loader

Абд ибн Ҳумайд

Имом, ҳофиз, ҳужжат, илм талабида юрт кезган Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Киссий (маконга берилган нисбат). Баъзи ривоятларда Кашший ҳам дейилади. Асл исмлари - Абдулҳамид. 170 йилда туғилганлар.
Али ибн Осим Воситий, Муҳаммад ибн Бишр Абдий, Ибн Абу Фудайк, Язид ибн Ҳорун, Яҳё ибн Одам, Абу Али Ҳанафий, Абу Довуд Ҳафарий, Абдураззоқ, Жаъфар ибн Авн, Абу Асома, Абу Довуд Таёлисий, Абу Бадр Сакувний, Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ Даштакий, Салам ибн Қутайба, Зайд ибн Ҳубоб, Абдуллоҳ ибн Бакр, Умар ибн Юнус Ямомий, Воқидий, Маҳозир ибн Муварриъ, Мусъаб ибн Миқдом, Абу Осим ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. Бу шайхларини «Тафсири кабир» ва «Муснад» китобларида зикр этганлар. «Муснад» шундай манбаки, ундан сайланма қилиб олинган ҳадислар бизгача етиб келди.
У кишидан имом Муслим, имом Термизий, имом Бухорий ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий «Саҳиҳ» китобларининг «Далоилун нубувва» бобида «Тўнканинг овоз чиқариши» ҳақидаги ҳадисни муаллақ ҳолатда Абд ибн Ҳумайддан, у киши Усмон ибн Умардан, у киши Муъоз ибн Алодан, у киши Нофеъдан, у киши эса Ибн Умардан ривоят қилганлар. Олим-лар: «Ана ўша санаддаги муаллақ киши Абд ибн Ҳумайд», - деганлар.
Шунингдек, Абд ибн Ҳумайддан ўғиллари Муҳаммад, Бакр ибн Марзубон, зоҳид Шурайҳ ибн Абу Абдуллоҳ Насафий, қори Маккий ибн Нуҳ, Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр, Муҳаммад ибн Абд ибн Омир Самарқандий, Иброҳим ибн Хузайм ибн Қумайр Шоший, Абу Муъоз Аббос ибн Ид-рис ибн Фараж Киссий, Абу Саъид Ҳотим ибн Ҳасан Шоший, Ҳасан ибн Фазл ибн Абул Баззоз, Абу Умар Ҳафс ибн Бувхош, Салмон ибн Исроил ибн Жобир Хўжандий, Саҳл ибн Шозавайҳ Бухорий, Абу Саъид Шоҳ ибн Жаъфар ибн Ҳабиб Насафий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Мансур Кашший, Муҳаммад ибн Мусо ибн Ҳузайл Насафий, Маҳмуд ибн Анбар ибн Нуъайм Аздий Насафий ва булардан бошқа таржимаи ҳоллари бизга тўлиқ маълум бўлмаган Мовароуннаҳр аҳли ҳам ҳадис ривоят қилганлар.
Абу Ҳотим Бустийнинг «Ас-Сиқот» китобларида ёзилишича, Абд ибн Ҳумайд - Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Кашший. Илм тўплаган ва ёзган улуғ олимлардан. 249 йилда оламдан ўтганлар. У киши Дамашкда вафот этганлар, деган маълумот аниқ хато. Чунки Абд ибн Ҳумайд Дамашққа бормаганлар ҳам, у ерда шайхлари ҳам бўлмаган. У кишининг «Муснад»ларидан сайлаб олинган ҳадислар бизга, кейинчалик фарзандларимизга олий санад билан етиб келди.
Бизга Абул Ҳусайн Юнайний ва бир гуруҳ кишилар хабар бердилар... Бизга Абдуллоҳ ибн Умар, у кишига Абул Вақт, у кишига Абул Ҳасан Довудий, у кишига Ибн Ҳаммавайҳ, у кишига Иброҳим ибн Хузайм, у кишига Абд ибн Ҳумайд, у кишига Али ибн Осим шайх Журайрийдан, у киши Абу Назрадан, у киши Абу Саъид Худрийдан хабар берганлар:   
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунлари хурмо тўнкасининг устига чиқиб хутба қилар эдилар. Саҳобалар у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар кўпайиб қолишди, улар сизни кўришни истайдилар. Бир минбар ясатиб, унинг устида турсангиз яхши бўларди”, - дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким буни бизга ясаб беради?” - деб сўрадилар. Бир киши туриб: “Мен”, - деди, лекин: “Иншоаллоҳ”, - демади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Исминг нима?” - дедилар. “Фалончи”, - деди. “Утир”, - дедилар. У яна қайта сўралганида ҳам ушбу жавоб такрорланди. Бошқа бир одам турди. Ундан: “Сен уни ясайсанми?” - деб сўрадилар. У: “Ҳа, иншоаллоҳ”, - деб жавоб берди. Ундан исмини сўрадилар. “Иброҳим”, -деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, сен ясай қолгин”, - дедилар.
Жума куни келди. Намозхонлар йиғилди. Масжид охиригача тўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб ўтирганларидан кейин уларга юзландилар. Уша тўнкадан инграган овоз чиқа бошлади. Мен масжиднинг охирида бўлсам ҳам уни эшитдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб, уни қучоқладилар; жим бўлгунига қадар қучоқлаб туравердилар. Сўнгра минбарга қайтдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтгач: “Бу тўнка Аллоҳнинг Расулидан ажралгани боис соғинчдан ингради. Аллоҳга қасамки, агар мен тушиб, уни қучоқламаганимда, у қиёмат кунигача жим бўлмас эди”, - дедилар».
Бу ҳадис санади муттасил, лекин имом Муслимнинг шартларига кўра ғариб саналади.

Имом Шамсиддин Заҳабийнинг
"Сияру аъламин нубало" (Машҳур даҳолар сийрати) киобидан
Азизхўжа Иноятов таржимаси

Олдинга