Аллоҳ таоло айтади: «Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур» (Фотир сураси, 43).
Яъни, ёмон макр-ҳийланинг касофати макр қилган, уюштирган кимсаларнинг ўзига уради.
Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида шундай дейди: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир» (Нисо сураси, 142).
Воҳидий айтганларки, улар алдамоқчи бўлганлари учун ўзларига яраша муомала қилинади. Яъни, худди мўминларга берилгани сингари уларга ҳам нур берилади. Йўлга тушганларида эса нурлари ўчиб қолади-да, зулматда қолиб кетадилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳли беш тоифа», дедилар-да, улардан бирига «тонг отса ҳам, кеч кирса ҳам сени аҳли оиланг ва молу дунёинг борасида алдамоқчи бўладиган кимса», деб таъриф бердилар (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Мўмин содда, улуғ бўлади, фожир эса маккор, хор бўлади» (Термизий, Абу Довуд ривояти).
Яъни, мўмин одам очиқкўнгил, содда бўлади. Бировга макр қилмайди. Балки ўзи ишонувчан, очиқкўнгил бўлгани сабабли алданиб қолиши мумкин. Фожир эса одамлар орасида фасод қўзғаб юрадиган алдоқчи бўлади.
Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алдоқчи, миннатчи ва бахил жаннатга кирмайди», дедилар» (Термизий ривояти).