loader

ФАТҲИ МАККАИ МУКАРРАМА

Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша Маккаи Мукаррамани фатҳ этмак учун диллари беқарор эрди. Лекин Қурайш ила қилғон муоҳадалари бу нарсаға монеъ эрди.
Иттифоқо, Бани Бакр ила Бани Хузоъа ўрталарида жанжал бўлди. Бунинг сабаби, Ҳудайбийяда сулҳ бўлғонда шарт қилунғон эрдики, ҳар ким жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ақду аҳд (иттифоқ)лариға кирмакчи бўлса, кирсун ва ҳар ким Қурайш ақду аҳдиға кирмакчи бўлса, кирсун. Мана бу эълондин фойдалануб, Бани Бакр Қурайш жамоаси (қабиласи)ға қўшулуб кетди ва Бани Хузоъа ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳлариға ўтуб қолди. Кейин оз муддатда Бани Бакр бир баҳона топуб, Бани Хузоъаға ҳамла қилди ва Қурайшдин мадад тилади. Қурайш мадад берди ва силоҳ берди. Бу ҳолни кўруб, Хузоъадин бир жамоа халқ тарафидин вакил бўлуб келуб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға бўлуб ўтган зулму ситамларни баён қилдилар ва вазифаларини адо қилуб, ўзлари Маккаи Мукаррамаға ёнуб (қайтиб) кетдилар.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромға дедилар: “Энди, Абу Суфён сизларға иттифоқномани мустаҳкам қилуб, муоҳада муддатини зиёда қилдурмак учун келуб қолур. Дарҳақиқат, зиёда вақт ўтмади, Абу Суфён Мадинаға етуб келди. Волидамиз ҳазрати Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо уйлариға кирди ва жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшаклариға ўлтурмакчи бўлди, жаноб волида ўлтургали қўймадилар, дедилар: “Сен (сиз) бир нопок мушриксан(сиз). Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрунлариға ўлтурушунг(из)ни муносиб кўрмасман”.
Абу Суфён жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурлариға борди. Муоҳада муддатин узайтурмак учун кўб сўз қилди, лекин Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар. Кейин ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хизматлариға борди ва бу матлаб (талаб)да мусоъада (ёрдам) истади, жаноб қабул қилмадилар. Ҳазрати Форуқдин илтимос қилди, рад қилдилар. Охир ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу қошлариға боруб, кўб ёлборди, лекин тамом меҳнати бекор кетди. Маъюс бўлуб, туясиға минуб, Маккаға ёнуб кетди.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларға уруш учун ҳозирлик кўрулсун, деб амр бердилар. Лекин қайси тарафға боришларин маълум қилмадилар. Дуо қилдиларки: “Эй Аллоҳ, бу воқеани Қурайшға хабар бермагил, токи бизлар аларни ногаҳон боруб босайлик”.
Ҳазрати Ҳассон розияллоҳу анҳу Хузоъа жамоаси (қабиласи)ға бўлғон Қурайш зулмларини шеърлар ила ажиб андозада баён қилуб, халқни урушға тарғиб беруб турдилар.
Кейин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи: муоҳадага амал, иккинчи: мазлумлар додлариға етмак, учунчи: дўст қабилаларни келажакда ҳафозат (муҳофаза)лари учун ўн минг адад лашкарни ҳамроҳ олуб, Макка тарафиға равона бўлдилар.
Икки манзил (кунлик) йўл юруб эрдилар, йўлда амакизодалари Абу Суфён ибн Ҳорис ила аммазодалари Абдуллоҳ ибн Абу Умайя йўлуқушуб қолдилар. Булар иккилари жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ниҳоятда кўб озор берган ва Исломни маҳв (йўқ) этмак учун бор тоқатлари ила кўшиш (саъй-ҳаракат) қилғон зотлар эрдилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам буларни кўрган замон юзларини ўгуруб олдилар. Уммул муъминин ҳазрати Умму Салама розияллоҳу анҳо арз қилуб дедилар: “Ё Расулаллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Суфён ҳақиқий амакиларин ўғлидур ва Абдуллоҳ ҳақиқий аммаларин ўғлидур. Бу қадар яқин қариндошлари марҳаматларидин нечук маҳрум бўлурлар. Кейин жаноб Алий муртазо розияллоҳу анҳу бу икки зотға таълим беруб дедиларки: “Сизлар жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қошлариға яқин боруб, ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг биродарлари деган оятни ўқунглар, шояд Жаноб афв ва раҳм қилсалар”. Кейин алар иккилари хизмати ақдас (муборак)ға келуб, дедилар:
تَاللَّهِ لَقَدْ آثَرَكَ اللَّهُ عَلَيْنَا وَإِنْ كُنَّا لَخَاطِئِينَ
(“Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни бизлардан афзал қилибдир. Бизлар эса, шубҳасиз, хато қилгувчилардан бўлдик”) .
