loader

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу

Ҳаким ибн Ҳизом Қурайшнинг олийнасаб оиласидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари бўлган онамиз Ҳадича розияллоҳу анҳу аммалари, Зубайр эса амакиваччаларидир.
Уларнинг туғилишлари ҳам ғаройиб бўлган: Оналарини тўлғоқ тутган вақтда Каъба атрофида эди. Шу сабабдан бир қанча аёллар билан Каъбага кириб, ўша ерда фарзанд дунёга келтирди. Мана шу янги туғилган чақалоқ кейинчалик Макка фатҳи арафасида мусулмон бўлиб, Тоиф ва Ҳунайн ғазотларида қаҳрамонлик кўрсатган Ҳаким ибн Ҳизом эдилар.
Ҳаким ибн Ҳизом шарафли ва бой оилада улғайдилар. Ўзлари эса Қурайшнинг улуғларидан бўлиб, ақлли ва сахий киши эдилар. Мол-мулкларининг бир қисмини ҳожиларга ёрдам қилиш учун сарфлар эдилар. Оталари Фижор жангларидан бирида вафот этганди.
Ҳаким ибн Ҳизом шундай дейдилар:
– Жоҳилият даврида энг яхши кўрган инсоним Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эди.
Улар ҳижратга қадар иймон келтириб, Исломга кирмадилар. Бир куни эллик динорга сотиб олган бир ҳирқани Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилишни истадилар, бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабул қилмадилар. Убайдуллоҳ уларга шундай дедилар:
– Биз мушриклардан ҳадя қабул қилмаймиз. Бунинг устига сен ҳадяни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга беряпсан. Фақатгина унинг ҳаққини тўлаб олишлари мумкин.
Бошқа ривоятда Ҳаким ибн Ҳизом шундай дейди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳирқани кийдилар. Минбарда эканлар ҳирқани эгнида кўрдим. Ҳирқа у зотга шундай ярашган эдики, ўша пайтга қадар бундай кўркам либосни кўрмаган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳирқани кейинчалик ҳазрат Усомага ҳадя қилдилар.
Ҳаким ибн Ҳизом билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида нубувватдан аввал ҳам дўстлик ва ўзаро ҳурмат бор эди. Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳадича билан турмуш қурганларидан сўнг бу дўстлик янада мустаҳкамланди. Шуларга қарамай, Ҳаким ибн Ҳизом Макка фатҳига қадар мусулмон бўлмадилар.
Ҳаким ибн Ҳизом Исломни кеч қабул қилганларидан қаттиқ пушаймон эдилар. Аллоҳ ва Расулининг йўлида молини ва жонини фидо этиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга оғир дамларда бирга бўлиш фурсатини қўлдан бой берганлари уларни қайғуга соларди. Бироқ, мусулмон бўлганидан сўнг бой берган фурсатларининг ўрнини тўлдириш учун кечаю кундуз хайрли ишларда пешқадам бўлдилар. Аллоҳга итоат қилиш ва Унинг динини юксалтириш учун ҳар ондан унумли фойдаландилар.
Ҳаким ибн Ҳизом шундай дейдилар:
– Уч карра кетма-кет бориб Расулуллоҳдан бир нарсалар сўрадим. Улар ҳар сафар менинг қўлимни қуруқ қайтармай, сўраган нарсаларимни бердилар, бироқ охирги марта борганимда мени шундай деб огоҳлантирдилар:
– Эй Ҳаким, дунё моли жуда ширин. Кимки, қалб бойлиги билан унга эга бўлишга ҳаракат қилса, у мол барокотланади. Кимки, кибрланиб бу молни олса, бу мол барокотсиз бўлади. Бундай кишининг ҳоли еб туриб асло тўймайдиган кимса кабидир. Берган қўл олган қўлдан устундир.
Шундан сўнг мен дедим:
– Эй Аллоҳнинг Расули, Сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, ҳаётимнинг сўнггига қадар ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Абу Бакр ва Умар Ҳаким ибн Ҳизомга мол бериш учун чақирардилар, бироқ улар қабул қилмадилар. Умар бу ҳолдан сўнг мусулмонларга юзланиб дердилар:
