Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Кимки Менинг дўстимга душманлик қилса, унга қарши уруш эълон қилдим», деди», деганлар» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳобаларимдан биронтасини ҳам сўкманглар. Зеро, сизлардан бирон киши Уҳуд тоғича тилло эҳсон қилса ҳам, улардан бирининг (эҳсон қилган) муддига (ўлчов бирлиги), унинг ярмига ҳам етмайди», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Саҳобларим хусусида Аллоҳдан қўрқинглар. Мендан кейин уларни (сўкиш ва ҳақорат қилиш учун) нишон қилиб олманглар. Кимки уларни яхши кўрса, мени яхши кўргани учун яхши кўрибди. Кимки уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўргани учун ёмон кўрибди. Кимки уларга озор берса, батаҳқиқ, менга озор берибди. Кимки менга озор берса, батаҳқиқ, Аллоҳга озор берибди. Кимки Аллоҳга озор берса, ҳеч қанча вақт ўтмай, уни Аллоҳ жазолайди», дедилар (Термизий ривояти).
Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни сўкиш, ҳақорат қилиш ва уларга озор беришдан қаттиқ қайтарганлар ҳамда уларни яхши кўриш ўзларини яхши кўришнинг, шунингдек, уларни ёмон кўриш ўзларини ёмон кўришнинг аломати эканини баён қилганлар. Бу нарса саҳобаларнинг фазилатлари ва даражаларининг нақадар улуғ эканлигини кўрсатиб беради.
Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда эса: «Ансорларни яхши кўриш – иймон аломати, уларни ёмон кўриш – мунофиқлик аломати», дейилган (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти).
Бунинг сабаби ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўл остиларида Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод қилганлари ва дин учун жонкуяр бўлганларидир.
Шунингдек, Али розийаллоҳу анҳуни яхши кўриш яхшилик аломати, у зотни ёмон кўриш мунофиқлик аломатидир. Имом Муслим Али розийаллоҳу анҳунинг бундай деганларини ривоят қилган: «Уруғни ёриб чиқарган, жонни яратган Зотга қасамки, уммий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени фақатгина иймонли киши яхши кўришини ва мени фақатгина мунофиқ кимса ёмон кўришини менга билдирганлар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни агар Али розийаллоҳу анҳу ҳақида айтган бўлсалар, Абу Бакр розийаллоҳу анҳу бу мартабага Алидан кўра лойиқроқ ва ҳақдорроқдир. Чунки Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсондирлар. Умар ва Али розийаллоҳу анҳумолар бирон кишини Абу Бакрдан афзал деб билган кимсага туҳматчига бериладиган жазо қўлланади, яъни, дарра урилади, деганлар.
Саҳобаларнинг ҳаёт йўллари, турмуш тарзлари билан яқинроқ танишган инсон уларнинг нима сабабдан бу даражаларга етганини англайди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам иймонга шошилишди – интилишди, кофирларга қарши жиҳод қилишди, динни ёйиб, Ислом маросимларини зоҳир этишди, Аллоҳ ва Расулининг калимасини олий қилиб, фарз ва суннатларини таълим беришди. Агар улар бўлмаганида диннинг асли-ю, тармоқлари бизга етиб келмаган, фарзлару суннатлар, ҳадислару хабарлардан биронтасини билмаган бўлардик.
Кимки саҳобаларни ёмон отлиқ қилса ёки ҳақорат этса, у диндан чиқиб, ислом миллатидан юз ўгирган бўлади. Чунки уларни ёмон отлиқ қилган кимса ўзини уларга тенг деб билган, уларга нисбатан дилида кек сақлаган ва Аллоҳ таоло Китобида уларни мақтаб, суйиб зикр қилган мартабалари, фазилатларини инкор қилган бўлади. Зеро, улар динни етказишга, воситачилик қилишга энг муносиб, энг ҳақли зотлар эдилар (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Уларга таъна қилиш динга таъна қилиш, уларни менсимаслик динни менсимаслик билан баробардир. Бу мунофиқлик, кофирлик ва даҳрийликдан саломат бўлган ва озгина фикр юритган ҳар бир кишига яхши маълумдир.
Қуйидаги ҳадису хабарлар бу фикрни тасдиқлайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборака ва таоло мени танлаб олди ва мен учун саҳобаларимни танлаб, улардан менга вазирлар, ёрдамчилар ва қариндошлар қилди. Бас, кимки уларни ҳақорат қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлади, қиёмат кунида унинг на фарз, на нафл ибодатлари қабул қилинади», деганлар (Ҳоким ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ азза ва жалла бандаларининг қалбларига қараб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалби уларнинг орасидаги энг яхши қалб эканини кўрди ва у кишини танлаб олиб, пайғамбар қилиб юборди. Сўнг бандаларнинг қалбларига қараб, саҳобаларнинг қалблари уларнинг орасидаги энг яхши қалб эканини кўрди ва уларни Пайғамбарининг вазири қилдики, улар Унинг дини учун курашдилар. Бас, мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, у Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир. Мусулмонлар нимани ёмон деб билсалар, у Аллоҳнинг ҳузурида ҳам ёмондир» (Аҳмад, Баззор, Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Саҳобаларимни ҳақорат қилманглар. Саҳобаларимни ҳақорат қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин» (Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ: «Агар саҳобаларим зикр қилинса, жим бўлинглар. Агар юлдузлар зикр қилинса, жим бўлинглар. Агар тақдир зикр қилинса, жим бўлинглар», деганлар» (Табароний ривояти).