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг жавоблариға:
لَا تَثْرِيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللَّهُ لَكُمْ وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ
(“Бугун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир”) , дедилар.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам иродалари шул эрдики, Маккаға етгунларича маккаликларнинг хабарлари бўлмасун. Алҳамду лиллоҳ, шундоғ бўлди.
Вақтики, Маккаи Мукаррамаға етдилар, хорижда (Марруз-заҳронда ) ором қилдилар. Ҳукм бердилар, тамом лашкар ададларича ўтлар ёқилсун. Андин аҳли Маккаға хабар бўлди.
Субҳ бўлуши ила ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр бердиларки, лашкар Маккаға бўлак-бўлак йўллардин кирсунлар. Тубандаги аҳкомға амал қилсунлар:
1)    ҳар ким (қурол-)яроғини ташласа, ани ўлдурулмасун;
2)    ҳар ким Каъбаи шарифа ичлариға кируб олса, ўлдурулмасун;
3)    ҳар ким Абу Суфён уйиға паноҳ олса, ўлдурулмасун;
4)    ҳар ким ўз уйиға паноҳ олса, ўлдурулмасун;
5)    ҳар ким Ҳаким ибн Ҳизом уйиға паноҳ олса, ўлдурулмасун;
6)    қочганларни қўюб берилсун;
7)    яраланганларни ўлдурулмасун;
8)    асир тушганларни ўлдурулмасун.
Аллоҳ таборак ва таолонинг мададу инояти ила тамом лашкари Ислом ниҳоятда иззату шавкат ила Маккаи Мукаррамаға дохил бўлдилар. Сардорлардин ҳазрати Холид ибн Валиддин бошқалари ҳеч бир муқобала этулмай (қаршиликка учрамай) кирдилар. Танҳо ҳазрати Холид аскарлари ила маккаликлар ўрталарида бироз тўқунуш (тўқнашув)лар бўлди.
Анжоми (натижада), мусулмонлардин икки нафар, бошқалардин йигирма саккиз (балки, ўн икки) нафар ҳалок бўлдилар.
Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирманчи (балки, ўн еттинчи) рамазони муборакда Маккаи Мукаррамаға фотиҳона дохил бўлдилар. Шаҳарға кируб туруб, туя устинда сураи “Иннаа фатаҳнаа”ни ўқур эрдилар. Муборак бошлари тавозеъдин хам бўлган (эгилган) эрди. Шул ҳолда Масжиди Ҳаромға дохил бўлдилар. Каъбаи шарифани туя устинда тавоф қилдилар. Ҳажари асвад муқобили (тўғриси)ға келганларида, қўлларидаги чўб ила истилом қилур (яъни, таёқнинг учини Ҳажари асвадга теккизиб, ўша жойини ўпиб қўяр) эрдилар.
Тавофдин фориғ бўлганларидин кейин Усмон ибн Талҳа (Абдарий)ни чақируб, қўлидин Каъба калидин олдилар, дарвозани очдуруб, ичиға кирдилар. Анда бор бутларни тушуруб, синдурдилар. Кейин Каъба дарвозасида туруб, одамларға боқуб туруб, дедилар:
لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ صَدَقَ وَعْدَهُ وَنَصَرَ عَبْدَهُ وَهَزَمَ الْأَحْزَابَ وَحْدَهُ.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи шарифадин чиқуб кўрдиларки, рўбарўларида Маккаи Мукарраманинг буюк сардорлари ва муҳтарам узамою зуъамо (улуғларию етакчи)лари жам бўлушуб, ҳамма ҳукми илоҳий ва адолати Муҳаммадияға мунтазир турубдурлар. Булар ўшал зотлардурларки, юзларча мусулмонни турлук азоблар ила қийнаб, охир ватанларидин дарбадар қилғонлардурлар. Ислом динин маҳву фано (йўқ) қилмак учун Ҳабаш, Шом, Нажд, Яманларға қадар боруб, қўлларидин келган ҳаракатларни қилғондурлар. Неча бор Маккадин Мадинаға қадар боруб, бечора мусулмонларға озорлар беруб келгандурлар. Ғарази бу жамоа (бу жамоанинг мақсади) тоқатларин борича, Худо ва Расулға адоватларин кўрсатуб келгандурлар. Бугун Аллоҳ таолонинг мадади ила ҳаммалари асиру ночор бўлғон ҳолда Худо ҳукмиға интизорда турубдурлар.
Каъбадин чиқғон соатларида амакилари саййидуно Аббос арз қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, Каъба калидини бизларға берсунлар”. Жаноб дедилар: “Бугун вафо кунидур”. Кейин Усмон ибн Талҳа (Абдарий)ни чақируб, Каъба калидин қўлиға тобшурдилар ва дедиларки: “Ҳар ким бу калидни сендин олса, ул золимдур”.
