loader

СИЙРАТИ МУБОРАКАДИН МЎМИН БАНДАЛАРНИНГ ҲИССАЛАРИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳзоб сурасида йигирма биринчи ояти шарифада марҳамат қилубдур:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
“Таҳқиқ, бордур сизлар учун яъни, ул киши учунки, Худодин ва қиёмат кунидин қўрқур ва Худони кўб ёд қилур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимларида яхши намуна яъни, муқтадо, эргашмак учун”.
Ва жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари дебдурлар:
أَدَّبَنِي رَبِّي فَأَحْسَنَ تَأْدِيبِي
“Менинг адаб бергувчи муршидим Роббимдур ва ул меҳрибон менга ниҳоятда яхши адаб бергандур”. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Мана бу ояти каримадин ва ҳадиси муборакдин равшан маълум бўлурки, ҳар бир мусулмон диёнату ахлоқда жаноб рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васаллам таълиму одоблариға иқтидо қилғон ҳолдагина ўз Мавло ва Холиқин ризосин ва икки жаҳон саодатин ҳосил қила олур.
Шунинг учун, биз тубанда ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу тавфиқи ила Саййиди кавну макон (бутун олам саййиди), Маҳбуби ҳар ду жаҳон, саййидуно Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқу одобларин бу бобда ниҳоятда мўътабар (эътиборли) ва мўътамади алайҳ (эътимодли) китоблардин нақл этурмиз, токи бу хотима юқорида ёзилган мухтасар сийрати муборака учун мискул хитом (хотимаи мушк, хотимаси мушк) ўлсун ва ҳар бир муҳожир туркистонлик биродаримиз қолғон умрин ушбу ахлоқ ва одоби Муҳаммадияға иқтидо ила тамом этсун.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уммий яъни, саводсиз эрдилар, на ўқур эрдилар ва на ёзур эрдилар. Ёшлари қирқға боруб, пайғамбарлик мартабасиға етгунча, бирор олим ила суҳбатлари бўлмади.
Ўз замоналаридаги араб навжувон (йигит)ларин одат ва табиатларидин пок эрдилар. Юзлари табассумлик, аксар хомуш, Худо ёдиға машғул турур эрдилар.
Мискинларға муҳаббатлик, ғариб (мусофир)ларға марҳаматлик эрдилар. Бир муҳтожни муҳтожлик сабабидин таҳқир этмас эрдилар ва бир подшоҳни подшоҳлиги учун таъзим қилмас эрдилар.
Суҳбатларида ўлтурганларни дилларин овлар эрдилар. Нодонлар нодонликларин таҳаммул этур (кўтарур) эрдилар. Бир киши сўзлашуб қолса, ўзи кетмагунча, андин ажралмас эрдилар.
Қуруғ ерга ўлтурур эрдилар. Галим (гилам), болиш ва бошқа ором асбоби уйларида йўқ эрди.
Уйларидагиларға, ходимларға ва ҳамсояларға ниҳоятда меҳрибон эрдилар.
Муборак забонларидин ёмон сўз эшитулмас эрди. Сўкмак, лаънат юбормакдин пок эрдилар.
Ҳар кишиға ўзиға муносиб муомала қилур эрдилар. Баланд овоз ила сўз қилмас эрдилар. Ёмонлиғга ёмонлиғ қилмас эрдилар, балки яхшилиғ қилур эрдилар.
Суҳбатларин тобган ғофил огоҳ бўлур эрди. Адашган йўл топур эрди. Тошдил (кимса) нармдил (юмшоқдил) бўлур эрди.
Худони зикри ила мажлислари обод эрди, сўзлари ниҳоятда ширин эрди. Эшитгувчи беихтиёр асир бўлур эрди.
Қуръони каримни тиловат қилғонларида, таҳажжуд намозида ва бирор мусулмон вафотин хабарин эшитганларида, аксар йиғлар эрдилар.
Таомни оз тановул қилур эрдилар ва оз емакға тарғиб берур эрдилар.
Хаста бўлғон зотларни даво (дори) истеъмолидин ман этмас эрдилар. Ҳаром нарсани илож (муолажа) учун истеъмолдин қатъий ман этур эрдилар.