Уламолар айтадилар: «Бунинг маъноси шуки, киши тақдирнинг сири ҳақида фикр юритишдан тийилиши лозим. Бу иймон аломати ва Аллоҳнинг амрига таслим бўлиш ҳисобланади. Шунингдек, кимки юлдузлар Аллоҳнинг иродасидан ташқари ҳам таъсир қилади ёки фаолият кўрсатади, деб эътиқод қилса, у мушрик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини сўккан, айрим камчиликларини кузатиб, ўрганиб, уларни айбдор деб билган кимса мунофиқдир. Билаъкс, мусулмон инсонга Аллоҳни ва Расулини, у зот келтирган нарсаларни, у зотнинг буйруқларини бажарган, йўл-йўриқларини ўзларига дастурул амал деб билган, суннатларига амал қилган зотларни, у зотнинг яқинлари, саҳобалари, аҳли аёллари, фарзандлари ва ходимларини яхши кўриш ҳамда уларни яхши кўрган кишиларни яхши кўриш, ёмон кўрган кишиларни ёмон кўриш вожиб бўлади. Зеро, иймоннинг энг мустаҳкам ҳалқаси Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир».
Аййуб Сахтиёний айтган эканлар: «Кимки Абу Бакр розийаллоҳу анҳуни яхши кўрса, ҳақиқатда у диннинг устунини барпо қилибди. Кимки Умар розийаллоҳу анҳуни яхши кўрса, у ҳақиқатда у йўлни равшан қилиб олибди. Кимки Усмон розийаллоҳу анҳуни яхши кўрса, ҳақиқатда у Аллоҳнинг нури билан нурланибди. Ва кимки Али розийаллоҳу анҳуни яхши кўрса, ҳақиқатда у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳақида яхши гап гапирса, ҳақиқатда у мунофиқликдан пок бўлибди».
Фасл
Саҳобаларнинг фазилату мартабаларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Суннат уламолари энг афзал саҳобалар «ашараи мубашшара» (жаннатийлиги башорат қилинган ўнта саҳоба) эканлигига ва уларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнг Умар ибн Хаттоб, сўнг Усмон ибн Аффон, сўнг Али ибн Абу Толиб эканлигига ижмоъ қилганлар. Бу нарсада фақатгина мунофиқ, бидъатчи, нопок кимсагина шубҳаланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг суннатимни ва ҳидоятланган, ҳақ йўлда юрувчи халифаларимнинг суннати маҳкам тутинглар. Уни озиқ тишларингиз билан тишланглар. Янги пайдо бўлган (яъни, бидъат) ишлардан сақланинглар», деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти).
«Озиқ тишларингиз билан тишланглар», дегани, суннатни маҳкам ушланглар, унга интилинглар, ҳарис – иштиёқли бўлинглар, каби маъноларни англатади.
Ҳақ йўлда юрувчи халифалар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳумлардир.
Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг фазилатлари хусусида Аллоҳ таоло бир қанча оятлар туширган. Жумладан: «Сизлардан фазл ва кенг мол-давлат эгалари қариндошларига, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин» (Нур сураси, 22).
Бу оят Абу Бакр розийаллоҳу анҳу ҳақларида тушганига ихтилоф йўқ. Аллоҳ таоло у зотни «фазл эгаси» деб сифатлади.
«Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Fамгин бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан биргадир», дейиши билан, Аллоҳ Ўз томонидан унинг устига – қалбига бир хотиржамлик туширди...» (Тавба сураси, 40).
Ушбу оят ҳам Абу Бакр розийаллоҳу анҳу ҳақларида эканлигида ихтилоф йўқ. Аллоҳ таоло у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамроҳи – саҳобаси эканлигини баён қилиб, хотиржамлик хушхабарини берди ва икковлоннинг иккинчиси деб улуғлади.
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтмоқчи: «Учинчилари Аллоҳ бўлган икковлоннинг иккинчисидан афзалроқ ким бор?!»
«Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад) ва уни тасдиқ этган зот (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир» (Зумар сураси, 33).
Жаъфар Содиқ айтган эканлар: «Рост – Қуръонни келтирган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва уни тасдиқлаган зот Абу Бакр розийаллоҳу анҳу эканликларида ихтилоф йўқ».
Саҳобалар орасида бундан ортиқ мартаба бўлиши мумкинми?!
Аллоҳ улардан рози бўлсин.