loader

Абдуллоҳ ибн Отика розияллоҳу анҳу

Мадинада ҳижратдан илгари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам томонларидан у ерга Қуръони каримни ва Исломни ўргатиш учун юборилган Асъад ибн Зурора ва Мусъаб ибн Умайра розияллоҳу анҳумоларнинг хизматлари сабаб кўпчилик иймон келтиришди. Пайғамбаримиз  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилишлари аниқ бўлмаган бир пайтда мусулмон бўлиш шарафига эга бўлган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Отика розияллоҳу анҳу эдилар.  
Абдуллоҳ ибн Отика розияллоҳу анҳу Бадр ва Уҳуд жангларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бир қанча хизматларни амалга оширдилар.  Олти юз йигирма еттинчи йилда Мадинани мудофаа қилиш мақсадида бўлиб ўтган Ҳандақ жангида ҳам қатнашдилар.

* * *
Маккадаги мушрикларнинг зулмидан қутилиш мақсадида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Бу ердаги Авс ва Ҳазраж қабилаларининг барчаси Исломни қабул қилишган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга барча ишда ёрдам қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг энг катта душманларидан бири Ҳайбар яҳудийларининг раиси Абу Рофе Салом ибн Абу Хуқайқ бўлиб, у ашаддий Ислом душманларидан бири эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни доим таъқиб қилганидек, саҳобаларни ҳам тинч қўймас, фурсат бўлди дегунча уларга азият етказарди. Мусулмон бўлмаганларни бир жойга тўплаб, Исломга қарши турли битимлар тузарди. Бой бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг душманларига моддий кўмак берарди. Асҳоби киром ўзларига етказилган азиятларга бардош қилсалар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга қилинган жабрлардан сабр косалари тўлиб борарди.
Бир куни барчалари йиғилиб бунга чора изладилар. Сўнг Абу Рофени ўлдиришга қарор қилдилар. Беш саҳоба бу иш учун  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан изн олишга бордилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам изн бердилар ва уларга бош этиб Абдуллоҳ ибн Отикани тайинладилар. Фақатгина Абу Рофени ўлдиришларини, болалари ва аёлларига асло тегинилмасликни амр этдилар.
Абу Рофенинг ўзига тегишли мустаҳкам бир қалъаси бор эди. У ердан ташқарига чиқмасди. Қалъага яқинлашгач, Абдуллоҳ ибн Отика шерикларига шундай дедилар:
– Сизлар шу ерда қолинглар, мен сездирмай ичкарига киришга ҳаракат қиламан.
Абдуллоҳ ибн Отика розияллоҳу анҳу қалъа ичида яшайдиган одамларга қўшилиб ичкарига кириб олишни режалаштирган эди.
Шу орада эшик оғаси ҳайқирди:
– Барча ичкарига кирсин, дарвозаларни ёпаман, ташқарида қолиб
кетманглар.
Айнан мана шу фурсатни кутиб турган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дарҳол ичкарига кириб олдилар. Кейинги воқеани у зотнинг ўзлари шундай баён қиладилар:
– Ичкарига киргач, бир охурга бекиниб олдим. Яширинган жойимдан эшик оғасини кузатдим. Дарвозани қулфлаб, калитларни тирқичга осиб кетди. Калитларни олиб, сўнгра ҳамма жойни кузатиб чиқдим. Қарасам, энг баланд қаватда Абу Рофе дўстлари билан суҳбат қураяпти. Унинг дўстлари ёнидан кетишини кутдим. Барчалари тарқалиб ухлашга ётгач, ҳаракатни бошладим.
Бир қанча эшиклардан ўтдим. Ўтган эшикларимни ички тарафдан тамбалаб кетавердим. Бу ишни агар Абу Рофенинг одамлари мени билиб қолса, уни ўлдиришимга вақт етсин, деб қилаётган эдим. Шу ҳолда Абу Рофе хонасига етиб бордим. Хонаси қоронғу бўлгани учун қай бири Абу Рофе эканини билолмадим:
– Эй Абу Рофе! – деб чақирдим. Ётоқларнинг биридан:
– Ким бу? – деган овоз келди.
Овоз келган тарафга дарҳол бордим ва қиличим билан ташландим. Бироқ ҳали ишончим комил эмасди.
– Ёрдам беринглар, мени ўлдиришмоқчи! – деб бақирди. Шу пайт ташқарига чиқиб қайтиб кирдим-да:
– Эй Абу Рофе, бирор нарса истайсизми? – деб сўрадим.
– Жаҳаннамда ёнгур, сен келишингдан олдин кимдир келиб қилич билан мени яралади.
Нишонни аниқлаган эдим. Яхшилаб бир қилич солдим. Яна йиқилмади. Бу сафар қилични қорнига суқдим. Ерга қулагач, хонадан чиқиб нарвондан ҳатлаб-ҳатлаб туша бошладим. Ниҳоят, нарвон тугади, деб ўйлаб ўзимни ерга ташладим, бироқ ҳали анча юқорида эканман, болдир суякларим синди. Оёғимни бир бўз билан ўраб, ўша ерга ўтирдим ва ўзимга-ўзим:
– Ўлдирганимни аниқламагунимча бу кеча қалъадан чиқмайман, – дедим. Оғриқдан инграна-инграна кутишни бошладим. Бир оздан сўнг қалъа бошига келган бир одам сур чалди ва эълон қилди:
– Эй Ҳижоз халқи! Эълон қиламан, буюк тужжор Абу Рофе хонасида ўлдирилган ҳолда топилди.
Абу Рофени тинчитган эканман. Қувонганимдан оёқларим оғриғини унутган эдим.  Сўнг шерикларим ёнига бориб Абу Рофедан қутилганимизни айтдим. Барчамиз бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига бориб хушхабарни етказдик.  Расулуллоҳ беҳад севиндилар. Оёқларимнинг синганини эшитгач, менга буюрдилар:
– Оёғингни узат!
Оёғимни узатдим. Расулуллоҳ оёқларимни муборак қўллари билан оҳиста силадилар. Гўё ҳеч қандай оғриқ бўлмагандай ҳис этдим ўзимни. Синган оёқларим ўз ҳолига қайтган эди.
 * * *
Абдуллоҳ ибн Отика розияллоҳу анҳу ушбу қаҳрамонликдан сўнг Ҳайбар фатҳида ҳам муносиб қатнашдилар. Кейинроқ Макка фатҳида ва Ҳунайн жангида ҳам кўп қаҳрамонлик кўрсатдилар. Абдуллоҳ ибн Отика розияллоҳу анҳу муртадлар билан бўлган жангда кўпдан кутган шаҳидлик шарбатини ичдилар.

Орқага Олдинга