Саҳобалардин бир киши бемор бўлса, боруб, ҳолин сўрар эрдилар ва анга яқин ўлтурур эрдилар. “Бок (зарари, ҳечқиси) йўқ, беморлик поклик бўлур, каффора бўлур”, дер эрдилар. Бемордин табиати хоҳлаган нарсани сўрар эрдилар. Агар ул нарса анга зарар қилмайдурган нарса бўлса, ҳозир (тайёр) қилдуруб берур эрдилар.
Қачон хутба ўқусалар, ерда туруб, (ё) минбарға чиқуб (ёки) туяға минуб туруб ўқур эрдилар. Хутбаларин аввалида калимаи шаҳодат, охирида истиғфор, асносида Қуръони каримдин бир неча оят ва қавоиди исломия (исломий қоидалар) баёни бўлур эрди. Ҳар вақтнинг хутбаси ўзиға мутобиқ (мос) бўлур эрди. Хутба ўқуб турганларида, қўлларида гоҳо асо ва гоҳо камон бўлур эрди. Гоҳо, аларға суянуб, хутба ўқур эрдилар. Қўлларида қилич ҳаргиз бўлмас эрди. Чунки, Ислом дини ваҳий баракасидин тарқагандур, қилич зўри ила тарқамагандур.
Саҳобалар, насронийлар ва яҳудийлар ҳадя юборсалар, қабул қилур эрдилар. Ўзлари ҳам аларға баъзи вақтларда ҳадя юборур эрдилар. Мушриклар туҳфаларин қабул этмас эрдилар. Миср подшоҳи Муқавқис насроний эрди. Юборган ҳадяларидин бўлғон бир хачирни миндилар. Ҳунайн ғазотида ани минуб, жанг қилдилар. Лекин араб (Бани Омир қабиласи) амирларидин (бири Абу Баро) Омир ибн Молик (Мулоъибул асинна лақабли) мушрик эрди, ҳадя юборган отини қабул этмай, узр баён қилдилар. Келган қийматлик туҳфаларни аксар саҳобаларға тақсим қилуб берур эрдилар.
Ўзларин бир киши таъриф қилганда, бу жанобни бошқа пайғамбарлардин ортуқ кўрсатмакчи бўлса, андин нохуш бўлур эрдилар. Бир никоҳ тўйида ҳозир эрдилар, қизлар ўз ашулаларида ота-боболарин тарихи воқеаларин баён қилуб туруб эрдилар, ўртада шундоғ деб ўтдилар: “Бизларда бир улуғ набий бордурларки, эрта келадурган воқеани бугун хабар берурлар”. Бу сўзни эшитгач, қизларға дедилар: “Бу сўзни деманглар, аввалғи деган сўзларингизни ўзини денглар”.
Фарзанди аржумандлари ҳазрати Иброҳим вафот қилган кунлари кун (қуёш) тутулган эрди. Ҳамма одамлар ҳазрати Иброҳим – фарзанди Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кун ҳам мотам тутди, дедилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни эшитиб, бир катта жамият (жамоат)да хутба ўқудилар ва марҳамат қилдиларки: “Кун ила Ой Худонинг буюк қудратин нишонларидиндур. Бир кишининг дунёға келиши ё ўлуши учун тутулмайдур”.
Ёш болалар олдиларидин ўтуб қолсалар, аларға салом берур эрдилар ва аларнинг бошларин силар эрдилар, баъзиларин қучоғлариға олуб, навозиш қилур (эркалатур) эрдилар.
Мажлисларда оёғларин узатуб ўлтурмас эрдилар. Ҳар ким йўлуқса, андин илгари салом берур эрдилар. Кўрушмак учун қўлларин аввал узатур эрдилар. Бир киши мажлисда сўзлаб турган бўлса, ҳаргиз сўзин банд қилмас эрдилар. Бир киши хизматлариға келуб, ҳайбатларидин сўз қила олмай, аъзолариға титроқ пайдо бўлди. Анга илтифот қилуб дедилар: “На учун қўрқурсан, мен подшоҳ эмасман. Бир ғариб араб хотуннинг боласидурманки, қоқ (қуритилган) гўштларни ер эрди”. Ҳар нечук бир одам чақирса, лаббайк, мана мен ҳозирдурман, дер эрдилар.
