loader

Қалб табобати, қуръон билан дам солиш

Ҳозирги пайтда ҳар хил касалликлар кўпайган, авваллари маълум бўлмаган иллатлар пайдо бўлган. Одамлар улардан қутулиш учун пулларини, олтиндан қиммат вақтларини сарфлаяптилар. Шунга қарамай, шифохоналар касаллар билан тўла, беморлар сафи камайишидан дарак йўқ. Бунинг боиси нимада?
Сабаби кўп одамлар мукаммал шифо нимадалигига аҳамият бермайдилар. Тиббиёт ходимлари бор эътиборларини моддий муолажаларга қаратиб, руҳий жиҳатларга унчалик парво қилишмайди. Шунинг учун беморлар дарддан тўлиқ соғайиб кетишлари қийин кечади.
Танадаги дарддан бутунлай халос бўлишда Қуръоннинг аҳамияти беқиёс. Зеро, Қуръон тушкунлик, паришонхотирлик, ғам-андуҳ, сеҳр, кўз тегиши каби иллатларга тенги йўқ шифодир. Замонавий тиббиёт бундай касалликларни таг томири билан даволашга кўп ҳолларда ожизлик қилади.
Уламолар айтишича, табобат иккига бўлинади: бадан табобати, қалб табобати.
Бадан табобатида инсон танасининг ҳолати, касалликни даволаш йўл-йўриқлари ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбини касал қилувчи иллатлар, уларнинг давоси ўрганилади.
Динимиз Исломда ҳар икки жиҳатга эътибор берилади. Айниқса, қалб табобатига – руҳий тарбияга алоҳида аҳамият қаратилади.
Қуръон ҳар қандай касалликни тузатади, руҳий ёки танадаги касалликми, сеҳрми, жин тегишими, тери касалликларими, барчасига шифо бўлади. Бунинг учун беморнинг эътиқоди тўғри бўлса кифоя. Зотан, соғлом ақида шифонинг ярмидир .
Бир нарсани айтиб ўтиш керак: тиббиётга оид хасталиклар табиблар ёрдамида даволанади. Дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солинади. Жисмоний дардларга қарши дори берилса, беморнинг жисми таъсирланади. Худди шунга ўхшаб руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солиш таъсир қилади. Шунда Аллоҳнинг изни билан бемор тузалади.
“Қандай ҳолатда тибга, қандай ҳолатда дам солишга мурожаат қилинади?” деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоб қуйидагича: аввало, бемор табибларга (шифокорларга) кўринади. Табиблар дардни аниқлашса, уларга даволатилади. Табиблар: “Сиз соғломсиз”, десалар-у, аммо киши ўзини ёмон ҳис қилса, дам солдирилади.

Орқага Олдинга