– Эй мўминлар, сизлар шоҳидсизларки, мен ўлжадан улуш бериш учун Ҳакимни ҳузуримга чақирдим. У эса буни қабул қилмади. Ҳаким ибн Ҳизом вафот этгунларига қадар ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадилар.      
Бошқа ривоятда Умар шундай деганлар:
– Аллоҳим Ҳаким ҳақида Ўзинг шоҳид бўл. Мен уни ўлжадан улуш бериш учун чақирдим, бироқ у қабул қилмади.
Шунга қарамай, Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу вафот этганларида Қурайшнинг энг бойларидан бири эдилар.
Абу Ҳозим шундай дейди:
– Аллоҳ йўлида Ҳакимдан кўра кўпроқ сарфлаган кимсани кўрмадим. Амакиваччаси Зубайр вафот этганида унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрга келиб шундай деди:
– Қариндошим Зубайрнинг қанча қарзи бор?
Абдуллоҳ:
– Бир милён дирҳам қарзи бор, – деб жавоб бергач Ҳаким:
– Бу қарзнинг ярмини мен тўлайман, – деди.
Ҳаким ибн Ҳизом шундай дейдилар:
– Эшигимга келган ҳар бир эҳтиёжманд кимсага ёрдам беришни ўз вазифам деб билдим, чунки қилаётган ёрдамларим учун кутаётган мукофотимни мусибат деб билардим.
Аллоҳнинг раҳмати билан бир киши мусулмон бўлгач, аввал қилган ёмон ишлари ўзига яхшилик бўлиб қайтади. Шундайлардан бири бўлган Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Мусулмон бўлишимдан аввал қилган ёмон ишларим учун менга бирор жазо борми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Мусулмон бўлганингдан сўнг аввал қилган гуноҳларинг сен учун хайрдир.
Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дедилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Жоҳилиятда қилмаган ёмонлигим қолмади. Аллоҳга қасамки, қилган ўша ёмонликларим терсини мусулмон бўлганимдан сўнг қиламан.
Жоҳилиятда юзта қул сотиб олгандилар, мусулмон бўлганларидан сўнг юзта қул озод қилдилар. Жоҳилияда юзта туя сотиб олгандилар, мусулмон бўлганларидан сўнг  юз туя қурбон қилдилар.
Уларга мусулмон бўлишни насиб этган Аллоҳга шундай шаклда қасам ичардилар: “Бадр куни мени ўлимдан сақлаган Аллоҳга қасам”.
Умрининг сўнггига қадар Бадр кунида омон қолдирган ва мусулмон бўлиш ила шарафлантирган Аллоҳга шукр қилиб ўтдилар.
***
Жоҳилиятда Қурайш аҳлининг улуғлари тўпланиб Дор-ун Надвада мажлис қилар эдилар. У ерда қилинган энг ёмон мажлис Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга қарор қилинган мажлис эди.
Ҳаким ибн Ҳизом Дор-ун Надвада бўлиб ўтган тарихнинг бу қора хотираларини ўчириш мақсадида ушбу жойни юз минг дирҳамга сотиб олиб Ислом йўлида бағишладилар.
Ибн Зубайр бу савдо учун ҳазрат Ҳакимга шундай дедилар:
– Қурайшнинг шараф ва обрўсини сотиб олдингиз.
Ҳаким ибн Ҳизом эса шундай жавоб бердилар:
– Жияним, тақводан кўра юксакроқ шараф ва обрў йўқ. Мен бу ерни
сотиб олиш билан Жаннатдан бир уй сотиб олишни умид қилдим. Шоҳид бўлинг, мен бу ерни Аллоҳ йўлига бағишлайман.
Исломга аталган узун умрдан сўнг Ҳаким ибн Ҳизом ўлим тўшагига ётиб қолдилар. Мусулмонлар унинг ҳар доим шундай деганини нақл қиладилар:
– Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳим, аввалдан Сендан қўрқардим, бироқ энди Сенга етишишни интизор бўлиб кутяпман.
Ҳаким шу сўзлари айтиб омонатларини топширдилар.
Имом Бухорий “Тарих” номли асарларида улар тўғрисида шундай дейдилар:
– Олтмиш йил мушрик, олтмиш йил мусулмон бўлиб яшади.
***
Ёшлари билан боғлиқ яна бир ривоятга кўра, Имом Заҳабий шундай дейдилар:
– Мусулмон бўлганидан сўнг салкам қирқ йил яшади.
Ҳаётларини Каъба ичида бошлаган Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу қалблари Исломга тўлган ҳолда бу дунёни тарк этдилар.

Орқага Олдинга