Кейин ҳозир турган жамоаға боқуб, ниҳоятда асар (таъсир)лик бир хутба ўқудилар. Анда Ислом аҳкомидин бир мунча муҳимларин баён қилдиларки, баъзилари булардур:
“Бир мусулмон бир кофирни ўлдурса, ул мусулмон қасос учун ўлдурулмас. Икки бошқа-бошқа миллат (дин) аҳллари бир-биридин мерос олмас. Бир хотунни ўз аммаси ё холасининг устиға олуб бўлмас. Даъво қилғувчи гувоҳ келтурур, тонғувчи қасам ичур. Бир хотун киши ёнида маҳрами бўлмаса, уч кечаю кундузлик йўлға сафар қила олмас. Бомдод намози ва аср намозидин кейин (нафл) намоз ўқулмас. Ийди рамазон ва Ийди қурбон кунлари рўза тутулмас.
Кейин хос Қурайш жамоасиға боқуб, марҳамат қилдилар: “Эй маъшари Қурайш! Бугун Аллоҳ таоло сизларнинг жоҳилиятдин қолғон манманликларингизни сизлардин олуб ташлади. Тамом инсонлар Одамдин тарқалғондур ва Одам туфроғдин яратилгандур. Аллоҳ таоло иршод қилур:
(يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ)
“Эй инсонлар, биз сизларни бир эру бир хотундин яратгандурмиз ва сизларни жамоаларға-ю қабилаларға бўлуб қўйдук, токи бир-бирларингиз ила танушунглар. Ҳақиқат шулдурки, Аллоҳ таоло ҳузурида ҳаммадин зиёда ҳурматликларингиз ҳаммадин зиёда Худодин қўрқғонларингиздур. Таҳқиқ, Аллоҳ таоло билгувчи ва хабардордур” .
Кейин дедилар: “Эй Қурайш жамоаси, менинг ҳақимда гумонларингиз нечукдур?” Алар дедилар: “Умидимиз хайр (яхшилик)дур. (Ўзлари) яхши биродаримиз ва яхши биродаримиз фарзандидурлар”. Жаноб Расулуллоҳ дедилар: “Боринглар, ҳаммаларингиз озоддурсизлар”.
Кейин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тоғида ўлтуруб, халқдин Ислом учун байъат ола бошладилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу байъат қилгувчиларни бирдин-бирдин тўғри қилуб турдилар. Ўшал кун мусулмон бўлғувчилардин бирлари ҳазрати Муовия эрдилар ва ҳазрати Абу Бакр оталари Абу Қуҳофа ҳам мусулмон бўлдилар. Бу жаноб исломларидин жаноб Расулуллоҳ ниҳоятда хурсанд бўлдилар.
Шул қаторда бир одам келуб қолди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўруб, ҳайбат олди, баданлариға титроғ пайдо бўлди. (У зот) марҳамат қилдилар: “Биродар, қўрқма. Мен подшоҳ эмасман, қоқ гўшт еб юрган бир хотуннинг ўғлудурман”.
Маккаликлардин бир неча одам ҳақинда жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм қилуб эрдиларки: “Тутулган ерда ўлдурулсунлар, агарчи Каъба ғилофлариға осилиб турган бўлсалар ҳам раҳм қилунмасун”. Бу жамоа учун бутун олам танг бўлди, ўзларин ҳар тарафға олдилар. Ажаллари етганлари ўлдурулдилар.
Қолғонлари Аллоҳ инояти ила мусулмон бўлушуб, Исломнинг содиқ фарзандларидин бўлдилар. Булардин бирлари Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ эрдилар. Бу зотни разоъий (эмикдош) акалари ҳазрати Усмон ибн Аффон омон(лик) беруб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдин сўраб олдилар.
Яна бирлари ҳазрати Икрима ибн Абу Жаҳл эрдилар. Бу зот Маккадин қочиб, дарё (Қизил денгиз) канораси (соҳили)да энди кемаға минуб турганларида, хотунлари Умму Ҳаким боруб, сафардин қайтардилар ва дедилар: “Эй Икрима, сен ўзунгни ҳалок этма. Мен тамом бани башар (башарият)нинг улуғи ва карамлиги (олийжаноби) бўлғон бир зоти ақдас (муборак) ҳузурларидин сенинг учун омон(лик) олуб келдим”, дедилар. Бу хотун Маккаи Мукаррама фатҳ этулишидин муқаддам мусулмон бўлғон эрдилар. Бу сўзни эшитгач, ҳазрати Икрима қайтдилар. Хотунлари ила баробар жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға келдилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жанобни кўрган замон ўрунларидин ирғиб тур(иб, шундай де)дилар:
مَرْحَبًا بِمَنْ جَاءَنَا مُهَاجِرًا مُسْلِمًا
Яъни, “Марҳабо, бу меҳмони мукаррамғаки, ҳижрат қилғон ва мусулмон бўлғон ҳолда бизнинг ҳузуримизға келдилар”.
