Аллоҳ таоло айтади: «Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18).
Яъни, Аллоҳ таоло ўзини бошқалардан устун қўядиган, ҳеч кимни менсимайдиган, гердайиб юрадиган ва мақтанчоқ кимсаларни ёқтирмайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Тўпиқдан пастга тушган изор (иштон) оловдадир» (Бухорий ривояти).
(Изоҳ: Бу ўринда эътибор бериладиган муҳим жиҳат шим почасининг тўпиқдан пастга тушириб юриш эмас, балки кибр қилмасликдир. Бир замонларда изорни судраб кийиш киборларга хос иллат бўлган. Кейинчалик эса, кибр аломатлари кўпайиб кетди. Ҳатто, кишилар почасини тўпиғидан баландга кўтариб олгани билан бошқаларга манманлик қиладиган бўлди. Қуйида келтирилаётган ҳадислар, хусусан, Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг Набий алайҳиссаломга изорлари тушиб кетаётганидан шикоят қилганлари ва Расули акрамнинг: «Сиз бу ишни манманлик билан қиладиганлардан эмассиз», деганлари изорнинг тўпиқдан пастга туширмасликдан асл мурод кибр қилмаслик эканини очиқ аён қилади. – Муҳаррир.)
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ изорини такаббурлик билан судраб юрган кимсаларга қиёмат кунида қарамайди» (Бухорий, Муслим ва Молик ривояти).
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Уч тоифа одамлар борки, Аллоҳ қиёмат кунида уларга гапирмайди, уларга қарамайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди ва уларга аламли азоб бўлади», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, бу бахтсиз, зиёнкор кимсалар ким?» деб сўраган эдим: «Кийимини узун қилиб, ерга судраб юрувчи, миннатчи ва ёлғон қасам билан молини ўтказувчи кимсалар», дея жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир киши янги кийимларда ўзидан маст бўлиб (ғурурланиб), сочини тараб, гердайиб юриб кетаётган эди. Тўсатдан Аллоҳ уни ерга ютдириб юборди. У энди қиёмат кунигача ер қаърига кириб кетаверади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ кийимини манманлик билан судраб юрган кимсага қиёмат кунида қарамайди» (Молик, Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Изор, кўйлак ва саллани узун қилиб, ерга судраб юришади. Кимки бирон-бир нарсани манманлик билан ерга судраб юрса, Аллоҳ унга қиёмат кунида қарамайди» (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмоннинг изори болдирининг ўртасига тушиб туради. Тўпиққача бўлса ҳам зарари йўқ. Тўпиқдан паст бўлгани эса, оловдадир» (Абу Довуд ривояти).
Бу ҳукм шим, кўйлак, тўн ва бошқа барча либосларга тааллуқлидир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши узун изорда намоз ўқиётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бориб бошқатдан таҳорат ол!» дедилар. У бориб бошқатдан таҳорат олиб келди. Яна унга: «Бориб бошқатдан таҳорат ол!» дедилар. Бир киши у зотга: «Ё Расулуллоҳ, нима учун унга таҳорат олишни буюряпсиз?» деди-да, сўнг жимиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У узун изорда намоз ўқиётган эди. Аллоҳ эса узун кийимли кишининг намозини қабул қилмайди», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки либосини манманлик билан ерга судраб юрса, Аллоҳ унга қиёмат кунида қарамайди», деганларида, Абу Бакр розийаллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, изорим шалвираб қолган, ушлаб юрмасам пастга тушиб туради», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга: «Сиз бу ишни манманлик билан қиладиганлардан эмассиз», дедилар (Бухорий ривояти).
Эй Аллоҳим, бизга гўзал лутф марҳаматинг ила муомалада бўл. Эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи, Ўзинг бизга раҳм қил.