loader

Шифобахш калом

Халқимизда “Дард берган Аллоҳ шифосини ҳам беради” деган гап бор. Чиндан ҳам, ҳар қандай касалликнинг давоси бор. Аллоҳ таоло турли хил воситаларни шифо учун сабаб қилиб қўйган. Қалб учун шифолар ичида энг улуғи Қуръони каримдир. Аллоҳ таоло бандаларига шундай хитоб қилган: “Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги (иллатларга) шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).
Бу ерда Қуръоннинг тўрт хил сифати зикр қилинмоқда:
1. Аллоҳ тарафидан насиҳат;
2. Қалблардаги иллатларга шифо;
3. Тўғри йўлга бошловчи;
4. Мўминларга раҳмат.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
– Менинг кўкрагим (қалбим) оғрияпти, – деб шикоят қилди. Шунда у зот айтдилар:
– Қуръон ўқи! Чунки Аллоҳ таоло “(Қуръон) дилларингиздаги иллатларга шифодир”, деган .
Қуръон қалбдаги нифоқ, шубҳа-гумон, ҳасад, гина-кудурат, бахиллик, бадгумонлик, маънавий сўқирлик, ғам-ташвиш, сиқилиш, ҳадиксираш ва хавотирга шифодир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бежизга: “Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбимнинг баҳори (қувончи), дилимнинг нури, маҳзунлигимни кетказувчи, ташвишимни аритувчи эт!” деб дуо қилмаганлар .
Парвардигори олам шундай марҳамат қилган: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилади” (Исро сураси, 82-оят).
Бу дунё турли касалликларга тўлиб тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаммабоп давони Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилган .
Қуръон ташвишларни аритади, гуноҳларга каффорат бўлади. Қуръонга ишонмаганлари учун ҳам Аллоҳнинг Каломи кофирлар залолатини баттар кўпайтиради .
Бошқа ўринда Аллоҳ азза ва жалла шундай деган: “Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни, араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: “Унинг оятлари (бизнинг тилимизда) баён қилинмабди-да. (Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)” деган бўлардилар. Айтинг: “(Бу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят, (дилларидаги шак-шубҳаларни кетказувчи) шифодир. Имон келтирмайдиган кимсаларнинг қулоқларида оғирлик-карлик бор, (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоронғи зулмат) бўлади. Улар узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, маъноларини тушунмайдилар)” (Фуссилат сураси, 44-оят).
Қуръон фақат ҳақиқий мўминлар учун ҳидоят манбаи, шифо хазинасидир. Аллоҳга имон келтирган кишилар Қуръон билан эзгулик йўлини топадилар, ҳалолни ҳаромдан, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратадилар. Имондан айро кимсаларнинг Қуръонга тоқатлари йўқ. Қуръонни англаш, дилига жо этиш учун қалбда имон бўлиши керак. Уламолар масаланинг шу жиҳатига алоҳида урғу беришган.

Орқага Олдинга