Саид ибн Зайд р.а. ҳаётлигидиёқ Жаннат ҳушҳабарини олган ўн саҳобадан бири ҳисобланади. Оталари Зайд ибн Амр бўлиб, насаблари Каъбда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг насаблари билан бирлашади. Куняси Абул Авар бўлиб, Абул Тур деган куня билан ҳам чақирилганлар. Онаси Фотима бинти Бажадир. Отаси Зайд Макка мушрикларининг бутларга топинишларини ақлсизлик ҳисоблаб, ҳақиқий динни излаб топиш мақсадида Сурия тарафларга бориб, яҳудий ва ҳристиан олимлари билан кўришади, уларнинг суҳбатларини олади. Бироқ улардан олган маълумотлари Зайдни қониқтирмайди. Унинг бу ҳолатидан воқиф бўлган бир роҳиб унга ширк ва ҳурофотдан узоқ ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломнинг дини бўлган Ҳанифликни қабул қилишини тавсия этади. Зайд шу тариқа Ҳанифлик ҳақида маълумот тўплай бошлайди ва диннинг таълимотларидан ҳабар топгач, излаганини энди топганини англайди ва Маккага қайтади. У Каъбага бориб ибодат қилади ва Маккада Иброҳим алайҳиссаломнинг динидаги ягона кимса у эканини Қурайш мушрикларига билдириб, бутлар учун қурбонлик қилиш гуноҳ эканини айтади ва уларни бу ишлари учун айблайди. Зайд Сурияга борган пайти Исмоил алайҳиссаломнинг наслидан бир пайғамбар чиқиши ҳақида ҳабар топган эди. Дўсти Амр ибн Робиъга бу ҳақда билдириб, пайғамбар чиққунча ҳаётда бўлмаса унга саломини етказишини тайинлайди. Зайд ваҳий нозил бўлишидан аввал дунёдан кўз юмди.
Саид отаси Зайднинг унга ўргатган ҳаниф дини ҳақидаги билимлари асосида вояга етди. Расулуллоҳ (с.а.в) Ислом динига даъват қила бошлаган пайтда ушбу янги дин отаси ўргатган ҳаниф динига ўхшаш эканини кўрди ва имон келтиришда кечикмади. Ривоятларга кўра Расулуллоҳ (с.а.в) оз сонли асҳоблари билан бирга Арқамнинг уйида яширин тўпланишни бошлашларидан аввал имон келтирганлар. Туғилган санаси манбаларда қайд этилмаган. Бироқ ҳижрий 50 ёхуд 51 йилда вафот этган чоғларида етмиш ёшдан ошганини ҳисобга олсак, ҳижратдан йигирма беш йил аввал туғилгани маълум бўлади.
Саид р.а. ҳазрат Умар р.а.нинг синглиси Фотима р.а. билан турмуш қурган эди. Ҳазрат Умар р.а. эса Саид р.а.нинг синглиси Отикага уйланган эдилар. Умар синглиси ва куёвининг янги динга кирганликларидан ҳабар топгач, қаттиқ ғазабланади ва уларнинг додини бериш мақсадида уйларига йўл олади. Бироқ воқеа Умар р.а.нинг имонга кириши билан якун топди. Мадинага ҳижрат қилган пайтида Саид р.а. ансордан Рифо ибн Абдул Мунзир р.а.нинг уйида меҳмон бўлдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг тавсияларига биноан бир ривоятда Абу Лубоба билан, яна бошқа бир ривоятга кўра Рофеъ ибн Малик р.а. билан қардошлик алоқаларини боғлаганлар. Убай ибн Каъб р.а. билан қардошлик алоқасини боғлаган деган ислом тарихчилари ҳам бор.
