Маълумки, ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози. Ундан кейин ота-она хизматида бўлиш, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш туради. Қуръон ўқиш ҳам энг фазилатли амаллардан саналади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон (тиловати) ва зикрим қайси бандани Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, ўша бандага сўровчиларга бериладиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман. Аллоҳ Каломининг бошқа каломлардан устунлиги Аллоҳнинг (Ўзи яратган жами) махлуқотларидан устунлигига ўхшайди ”, дейди ”.
Фараз қилайлик: бир одам Қуръон ўқишни яхши кўради. Кўп вақтини тиловат билан ўтказади. Қуръон ўқиш, Аллоҳни ёд этиш билан андармон бўлиб, дуо қилишга фурсат тополмади, дейлик. Шундай бўлса-да, Меҳрибон Аллоҳ дуо қилувчиларга бериладиган энг яхши нарсаларни ана ўша бандасига беради. Қаранг, дуо қилмасаям Қуръон ўқигани, зикр-тасбеҳ айтгани учун карами кенг Аллоҳ бундай кишининг қалб тўридаги тилакларини ижобат қилаверар экан!
Ривоят давомида: “Аллоҳ Каломининг бошқа каломлардан устунлиги Аллоҳнинг (Ўзи яратган жами) махлуқотларидан устунлигига ўхшайди”, дейилмоқда.
Ожиз банда ўз қўли билан ясаган буюмдан неча баравар устун туради. Шундай эмасми? Энди ўша ожиз бандани йўқдан бор қилган Қудратли Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан қанчалик юқори туришини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳнинг Каломи бандаларни ожиз қолдиради. Қуръонга ўхшаш каломни ижод қилишга манаман деган ҳассос адибу шоирларнинг ҳам қурби етмайди. Бандаларнинг энг сара сўзларидан миллионтаси ҳам Қуръоннинг битта оятига, ҳатто бир дона сўзига тенг келмайди. Шундай экан, Қуръоннинг қанчалик улуғ калом эканини англаб, Каломуллоҳ ҳурматини жойига қўяйлик, ўқиб-ўрганайлик, ҳақини адо этайлик. Қуръоннинг улуғлигини ҳис этганимиз сари Унга ҳурматимиз, иштиёқимиз ортиб бораверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб шундай деганлар: “Сизлар Аллоҳга (Қуръондан) чиқадигандан кўра афзалроқ нарса билан қайтолмайсизлар ”.
Қуръондан чиқадиган нарса – тиловат. Киши Қуръон ўқигани учун савоб олади. Ҳар бир ҳарфни ўқигани учун номаи аъмолига 10 та савоб ёзилади. Инсон Аллоҳ даргоҳига олиб борадиган энг яхши нарса Қуръон ўқигани учун олган савоби экан. Кимнинг савоби кўп бўлса, жаннатда мартабаси улуғ бўлади. Бунинг учун Қуръонни холис ниятда ўқиш керак.
Одамлар мол-дунё тўплаш, обрў-эътибор қозониш йўлида кимўзарга ўйнашади. Аммо солиҳ амалларга келганда бироз дангасалик қилинади. Аслида эзгу ишларда: хайр-саховатда, ибодатда, Қуръон ўқишда мусобақа қилинса, қандай яхши! Зеро, охиратда – минг машаққат билан тўпланаётган тилло-кумушлар эмас – бугун қилаётган солиҳ амалларимиз фойда беради. Ким амални Аллоҳ розилиги учун қилса, нариги дунёда юзи ёруғ бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ёки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди ”.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати – Қуръон ўқиш ”, деганлар.
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Қуръонни кўп тиловат қиладиган киши одамлар ичида энг кўп ибодат қилувчидир. Энг афзал ибодат дуодир ”.
Қуръон ўқиган инсон Аллоҳни эслайди, Унга илтижолар қилади, мадад сўрайди. Қуръон ўқиш зикр билан дуони жамлаган улуғ ибодатдир. Айниқса, намозда Қуръон ўқишнинг хосияти кўп.
Орқага Олдинга