Вақтики, жаноб Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари йигирмадин ошди, муборак диллари ҳаёт заруриёти учун бирор касб ва санъат (ҳунар) ила кун кечирмакға моил бўлди. Машғала (машғулот) кўб эрди, лекин Ҳазрат тижоратни ихтиёр этдилар. Тижорат учун кофий (етарли) сармоя йўқ эрди. Бу хусусда бироз фикрда турган эрдилар-ки, Маккаи Мукарраманинг мўътабар боиззат (ҳурматли) молдор (бой) хонадонларидин бир бева хотун бор эрди. Номлари Хадийжа бўлуб, ниҳоятда давлатманд, сармоядор хотун эрдилар. Одамлар бу хотундин сармоялар олушуб, тижорат қилушур эрдилар. Бу хотун жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи жамила-ю одоти жалила (улуғвор табиат)ларин ва ақлу тадбирда шуҳратларин эшитуб, ўз-ўзича шерики тижорат бўлушларин талаб (таклиф) қилди, бор молларин қўли ила тобшурди ва Майсара ном бир (йигит) ходими бор эрди, хизматлариға ҳамроҳ қилуб берди. Жаноб ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Хадийжа молларин олуб, Шом сафариға чиқдилар. Бу сафарда тижоратлари ниҳоятда кўб наф қилди. Тижоратда бўлғон бу қадар буюк нафни кўрган ҳазрати Хадийжа беҳад хуш бўлди. Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳиссаларин тобшурди.
Кундин кунға халқ ўртасида садоқату омонат ила шуҳратлари зиёда бўлғон сабабдин, тамоми аҳли Макка Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам номлариға Содиқ (ростгўй) ва Амин (омонатли) лақаби (сифатлари)ни зиёда қилдилар ва исми шарифларин Муҳаммад Содиқ (ва Муҳаммад) Амин деб, ёд қила бошладилар.
Хусусан, Шом сафарида ҳамроҳ бўлуб боруб келган Майсара ўз саййидаси Хадийжаға тамом кўрган-билган воқеаларин баён қилуб, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламни бир гавҳари якто (ягона) ва бир зоти беҳамто (ўхшаши йўқ) эканликларин билдурди. Аввалдин бу жаноб ҳақларида камоллариға асир ва мухлиси беназир бўлуб юрган Хадийжани ақидаси (ишончи) яна зиёда бўлди.
Ҳазрати Хадийжа аввал икки эр қилғон, икки-уч болалик бўлғон ва ёшлари қирқға борғон бир бева хотун эрдилар. Арабларнинг буюкларидин неча киши толиб (талабгор) бўлғонда, қабул қилмағон эрдилар. Ўзлари соҳиби ҳиммат, ахлоқлари покиза бўлғон сабабдин, Қурайш жамоаси (қабиласи)да лақаблари Тоҳира (покиза) эрди.
Бу зот анқариб (яқинда) бир зотнинг Набийи охири замон бўлуб чиқишларин билур эрдилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шояд ўшал зот бўлуб қолишлариға гумонлари бор эрди. Тубандаги воқеа шул гумоннинг ростлиғиға далолат қилур.
“Мажаллатул манор” соҳиби Саййид Рашид Ризо ўз таълифи “Хулосатус-сийратил Муҳаммадийя”да дебдурки: “Фокиҳий “Тарихи Макка”да саййидуно (саййидимиз) Анас розияллоҳу анҳудин ривоят қилурки: “Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик замонларида бир кун амакилари Абу Толиб қошида ўлтурганларида, андин Хадийжа уйиға бормакға ижозат сўрадилар. Амакилари ижозат бердилар, лекин орқаларидин Набаъа номлик бир жорияни ҳам юборуб, дедики: “Эй Набаъа, сен баробар боруб, Хадийжа Муҳаммадға нима сўз қилур, эшитгил”.
Набаъа дебдурки: “Мен Муҳаммад ила Хадийжа уйиға баробар бордим. Хадийжа Муҳаммад истиқболи учун кўча дарвозасиғача чиқди, Муҳаммад қўлин тутуб, сийнаси (кўкраги)ға ва бўюнларига суркади (босди), кейин деди: “Эй жаноб, ота ва онам сенға (сизга) фидо бўлсун. Мен бу ишни бошқа бир ғараз учун қилмадим, балки шунинг учун қилдимки, шояд Набийи охири замон сен (сиз) бўлсанг(из). Агар менинг бу фаросатим тўғри бўлуб, ўшал пайғамбар сен (сиз) бўлуб қолсанг(из), менинг ҳаққимни ва манзалатим (ўрним)ни яхши тануб қўйгил (қўйинг), сени (сизни) пайғамбар қилуб юборгувчи Парвардигор даргоҳиға менинг учун дуо қилгил (қилинг)”.
Набаъа деди: “Хадийжанинг бу сўзиға Муҳаммад бу жавобни берди: “Эй Хадийжа, мен агар сен деган пайғамбар бўлуб қолсам, сенинг бу ақида (ишонч) ва бу иноят (илтифот)ингни ҳаргиз унутмасман. Ва агар мен бўлмасам ҳам, ул Худойики, сен бу ақида ва ҳурматни Анинг учун қилуб турубдурсан, ҳаргиз сени унутмас”.