Дуоларида дер эрдилар: “Ё Аллоҳ, мен қайси бир инсонға дашном берган бўлсам, ё анга лаънат юборган бўлсам, менинг сўкушум (танбеҳим)ни анинг учун раҳмату мағфират ва қурбат айлагил, гуноҳлари учун каффора айлагил”. Ва саҳобаларға дер эрдилар: “Менинг қошимда ҳеч бир инсонни ёмонламанглар, токи мен дунёдин кетар вақтимда бирор кишини дилимда ёмон кўруб кетмай”.
Тиланиб келган ҳожатмандни ҳаргиз маҳрум қайтармас эрдилар. Оз ҳам бўлса, беруб жўнатур эрдилар. Агар қошларида ҳеч бир нарса бўлмаса, ҳожатмандға ниҳоятда чиройлик узрлар баён қилур эрдилар. Кўрган одам ул одамдин афв талаб қилуб турубдурлар, деб гумон қилур эрди.
Шарму ҳаёда дунё (у зотнинг) назир (ўхшаш)ларин кўрмагандур. Пардада ўлтурган қизлардин ҳам шарму ҳаёда юқори эрдилар. Қошларида бирор номуносиб сўз қилунса, чеҳралари ўзгариб кетур эрди. Бирор одамнинг феъли ва ҳаракати номақбул маълум бўлса, анинг номини олмай, ом (умумий) қилуб туруб, ман қилур эрдилар. Камоли ҳаёларидин бир кишиға иш буюрмай қийналсалар ҳам, ўз ишларин ўзлари қилур эрдилар.
Беадаблар нақадар густохлик қилсалар ҳам, аларни маъзур билуб, озорларин таҳаммул қилур (кўтарур) эрдилар. Тездин дуоибад қилмас эрдилар. Тоиф шаҳриға таблиғ (даъват) учун борганларида, тоифликлар ердин балчиқларни олуб отдилар. Ҳаммалари овозларин кўтаруб, шовқум (шовқин) қилдилар. Шундоғ тошбўрон қилдиларки, муборак вужудлари қонға ғарқ бўлди ва (бир ривоятга кўра,) ўзлари беҳуш бўлуб йиқилдилар. Муддатдин кейин ҳушлариға келдилар. Шул ҳолда ҳам алар ҳақлариға дуоибад қилмадилар, дер эрдилар: “Ўзлари мусулмон бўлмасалар, балки, иншааллоҳ, авлодлари мусулмон бўлурлар”. Дуолари бул эрди: “Ё Аллоҳ, менинг қавмимни Сен ҳидоят қилгилки, алар билмасдин озор берурлар”.
Дунёға кўнгилсизликлари шул даражада эрдики, таом, либос ва уй хусусида билкул (батамом) лопарво (бепарво) эрдилар. Муножотларида Парвардигорлариға арз қилур эрдиларки: “Ё Аллоҳ, мен бир кун оч турай, бир кун тўқ турай. Оч қолғон кунумда Ўзунгга ёлборай, дуолар қилай. Тўқ бўлғон кунумда Сенга ҳамду сано айтай”.
Волидамиз ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо дебдурлар: “(Баъзан) ойлар ўтуб кетур эрди, лекин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўчоғлариға ўт ёқилмас эрди. Аксар авқот (вақтлар) хонадони Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва хурмо ила ўтур эрдилар. Ва дебдурлар: “Мадинаға келгандин кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кун пайдар-пай буғдой унидин бўлган нон емадилар.
Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ дебдурларки: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жонуворларға ўзлари авқот (емак) берур эрдилар ва ўзлари туяларин боғлар эрдилар. Уйларин тоза қилур эрдилар. (Қўй-)эчкиларин соғар эрдилар. Ходимлар ила баробар ўлтуруб, таом ер эрдилар. Аларға ёрдам берур эрдилар. Бозордин ўзлари харид этур эрдилар ва олғон нарсаларин ўзлари кўтарур эрдилар. Ҳеч кишидин ҳеч бир нарса тамаъ қилмас эрдилар. Доим маҳзун (ўйчан) турур эрдилар, лекин қабоғлари солинмас эрди. Сахий эрдилар, лекин исроф қилмас эрдилар. Тоғлар ўзларидаги конларни арз (таклиф) қилур эрди, қабул этмас эрдилар”.
