Бундай усул билан мусулмонларга бас келолмаслигига кўзи етган мушриклар Суҳайл ибн Амрни сулҳ тузиш учун юборишди. У мусулмонлар қароргоҳига келиб, расулуллоҳга учрагач: "Эй Муҳаммад, юз берган воқеалар бизнинг доно кишиларимиз кўрсатмаси бўйича эмас, нодонларнинг ҳовлиқмалиги туфайли содир бўлди. Қўлга тушган асирларни қўйиб юборинглар", деди. "Олдин сизлар бизнинг одамларимизни озод қилинглар, кейин биз ҳам асирларни қўйиб юборамиз", дедилар пайғамбар алайҳис-салом. Мушриклар Усмон ибн Аффон бошчилигидаги ўн кишини мусулмонлар ҳам жангу жадалда қўлга тушганларни озод қилишди, Шундан кейингина Суҳайл қурайш халқи мусулмонлар билан тузмоқчи бўлган сулҳнинг қуйидаги шартларини маълум қилди:
1. Икки томон ўн йилгача бир-бири билан уруш қилмаслик;
2. Қурайшлардан қочиб борганларни мусулмонлар қайтариб бериши, мусулмонлардан мушриклар томонга ўтганларни эса қайтармаслик;
3. Пайғамбар алайҳис-салом бу йил Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтиб кетиши, келгуси йили қурайш халқи Маккадан чиқиб кетганда саҳобалар билан қинга солинган қилич ва камондан бошқа қурол-яроқ олмай муқаддас масканни уч кун зиёрат қилиши;
4. Араб қабилаларига мусулмонлар ёки қурайшлардан паноҳ тилаш ихтиёрини бериш.
Пайғамбар алайҳис-салом сулҳнинг барча талабларига рози бўлдилар. Расулуллоҳнинг келишувчанлик қилганларидан ажабланган саҳобалар: "Нега энди мусулмон бўлиб биз томонга ўтганларни қайтариб берамизу диндан қайтган муртадларни улардан қайтиб олмаймиз?" дейишди. пайғамбар алайҳис-салом: "Муртад бўлиб улар томонга қочиб ўтганларни Оллоҳ биздан йироқлаштирсин. Улардан биз томонга ўтганларни қайтариб берсак парвардигор уларнинг мушкулини осонлаштириб, нажот йўлини кўрсатади", дедилар. Сулҳнинг 3-банди мусулмонларга жуда оғир ботди, чунки расулуллоҳнинг тушларида Байтуллоҳни эмин-эркин зиёрат қилиб қайтганлари аён бўлган эди. Расулуллоҳнинг айтганлари амалга ошмаслиги мумкинлигидан ҳайратга тушган Умар Абу Бакрдан бунинг сабабини сўради. "Расулуллоҳ Каъбани албатта бу йил тавоф қиламиз, деганмидилар?" деди.
Шундан кейин сулҳнома расмийлаштирилди. Уни Али ибн Абутолиб ёзди. Расулуллоҳ айтиб турдилар. Расулуллоҳ сулҳномани Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, деб бошлаган эди, Суҳайл: "Бисмикаллоҳҳумма (Эй Оллоҳ, сенинг номинг билан бошлайман) деб ёз", дея талаб қилди. Пайғамбар алайҳис-салом ўшандай ёз деб буюрдилар. Кейин: "Оллоҳнинг элчиси шунга сулҳ қиладики", деган эди, Суҳайл: "Сен Оллоҳнинг элчиси эканингни билганимизда сенга қарши чиқмас эдик, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёз, деди. Пайғамбар алайҳис-салом яна Суҳайлнинг айтганидек ёзишни буюрдилар, бироқ Али ёзганларини ўчиришга унамади. Шунда расулуллоҳнинг ўзлари хатни ўчириб тузатиш киритдилар.
Сулҳнома икки нусха ёзилиб, бири мушрикларга топширилди, иккинчиси мусулмонларнинг ўзларида қолди. Кутилмаганда сулҳнома ёзилаётган жойга оёғига кишан солинган Абу Жандал ибн Суҳайл чигирткадек ирғишлаб кириб келди. У мусулмон бўлиб Мадинага ҳижрат қилишни ихтиёр этгани учун отаси қамаб қўйган экан. Расулуллоҳ мусулмонлардан паноҳ истаб келган Абу Жандални юпатиб: "Мендан хафа бўлмай қисматингга сабр қил. Оллоҳ таоло сени, сенга ўхшаш мусулмонларни ўз паноҳида асраб нажот йўлини кўрсатади. Биз қурайшлар билан сулҳ тузиб, аҳду паймон қилишдик, уни бузишимиз мумкин эмас", дедилар. Сулҳ тузилгач, пайғамбар алайҳис-салом Хузоа қабиласини, қурайшлар эса Бану Бакр қабиласини ўз ҳимоясига олишди.
Сулҳ тузилиб бўлингач, пайғамбар алайҳис-салом саҳобаларга сочларини олдириб, қурбонлик қилиб, эҳромдан чиқишни буюрдилар. Мотамсаро кайфиятдаги мусулмонлар расулуллоҳнинг амрини бажо келтиришга унчалик ошиқмадилар. Бундан ранжиган пайғамбар алайҳис-салом рафиқалари Умму Саламанинг ҳузурига кириб, саҳобалар гапини ерда қолдиришганиии айтдилар. Умму Салама: "Шартлари жуда ҳам оғир сулҳга розилик бердингиз, Маккага кирмай, Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтиш мусулмонлар учун катта мусибат, уларни тўғри тушуниб, афв этинг. Яхшиси, олдин ўзингиз эҳромдан чиқинг", деди.