Саид ибн Зайд р.а. Бадр жангидан ташқари Расулуллоҳ (с.а.в)нинг барча ғазотларида иштирок этдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) Саид р.а. билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ р.а.га Сурия тарафга кетган Қурайш карвонининг қайтиши ҳақида маълумот олиш ва уни тезда Мадинага етказиш вазифасини бердилар. Шу тарзда Абу Суфён бошчилигидаги бу карвоннинг Суриядан қайтишда қўлга олиниши мўлжалланган эди. Саид ва Талҳа р.а.лар биргаликда ал Ҳавро деган ергача бориб карвоннинг қайтишини кута бошладилар. Бироқ улар карвон ҳақидаги ҳабарни Мадинага етказгунларига қадар Расулуллоҳ (с.а.в)га бу ҳақда маълумот етиб келди ва Мадинадан ансор ва муҳожирлардан ташкил топган қўшин ҳозирлаб йўлга чиқдилар. Улар Мадинага Бадр жанги бўладиган кун етиб келдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг карвоннинг йўлини тўсиш учун Мадинадан кетганларидан ҳабар топган Саид ва Талҳа р.а.лар уларга қўшилиш мақсадида дарҳол Бадрга томон йўл олдилар. Улар Турбон деган жойда Бадрдан қайтаётган Расулуллоҳ (с.а.в) билан учрашдилар. Бадр жангида иштирок эта олмаган бўлсаларда, Расулуллоҳ (с.а.в) жангда иштирок этганларга ўлжа ажратганлари каби, уларга ҳам ўлжадан улуш бердилар.
Саид р.а. ҳазрат Умар р.а.нинг ҳалифалик даврида Сурия ҳудудида бўлиб ўтган Дамашқ ва Ярмуқ жангларида иштирок этдилар. Саид р.а. умрининг сўнгги даврларини Мадинадан ташқаридаги Ақиқ водийсида кечирдилар ва бу ерда етмиш ёшдан ошганда вафот этдилар. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. уларнинг вафотларидан ҳабар топгач, дарҳол Ақиқ водийсига йўл олдилар ва жаноза ишлари билан шуғулландилар. Саид р.а.нинг жасадлари Мадинага келтирилди ва Саъд ибн Абу Ваққос р.а. ювиб кафанладилар. Мадинага дафн қилинган Саид р.а.нинг жанозасини Абдуллоҳ ибн Умар р.а. ўқидилар ва қабрга Саъд ибн Абу Ваққос р.а. билан бирга қўйдилар.
Саид р.а. ҳазрат Усмон р.а.нинг шаҳид этилишлари билан бошланган фитналарга гувоҳ бўлдилар. Улар уммат орасида рўй бераётган бундай фитналардан қаттиқ изтиробга тушдилар. Саид р.а. бир куни Куфа масжидига бордилар ва у ерда Муовиянинг Куфа волийси Муғийра ибн Шуъба атрофида бир қанча куфаликлар билан ўтирганини кўрдилар. Муғийра Саид р.а.га ҳурмат кўрсатиб ёнига ўтирғазди. Шу пайт бир одам кимнидир ёмон сўзлар билан ҳақорат қила бошлади. Саид р.а. Муғийрадан: “Бу одам кимни ҳақорат қилаяпти?”, деб сўраган эдилар, “Али ибн Абу Толибни”, деган жавоб олдилар. Шундан сўнг Саид р.а. қаттиқ изтиробга тушдилар ва Муғийрага: “Эҳ Муғийра, Муғийра! Расулуллоҳ (с.а.в)нинг асҳоби сенинг ёнингда ҳақорат қилинаяптию, сен бунга индамай қараб турибсанми? Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Абу Бакр жаннатдадир, Умар жаннатдадир, Али жаннатдадир, Усмон жаннатдадир, Талҳа жаннатдадир, Зубайр жаннатдадир, Абдураҳмон ибн Авф жаннатдадир, Саъд ибн Абу Ваққос жаннатдадир”, деганларини эшитганман, дедилар ва сўзларида шундай давом этдилар, “Керак бўлса уларнинг тўққизинчисини ҳам айтаман”. Эртасига куфаликлар уларнинг атрофини ўраб олиб, тўққизинчиси ким эканини айтишини илтимос қилиб сўрадилар. Шундан сўнг Саид р.а. “Тўққизинчиси менман, ўнинчиси эса Расулуллоҳ (с.а.в)дирлар”, дедилар сўнг атрофидаги одамларга қараб, саҳобаларнинг исломдаги аҳамиятини: “Бир кимсанинг Расулуллоҳ (с.а.в) билан бирга бир ерда бўлиб юзларининг чанг бўлиши, сизларнинг ҳар бирингиз ҳазрат Нуҳ каби амаллар билан узоқ яшашингиздан кўра ҳайрлироқдир”, деган сўзлари билан тушунтирдилар.