Хулосаи баён шулдурки, жаноб Маҳбуби Худо, Набийи мужтабо соллаллоҳу алайҳи васаллам тамом ахлоқи ҳамида (мақтовли хулқлар) ва авсофи мажида (улуғ сифатлар)да масали аъло (энг олий мисол) эрдилар. Ёш болалик замонларидин рост сўзлаш, аминлик, покдомонлик жибиллий (туғма) табиатларидин эрди. Назарлари ҳамиша баланд ишларға бўлуб, номуносиб ишлардин фавқал-одат (фавқулодда) эҳтиётда бўлур эрдилар. Кулфатларға сабр, балоларға таҳаммул (тоқат, бардош) адно (энг оддий) хўй (табиат, хулқ, феъл, одат)лари эрди.
Бутун бани башар учун танҳо хайрихоҳ эрдилар. Азм(у қарор)лари улуғ, ҳимматлари буюк бўлғон сабабдин, охир Ислом динин ҳақ бир дин эканлигин, алҳамду лиллоҳ, исбот қила олдилар. Аллоҳ таолонинг мадади келди, Маккаи Мукаррама фатҳ этулдилар, жаҳон халқи атрофи оламдин фавж-фавж (гуруҳ-гуруҳ) бўлуб келуб, дини Исломға дохил бўла бошладилар. Душманлар дўст бўлдилар, узоқлар яқин бўлдилар. Тамом Арабистон Ислом нури ила мунаввар бўлди. Оз муддатда Ислом калимаси ўқулмаган ва Ислом азони айтилмаган бир иқлим қолмади. Ҳақиқатда, араблар каби мутамаррид (исёнкор) ва тоғий (туғёнкор) жамоалар жаноб Расули карим соллаллоҳу алайҳи васаллам қиличлари ила эмас, балки хулқи азимлари ила Ислом диниға мушарраф бўлдилар. Тамом рубъи маскун (одамлар яшайдиган чорак ер) аҳли учун раҳнамо ва муқтадо (пешво)лик шарафини олдилар.
Мана бу зикр қилунғон ахлоқу одоб жаноб Саййидул мурсалин ва Имомул муттақин саййидуно ва мавлоно Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқи Муҳаммадия ва авсофи Аҳмадияларидин бироз намунадур. Лекин дилида ул зоти бобаракот муҳаббатлари бўлуб, иқтидолариға орзуси бўлган бир мусулмон учун, иншааллоҳ, кифоя қилур. Парвардигор шавқу завқ ато қилса, бу мухтасар мажмуа мутолаасидин сўнг муфассал ёзилган жомеъ сийрат китобларин арабийда ва форсийда ўқуб, баҳра ола олур.
Биз беватан Туркистон муҳожирлари шул жанобға муҳаббатимиз зиёда бўлуб, дину миллатларида озод ҳаёт кечира олмаганлигимиздин, маҳбуб ватанимизни ташлаб, динимиз ҳафозати (муҳофазаси) учун бутун ер юзининг ҳар бир иқлимида муҳожир яшамакдамиз. Бизлардин ҳар фардимиз (биримиз)ға лозимдурки, Маҳбуби аъзамимиз ва Муқтадои муаззамимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқу одобларини бор-бор (қайта-қайта) тушунуб ўқуб, қолғон умримизни Худо ва Расулға манзуру мақбул суратда олуб кетайлук.
Шояд, биз ожизларнинг азиз ватанимизни ҳам Аллоҳ таоло ўз карамию инояти ила золимлар қўлларидин озод ва мустақил айлағай. Омийн.

Ҳижрий 1383 йил, 18 шаъбон (милодий 1964 йил 3 январ, жумъа).
Мадинаи Мунаввара.
Саййид Маҳмуд Тарозий Маданий уфия анҳу (Аллоҳ афв этсин).

Орқага Олдинга