурасининг 11-21-оятларини нозил қилиб, ҳазрат Оишани оқлади: "Орангиздаги бир гуруҳ одам (Оишага) бўҳтон ёғдирди, бу сиз учун ёмон эмас, аксинча яхшидир. Туҳматчилардан қай бирининг қанчалик гуноҳи бўлса шунга яраша жазо берилади; асосан бўҳтонни тарқатган одам (Абдуллоҳ ибн Убай) оғир азобга гирифтор этилади, бўҳтонни эшитган пайтда ўзларини яхши одам деб ҳисобловчи мўмин эркагу аёл нега бу қуруқ туҳмат, демади? Улар нега тўрт нафар гувоҳ топиб келишмади? Гувоҳ топишмаган экан, улар Оллоҳнинг назарида ёлғончи ҳисобланади. Сизларга дунё ва охиратда Оллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, бўҳтон ёғдирганинглар учун оғир азобга гирифтор этилардинглар. Бўҳтонни тил билан тарқатдинглар, билмайдиган нарсаларни оғзингизга олдинглар, буни енгил (эрмак) фаҳмладинглар. Ваҳоланки, Оллоҳнинг назарида бу катта гуноҳдир. Уни. (яъни бўҳтонни) эшитган пайтингларда нега: бундай сўзларни гапирмаслигимиз керак, бу катта гуноҳдир, эй Оллоҳ, сен покдирсан, демадинглар? Оллоҳ агар мўмин бўлсангиз бундай гапларни қайта оғзингизга олманг, деб ўгит беради. Оллоҳ сизларга оятларини баён этади, Оллоҳ ҳамма нарсани билгувчи, ҳикмат билан иш юритувчи зотдир. Мўминлар орасида беҳаёлик тарқалишини истайдиган одамлар дунё ва охиратда қаттиқ азобга учрайди, Оллоҳ билгувчи, сизлар эса (ҳеч нарсани) билмайсизлар. Агар Оллоҳнинг сизларга фазлу. марҳамати бўлмаса эди (қаттиқ жазоларди). Оллоҳ шафқатли ва меҳрибондир. Эй мўминлар, шайтоннинг етовига юрманглар! Кймки шайтоннинг этовига юрар экан, шайтон уни беҳаёликка, ёмон ишларга бошлайди. Оллоҳ сизларга фазлу марҳамат кўрсатмаса, ҳеч қайсингиз то абад пок бўлмас эдингиз. Оллоҳ истаган бандасини пок қилади. Оллоҳ ҳамма нарсани эшитиб, билиб тургувчидир".
Бу оятлар нозил бўлгач, пайғамбар алайҳис-салом очиқ чеҳра билан ҳазрат Оишанинг поклига ҳақида башорат бердилар. Оишанинг онаси қизига: "Орнингдан тур! Расулуллоҳга раҳмат айт", деди. "йЙўқ, мен юзимни ёруғ қилган Оллоҳга раҳмат айтаман", дея жавоб берди ҳазрат Оиша. Расулуллоҳ туҳматчиларнинг ҳар бирига шариат ҳукмига биноан саксон дарра уришни буюрдилар. Бўҳтон ёғдирганлар Жаҳишнинг қизи Ҳамна, Мистаҳ ибн Усоса, Хассон ибн Собитлар эди.
Мистаҳ Абу Бакрга қариндош бўлгани учун қўлидан келганича унинг ҳолидан хабар олиб, кўмаклашиб турарди. Мистаҳнинг иғвога аралашганини эшитгач, бераётган нафақасини йигъиштириб қўйди. Бу хусусда Нур сурасининг 22-оятида алоҳида тўхталиб ўтилган: "Орангиздаги аҳли карам ва давлатмандлар ҳеш-ақраболарига, мискинларга ва дин йўлида ҳижрат қилганларга ҳеч нарса бермасликка қасам ичишмасин, уларни афв этишсин, кечиришсин. Оллоҳ сизларга мағфират қилишини истамайсизларми? Оллоҳ мағфират қилгувчи ва бениҳоя шафқатли зотдир." Абу Бакр: "Эй расулуллоҳ Оллоҳнинг мағфирати ва раҳматини тилаймиз", деди ва Мистаҳга бериладиган нафақасини аслига келтирди. Одамлар орасига кириб сиртдан қараганда уларни яхши кўрадигандек, аслида эса юрагида адоват сақлайдиган, нинанинг кўзича тешик топса сўқилиб кириб, фисқу фасодни урчитадиган мунофиқларнинг касофати шу бўлди. Бизларни улардан Оллоҳнинг ўзи асрасин.
___________
*Яъқуб алайҳис-саломнинг тилидан айтилган бу нақл Юсуф сурадишшг 18-оятидан олинган.