Кейин ул зот мусулмон бўлдилар ва арз қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, менинг учун ўзларин ҳақларида қилғон ҳар бир адоватларим ҳақида мағфират талаб қилсунлар”. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағфират талаб қилдилар. Кейин бу жаноб мусулмонларнинг буюкларидин ва ниҳоятда Ислом учун ғайратликларидин бўлдилар.
Яна бирлари Ҳаббор ибн Асвад эрди. Бу зот Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ожизалари (тўнғич қизлари) саййидуно Зайнаб розияллоҳу анҳо Маккадин Мадинаға кетуб турган вақтларида найза била кажава (тахтиравон)ларини уруб, йиқитган эрди. Андин қоринларидаги ҳамл (ҳомила)лари тушуб, шунинг асаридин бемор бўлуб, (кейинчалик) ўзлари ҳам вафот бўлғон эрдилар. Мана бу одам аввал ўзин бир гўша (пана жой)ға олуб яширинди. Бир кун ўз-ўзича ҳузури набавийға келуб, тамом гуноҳлариға иқрор этуб, афвларин талаб этди. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам афв этдилар.
Яна бирлари саййидуно Ҳамзани қотиллари Ваҳший ном бир зот эрдилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни ҳам афв этдилар.
Хотунлардин Абу Суфённинг хотунлари Ҳинд ҳам афв этулди. Бу зот ҳазрати Ҳамза розияллоҳу таоло анҳунинг сийна (кўкрак)ларин ёруб, жигарларин чиқаруб олуб, тишлари ила чайнаб ташлади. Қулоғларин ва бурунларин кесуб олуб, иф (ип)ға ўткузуб, бўйниға тақуб олди. Мана бу хотунни ҳам гуноҳин афв этуб, қўюб бердилар.
Инсон бу воқеаларни яхши мулоҳаза қилуб кўрса, бетараддуд (иккиланмай) таслим этурки, Маккани ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лашкарлари фатҳ қилмади, балки ани хулқи Муҳаммадий ва афви Аҳмадий фатҳ қилғондур. Маккадаги кофирлар(нинг) молларин ғанимат олиш бир тарафда турсун, Маккадин ҳижрат қилғон зотлар қўлларидин зўрлик ила тортиб олунғон уй ва жойларин талаб қилсалар ҳам бермадилар. Марҳамат қилдиларки: “Худо учун ташлаб ҳижрат қилунғон нарсаларни яна қайтуб олмак ножоиздур”.
Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат қилувчилар ва Исломға дохил бўлғувчилардин тубандаги нарсаларға иқрор олур эрдилар:
1) мен Аллоҳ таолоға зотда ва сифотда, ва ибодатға ҳақдорликда ҳеч бир нарсани шерик қилмасман;
2) мен ўғурлик, зино, хуни ноҳақ қилмасман (ноҳақ қон тўкмасман), қиз болаларни ўлдурмасман, ҳеч кимға бўҳтон қилмасман;
3) тоқатим борича Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға итоатда бўлурман;
4) агар байъат қилғувчилар хотунлар бўлсалар, алардин бу иқрорни ҳам олур эрдилар: Мен мотам вақтида юзумни юлмасман, қўлларим ила чеҳраларимға урмасман, сочларимни юлмасман, яқо (ёқа)ларимни йиртмасман, қора либос киймасман, қабр устида ўлтуруб йиғламасман.
Маккаи Мукаррама фатҳ бўлғонларидин кейин ҳар тарафдин халқ Ислом диниға дохил бўла бошладилар. Чунки, тамом қабилалар Қурайш қабиласиға боғлиғ эрдилар. Аксарлари алардин қўрқур эрдилар ё аларни лиҳоз қилур (кузатур) эрдилар. Вақтики, Қурайш қабиласи Исломға дохил бўлдилар, буни кўруб ва эшитиб, бошқалар ҳам мусулмон бўла бердилар.
Иккинчи сабаб шул эрдики, тамом қабилалар Каъбани кўб муқаддас билур эрдилар. Ўзаро дедиларки: “Агар Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ набий бўлсалар, Маккаи Мукаррамани фатҳ этурлар, Қурайш ул жанобға итоат қилур ва динларин қабул этур”.
Алҳамду лиллоҳ, фатҳи Макка ила бу имтиҳон ҳам бўлуб, энди, қабилалар дилларида ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувватларин ростлигида шак ва шубҳалари қолмади. Агар шак ва шубҳаси бўлғонлар бўлса, алар ҳам қисматларида бор сазо (муносиб жазо)ларини кўрдилар.

Орқага Олдинга