Пайғамбар алайҳис-салом қурбонлик қилиб, сочларини олдирдилар. Саҳобалар ҳам у кишининг амрига итоат этдилар. Шундан кейингина мусулмонлар Мадинага қайтишди. Икки рақиб томон бир-биридан амин бўлдилар. Орадан кўп ўтмай Уқба ибн Абу Муайтнинг қизи, Усмоннинг она бир ҳамшираси Умму Гулсум Мадинага қочиб келди. Мушриклар уни қайтариб беришни талаб қилишганда Умму Гулсум: "Эй расулуллоҳ, мен аёл кишиман, агар уларга қайтариб берсанг мени диндан чиқаришади", деди.
Шу аснода бу масалани ойдинлаштирадиган Мумтаҳина сурасининг 10-ояти нозил бўлди: "Эй мўминлар, агар мўмина аёллар ҳижрат қилиб келишса уларни синаб кўринглар. Уларнинг имони Оллоҳга яхши аёндур. Агар уларнинг мўминалигини билсанглар, кофирларга қайтариб, берманглар. Улар кофирларга ҳалол эмас, кофирлар ҳам уларга ҳалол эмас. Кофир эрлари уларга берган маҳрларини қайтариб беринглар. Эрларига маҳрларини қайтариб бергач, уларни никоҳингизга олсангиз гуноҳкор бўлмайсиз. Кофир аёлларни амрингизда сақламанг, уларга берган маҳрларингизни талаб қилинг, кофирлар ҳам (ҳижрат қилиб келган асллардан) маҳрларини талаб қилсин. Оллоҳнинг ҳукми ана шундай. Оллоҳ одиллик билан ҳукм чиқаради. Оллоҳ ҳамма нарсани билгувчи, ҳикмат билан иш қилгувчидир. Муслима аёллар бошқа юртларни кўришга иштиёқмандлигидан ёки мусулмон эрга турмушга чиқиш истаги борлиги учун эмас, балки Оллоҳнинг розилигини истаб, пайғамбарни дўст тутгани учун ҳижрат қилган бўлса, мушрикларга қайтарилмай унинг эрига маҳригина бериларди холос. Шундан кейин бирон мусулмон уни бемалол никоҳига олиши мумкин. Мазкур оятдан мусулмон бўлмаган аёлга уйланиш ҳаромлиги ва унга берилган маҳрни қайтиб олиб, ўзини оиласига жўнатиб юбориш кераклиги ойдинлашади.
Абу Басир Утба ибн Усайд Сақафий мусулмон бўлиб, пайғамбар алайҳис-саломнинг енларига қочиб келди. Қурайшлар орқасидан икки кишини жўнатиб, уни талаб қилишди, расулуллоҳ Абу Басирга қайтиб кетишни буюрдилар. "Эй расулуллоҳ, Оллоҳ мени кофирлардан қутқарса-ю, сен диндан чиқарадиганларга қайтариб бермоқчимисан? деди Абу Басир ранжиб. "Оллоҳ сен билан уруғ-аймоғингга нажот йўлини кўрсатади", дедилар расулуллоҳ. Абу Басир ноилож қурайшларнинг олдига тушиб Маккага йўл олди. Зулҳулайфа деган жойга стганда Абу Басир соқчилардан бирини ўлдирди, иккинчиси эса қочиб кетди. Абу Басир яна Мадинага қайтди-да: "Эй расуллуллоҳ, айтганинг бўлди, мен душман таъқибидан қутулдим", деди. "Энди истаган жойга кетаверишинг мумкин, Мадинада турма, дедилар расулуллоҳ. Абу Басир қурайшнинг карвони Шомга ўтадиган йўл устида макон тутиб ётди.
Маккадан қочиб келган мусулмонлар унинг ёнига жам бўлаверди, саҳройи араблардан ҳам бир гуруҳи уларга қўшилди. Абу Жандал ибн Суҳайл ҳам келиб қўшилди. Кейин қурайшнинг савдо карвони ўтадиган йўлни тўсиб олишди. Бундан қаттиқ ташвишга тушган мушриклар сулҳноманинг иккинчи бандини бекор қилиб, қочиб борган мусулмонларга ўз ёнидан жой беришни расулуллоҳдан ўтинишди. Пайғамбар алайҳис-салом уларнинг бу таклифига розилик бердилар, шу билан Ҳудайбияда Абу Жандал мушрикларга қайтарилганда мусулмонлар бошига тушган ташвиш ариди. Бу воқеа саҳобаларга сабоқ бўлди, улар пайғамбар алайҳис-салом бошқаларга нисбатан узоқни кўриб, кўпчиликнинг фақатгина ҳозирги эмас, балки келгусидаги ғамини еб иш тутажакларига ишонч ҳосил қилишди.
Мусулмонлар билан кофирларнинг бир-бирларига аралашиб юриши натижасида Ислом динининг таъсир доираси кенгайди. Ҳатто ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: "Ислом тарихида Ҳудайбия ғалабасидан кўра каттароқ ғалаба бўлган эмас", деган эдилар. Муҳаммад алайҳис-салом билан парвардигори олам ўртасидаги алоқалардан бехабар одамлар шошма-шошарлик қилишади, Оллоҳ таоло эса шошилмай, ҳар бир ишни тадбир билан ўз хоҳиш-иродасига биноан амалга оширади. Пайғамбар алайҳис-салом Ҳудайбиядан қайтганларида Фатҳ сураси нозил бўлди. Бу сура: "Биз сенга равшан бир ғалабани ато этдик", деган бир оят билан бошланади. Ҳудайбия ғазоти равшан ғалаба деб аталиши Абу Бакр Сиддиқнинг фикрини тасдиқлайди.