loader

Жума намозини тарк этишга одатланиш

Аллоҳ таоло буюради: «Эй мўминлар, қачон жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига (яъни, жумъа намозини адо қилиш учун) шошиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жумъа сураси, 9).
Ҳафса (розийаллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жумага бориш ҳар бир балоғатга етган кишига вожибдир» (Насоий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумага бормайдиган кимсага қарата: «Бир кишига одамларга намоз ўқиб беришни буюриб, кейин жумага келмайдиган кишиларнинг уйларини ёқиб юборишни хоҳлардим», дедилар» (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра ва Ибн Умар розийаллоҳу анҳулардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ё одамлар жумани тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбини муҳрлаб қўяди. Сўнг улар ғофиллардан бўлиб қолурлар» (Муслим ривояти).
Абу Жаъд Замрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бепарволик билан учта жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди» (Термизий, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтганларки: «Кимда-ким учта жумани тарк этса, Исломни орқасига улоқтирган бўлади» (Абу Яъло ривояти).
Аллоҳдан Ўзи суйган ва рози бўлган нарсаларга муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта, У сахий, марҳаматли зотдир.

Орқага Олдинга