loader

Катта ширк

Катта ширк – Аллоҳга бирон бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин.

«Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур...» (Нисо сураси, 48).
Яъни ширкни кечирмайди. Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа гуноҳларини кечиради.
Ширк Аллоҳ таолонинг: «...Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53), ояти каримасидаги «барча гуноҳлар» сирасига кирмайди.

«...Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13).
Яъни, ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир, бир нарсани ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйиш, ҳаққини поймол қилишдир. Кимки яратувчи билан яралмиш – махлуқни, илоҳ билан бут-санамни баробар деб билса, шак-шубҳасиз, у ақлсиз, аҳмоқдир. «Золим» деб номланишга, ҳайвонлар қаторида саналишга лойиқдир.

«Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур».
Кимки Аллоҳдан бошқани илоҳ деб эътиқод қилса, ҳеч қачон жаннатга кирмайди, деган маъноларни уқиб олиш мумкин. Чунки жаннат Аллоҳни бир деб билувчи муваҳҳидлар маконидир.
«...унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида сураси, 72).
Яъни, унинг учун Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас. Бу ҳақда кўплаб оятлар мавжуд.
Кимки Аллоҳга иймон келтириб, мўмин ҳолида вафот этса, гарчи дўзахда гуноҳига яраша азобланса-да, аниқ жаннатий бўлганидек, Аллоҳга ширк келтириб мушрик ҳолида ўлган кимса, шак-шубҳасиз дўзахийдир.
Бухорий ва Муслим ривоятида келган ҳадиси набавиййада шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?» деб уч бор сўрадилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, шундан сўнг ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дея такрорлайвердилар. Ҳаттоки, биз қанийди, сукут қилсалар, дедик» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок этувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар-да, биринчи навбатда Аллоҳга ширк келтиришни зикр қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, бор, одамларга «жаннатга фақатгина мўминлар киради», деб жар сол» (Муслим, Аҳмад ривояти).

Фойда

Инсонларнинг кўп сўзлари уламолар наздида куфрдир. Масалан, Аллоҳ исмларидан бирортасини, ё буйруғини, ё ваъдасини ёки таҳдидини масхара қилиш. «Агар Аллоҳ менга фалон ишни буюрганида, қилмасдим», «Агар қибла манови тарафда бўлганида, у ёққа қараб намоз ўқимасдим» каби, ёки «Намозни тарк этмагин, бўлмаса Аллоҳ жазолайди», дейилса, «Шунчалик қийин аҳволда ва касал бўлсам ҳам жазолайдиган бўлса, унда менга зулм қилибди», дейиш. «Агар менга фалон нарса ҳақида пайғамбарлар-у фаришталар гувоҳлик берганида ҳам тасдиқламасдим», «Фалончи назаримда яҳудийга ўхшайди», «Аллоҳ инсоф-адолат қилиш учун турди ёки ўтирди», «Агар пайғамбар айтгани рост бўлса, нажот топибмиз», каби сўзларни айтиш. Бошига мусибат тушганида: «Боламни ва молимни олдинг, ўзи нима қиляпсан?» деб дод солиш. Жаноза намозидан бошқа намозни мазах қилган ёки мумкин деб билган ҳолда бетаҳорат ўқиш. Икки киши тортишиб қолиб, улардан бири: «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ», деганида иккинчиси: «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деган билан қорин тўймайди», дейиши. Муаззиннинг азонини эшитганда: «У ёлғон гапиряпти» дейиш. «Аллоҳ таоло одам ўлдириш, зино, зулм каби ҳеч бир замонда ҳалол бўлмаган ишни ҳаром қилмаганида эди», деб орзу қилиш. «Иймон нима» деб сўралганида «Билмадим», дейиш.
Яна айрим сўзлар борки, улар аниқ куфр калимаси бўлмаса-да, ҳаром бўлиб, айтган киши кофир бўлиб қолиши эҳтимоли бор. Масалан, «Тирноқларингни олиб юр. Бу суннат» дейилганда, «Суннат бўлсаям олмайман», дейиш. Мусулмонга: «Аллоҳ оқибатингни хайрлик қилмасин» ёки «Иймонингдан жудо қилсин», дейиш. Бир кишидан қасам ичишни талаб этса-ю, у Аллоҳ номига қасам ичмоқчи бўлганида, «Хотиним талоқ бўлсин», деб қасам ичишини талаб этиш. Бир кишига: «Сени кўрсам, ўлимни кўргандай бўламан», дейиш. Бир жойга матосини қўйиб: «Уни Аллоҳга топширдим», деган кишини «Матоингни ўғрига эргашиб юрмайдиган (яъни, ўғрини тутиб бермайдиган) зотга топширдингми?» дейиш. Бир киши тепароқ жойга имом-хатибга ўхшаб ўтириб олса-ю, бошқалар ундан турли масалаларни сўрашса, (бу билан уламоларни масхара қилмоқчи бўлса) ёки биронтаси «Бир коса шўрва илмдан яхшироқ», деса. Бир кишининг белига арқон орқалаб олганини кўриб «Бу нима?» деб сўрашганида, «Зуннор», дейиши.
Муаллимнинг: «Яҳудийлар мусулмонлардан яхшироқ, чунки улар фарзандларимизнинг устозларига эҳсон қилиб турадилар», дейиши. «Насронийлик мажусийликдан яхшироқ» дейиш.
Мусулмонга қарата: «Динсиз, иймонсиз, эътиқодсиз. Сен фожирсан, фосиқсан, мунофиқсан», дейиш.
Аллоҳ таолодан бизни Китоб ва суннатга амал қилган ҳолимизда вафот эттиришини сўраймиз. Албатта, у раҳмлиларнинг раҳмлироғидир!

Олдинга