Воқидий ривоятида (Хадийжа розияллоҳу анҳонинг дугонаси) Нафиса бинти Умайя дебдурки: “Хадийжа ниҳоятда шарофатлик, сабрлик, молдор, баҳодир бир хотун эрди. Бева қолғондин кейин Қурайшнинг улуғларидин ани таманно (орзу) қилмағон ва анга толиб бўлмаган бир киши қолмади, лекин ул қабул этмади.
Вақтики, жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг сармоясин олуб, Шомға боруб қайтдилар ва тижоратлари кўб наф қилди, мени махфий суратда ул зот хизматлариға юборди. Мен боруб дедим: “Эй Жаноб, сиз на учун хотун олмайдурсиз?” Жавоб бердиларки: “Хотун олишға қодир эмасман, қўлумда бир нарса йўқдур”. Мен дедим: “Агар Худо сизға бир соҳибжамол, молдор, шарифа, муносиб хотун карам (икром) қилса, нима дерсиз?” Жаноб сўрадиларки: “Ул хотун кимдур?” Мен дедим: “Хадийжадур”. Кейин Жаноб рози бўлуб жавоб бердилар.
Кейин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча амакилари ила ҳазрати Хадийжанинг амакиларин (Амр ибн Асад) уйлариға бордилар. Амакилари Абу Толиб: “Хадийжани фарзандимиз Муҳаммадға талаб қилуб (сўраб) келдук”, дедилар. Хадийжа(нинг) амакилари қабул этдилар. Маҳрлари йигирма адад туя (бўталоқ) бўлди. Никоҳ хутбасин Абу Толиб ўқудилар. Йигирма беш ёшлик навжувон (йигит) қирқ (ёки ундан кичик) ёшлик бир бокамол, шарифа хотун ила хонадор (оилали) бўлдилар. Ҳар икки жаноб меҳру муҳаббат ва иззату ҳурмат ила йигирма беш сана (йил) умр кечурдилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма (олти нафар) фарзандлари шул жанобдин бўлгандур ва бу жаноб тирик туруб бошқа бир хотунни устлариға олмадилар, бошқа волидаларимизни бу зот вафот қилғонларидин кейин олғондурлар. Жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир хотунларин ҳазрати Хадийжа баробарларида яхши кўрмас эрдилар. Вафотларидин кейин ҳам ҳамиша ёд қилур эрдилар.
Ҳазрати Оиша кўрмасалар ҳам, ул жанобға кўб куяр эрдилар. Бир кун жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Хадийжадин сўз қилуб туруб эрдилар, Оиша дедилар: “Ул кишини мунча ёд қилурлар? Бир кампир эрди, Худо олди, ўрниға андин яхшироғини берди”. Оиша розияллоҳу анҳонинг бу сўзлариға Ҳазратнинг ғазаблари келди, дедилар: “Йўқ, йўқ! Ҳаргиз андин яхшисини бермади. Чунки Хадийжа одамлар менга ишонмаган замонда, ишонуб иймон келтурди, халқ менга боқмағон замонда, молу жони ва иззати ила мени ҳимоя қилди ва фарзандларимни Худо андин ато қилди”. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо дебдурларки: “Шул кун мен аҳд қилдимки, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мундин кейин Хадийжани ёмонламай”. Мана, вафодорлик, қадрдонлик шундоғ бўлур.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир қўй забҳ қилдурсалар (сўйдирсалар), ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳонинг аҳбоб (дугона)лариға насиба юборур эрдилар.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Хадийжани никоҳлариға олғондин кейин, (Хадийжа онамиз) Худонинг ибодати ва Набийи башарнинг хайру беҳбудлиги (хизмати) ила машғул турдилар.
Шул фурсатда мамлакат сардорлари, қабила бошлиғлари ила кўрушганларида, олам амну омони, йўллар тинчлиги, ўзаро иттифоқлик, ўртадаги душманликларни кўтариш ҳақинда ниҳоятда муҳим маслаҳатларда бўлур эрдилар. Бу таҳрик (ҳаракат)ларин натижасида, бир жамият (“Ҳилфул фузул” иттифоқи) қоим бўлди. Бу жамиятға Бани Ҳошим, Бани Мутталиб, Бани Асад, Бани Зуҳра (ва Бани Тайм уруғлари) шомил (дохил) эрдилар. Дохил бўлгувчи аъзолар бу тариқа аҳду паймон қилур эрдилар:
1) бизлар мамлакатни фасоддин, тинчсизликдин сақлармиз;
2) йўловчиларни муҳофаза этурмиз;
3) ғариб (мусофир)ларға мадад берурмиз;
4) тоқтур (кучли)ларни нотавон (заиф)ларға ва бекас (ҳеч кими йўқ)ларға зулм қилгали қўймасмиз.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тадбирларидин инсонлар жону моллари (бир) нав осойиш топуб қолуб эрди.
Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлғон замонларида ҳам дер эрдиларки: “Ҳозир ҳам бир киши ўшал (ўшандай) жамият номидин бир мазлум мадади учун бизни чақирса, ҳозирдурмиз”.
Мана бу тариқада кундин кунға халқ учун манфаатлик салоҳ (эзгулик)лар бера бошлаган сабабларидин, бутун уммати арабия (Макка аҳли) ул жанобни номларин тутолмай, фақат Содиқ ва Амин деган алфози муборака ила чақирушур эрдилар.