loader

Қуръон нозил қилинган ой

 

 

 

Рамазон – муборак ой. Қалбларга шифо, ҳидоят манбаи Қуръони карим мана шу ойда нозил этилган. Рамазон – Қуръон ойи, сабр ойи, тақво ойи, дилни поклаш, тавбага юзланиш ойи. Бу қутлуғ онларда инсон танаси покланади, қалби қувват олади, дили нурга тўлади. Рамазон Аллоҳга яқинлашиш, солиҳ амалларга белни маҳкам боғлаш ойидир. Рамазон охиратга тадорик кўриш учун энг қулай фурсатдир. Йил давомида занглаган қалбларимизга жило бериладиган, ҳам руҳан, ҳам жисман покланадиган ойдир рамазон.
Парвардигори олам шундай марҳамат қилган: “(У саноқли кунлар) рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Аллоҳ таоло улуғ рамазон ойи ичига қадр кечасини яшириб қўйди. Қуръони карим айнан ўша кечада туширилган: “Албатта Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Қуръони каримнинг нозил бўлиши рамазони шарифдан бошланди. Шу ойдан гўё ер осмон билан боғланди, ерда дунёга келиб, ерда яшайдиган инсонлар учун барча кўрсатмалар осмондан туша бошлади. Энди улар қандай яшаш кераклигини Аллоҳдан, осмонлару ернинг Эгасидан ўргана бошладилар. У Зот бандалари ичида энг яхши инсонни элчи қилиб тайинлади. Бу буюк Элчи соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон оятларини етказа бошладилар .
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонни ғанимат билиб, бу ойга ўзгача эътибор билан қарардилар, тоат-ибодатларга белни маҳкам боғлардилар. Рамазонда у зотнинг ғайрат-шижоатлари ортар, янаям сахий бўлиб кетардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида бундан-да сахий бўлиб кетардилар. Чунки Жаброил алайҳиссалом рамазонда – ой охиригача – ҳар кечада у зот билан учрашарди, Расулуллоҳ унга Қуръонни ёддан ўқиб берардилар. Агар Пайғамбаримиз Жаброил билан учрашсалар, яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар .
Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом рамазон ойининг ҳар кечасида Расули акрам билан Қуръонни дарс қилиб ўқишарди .
Уламолар тавсиясига кўра, ҳар бир мўмин-мусулмон банда рамазон ойида Қуръонни камида бир марта хатм қилади, қорилар устозлари ҳузурида Каломуллоҳни ёддан ўқиб ўтказиб оладилар.
Улуғ зотлар муборак рамазон ойини ғанимат билишган, тоат-ибодат билан ўтказишган, Қуръон тиловати ила безашган. Жумладан, машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳафтада бир марта хатми Қуръон қилиш одати бор эди. Аммо рамазон ойи келганда, ҳар уч кунда хатм қиларди .
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир кеча-кундузда Қуръонни бир марта хатм қиларди. Рамазон ойида, ҳайит кунларида икки мартадан хатм қиларди .
Қатода исмли тобеин Қуръонни ҳафтада бир марта хатм қилган. Рамазон ойи кириб келса, ҳар уч кунда бир марта хатм қилган. Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида ҳар куни бир марта хатм қилган .
Муборак ой эшик қоққанида, Зуҳрий: “Бу – Қуръон ўқиш, мискинларга таом бериш ойи”, деб яхшиликка шошиларди.
Суфён Саврий рамазон ойи кириб келганида, Қуръон тиловатига қаттиқ киришарди.
Имом Молик рамазон ойида ҳадис ўқитишни, аҳли илмлар мажлисини вақтинча тўхтатиб, Қуръон ўқишга жидду жаҳд қиларди.
Имом Шофеий рамазонда Қуръонни олтмиш марта хатм қилган.

 

 

 

Орқага Олдинга