Саид ибн Зайд р.а. ҳақида ислом манбаларида шундай воқеа келтирилади: Арво исмли бир аёл Мадина волийси Марвон ибн Ҳакамнинг ҳузурига бориб, Саид ибн Зайд р.а.нинг унинг ерига тажовуз қилганидан шикоят қилди. Марвон одамларини Ақиқ водийсидаги ерда яшовчи Саид р.а.нинг ёнига шикоят ҳақида маълумот олиб келиш учун юборди. Саид р.а. келганларга: “Унга ноҳақлик қилган деб ўйлаяпсизми? Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитганман: “Кимки ноҳақ бировнинг бир қарич тупроғини эгалласа, қиёмат куни етти қават ернинг тагида бўлса ҳам тупроқ унинг бўйнига осилади”, сўнг аёлни дуоибад қилдилар: “Оллоҳим бу аёл ёлғон гапираётган бўлса унинг кўзларини кўр қилмасдан жонини олма ва қудуғини унга мозор қил”. Ривоятга кўра ўша аёл оз вақт ўтмай кўр бўлиб қолди ва уйи ёнида юрган пайт қудуқ ичига тушиб ўлди. Бу воқеа халқ тилида асрлар давомида айланиб, мадиналиклар орасида бировдан ғазабланган пайт, “Оллоҳ сени Арво каби кўр қилсин”, деган дуоибаднинг юзага келишига асос бўлди.
Саид ибн Зайд р.а.дан баъзи ҳақдислар ривоят қилинган бўлиб, булардан бири Жаннат ҳушҳабарини олган ўн саҳоба ҳақидаги ҳадисдир. Абдуллоҳ ибн Золим ал Мазиний Саид ибн Зайд р.а.дан шундай ривоят қилади: “Муовия Куфадан кетгач Муғийра ибн Шуъбани волий этиб тайинлади. Нотиқлар минбарларга чиқиб, Али р.а.ни ҳақорат қилдилар. Мен Саид ибн Зайднинг ёнида эдим. У ғазабланди ва ўрнидан турди. Мени ҳам қўлимдан тутган эди. Мен ҳам унга қўшилдим, у менга: “Ўз нафсига зулм қилаётган одамни кўряпсанми? Жаннат аҳлидан бўлган бир одамга лаънат айтилишини амр қилмоқда. Мен шоҳидлик бераман, тўққиз киши бордирки, улар жаннатдадирлар. Ўнинчисига шоҳидлик берсам ҳам гуноҳ қилмаган бўламан”, деди ва саволимдан сўнг сўзида шундай давом этди: “Расулуллоҳ (с.а.в) қимирлаётган Ҳиро тоғига: “Тўҳта эй Ҳиро! Сенинг устингда набий, сиддиқ ва шаҳиддан бошқа кимса йўқ”, дедилар ва ортидан жаннат ҳушҳабарини олган саҳобаларни санадилар”.
Саъд ибн Ҳабиб Саид ибн Зайд ҳам бўлган ўн жаннатий саҳобанинг исмларини зикр этаркан шундай дейди: “Улар ҳар доим жангда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларида, намозда эса орқаларида турганлар”.