Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни авф этишни ёки айрим бандаларни икром қилиб, жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишни сўраш шафоат, дейилади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламоларига кўра, қиёмат кунидаги шафоат ҳақдир. Унга имон келтириш – вожиб. Чунки гуноҳкор мусулмонларнинг қиёмат куни шафоат қилиниши ҳақидаги ҳадислар мутавотир даражасига етган.
Охират куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, яна солиҳ кишилар шафоат қилишларини биламиз. Шунингдек, Аллоҳнинг Каломи Қуръони карим ҳам шафоат қилади. Бу ҳақида бир қанча ривоятлар келган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон ўқинглар! Зеро, (Каломуллоҳ) қиёмат куни соҳибларига шафоатчи бўлади ”.
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, қиёмат куни Қуръон келиб: “Парвардигорим, (Қуръон ўқиган бандани) кийинтир!” дейди. Шунда унга каромат тожи кийдирилади. Сўнг: “Парвардигорим, унга зиёда қил!” дейди. (Қуръон ўқиган кишига) каромат либоси кийдирилади. (Қуръон): “Парвардигорим, ундан рози бўл!” дейди. Шунда (Аллоҳ) қоридан рози бўлади. Кейин (Қуръон соҳибига): “Ўқи ва кўтарилиб боравер”, деб айтилади. (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир поғона зиёда қилади .
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “(Парвардигорим,) мен уни кундузи таомдан, нафс хоҳишларидан тўсганман. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Қуръон айтади: “(Парвардигорим,) мен уни кечаси уйқудан қолдирганман. Уни шафоат қилишим учун изн бер”. Шунда (рўза ва Қуръонга бандани) шафоат қилиш имкони берилади ”.
Бу ҳадисга кўра, холисаллиллоҳ рўза тутган, Қуръон ўқиган банданинг гуноҳлари кечирилиши Аллоҳдан сўралар экан.
Уламолар Қуръон билан рўзанинг шафоатини қуйидагича тушунтиришган:
– Қиёмат куни Қуръон билан рўзанинг савоби жисм шаклига кириб гапиради;
– Аллоҳ улар номидан бир фариштани вакил қилади, ўша фаришта гапиради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон (қиёмат куни) келиб, соҳибини шафоат қилади, “Парвардигорим, ҳар бир амал қилувчи ўз ишидан мукофот олади. Мен (тириклик чоғида) уни лаззатлардан (тўсганман), (кечалари) уйқудан қолдирганман. Энди уни эъзозла!” дейди. Шунда (қорига): “Ўнг қўлингни чўз!” дейилади. У(нинг қўли) Аллоҳнинг розилиги билан тўлади. Кейин: “Чап қўлингни чўз!” дейилади. У(нинг чап қўли ҳам) Аллоҳнинг розилиги билан тўлади. (Қорига) каромат либоси кийдирилади. Унга каромат ярашади (ёки ҳалол бўлади). Кейин каромат тожи кийдирилади ”.
Орқага Олдинга