loader

Беморга дам солиш усули

Имкони бўлса, ҳар ким ўзига-ўзи дам солгани яхши. Чунки беморнинг овози бегоналарникидан кўра яхшироқ таъсир қилади. Лекин баъзи вақтларда беморнинг аҳволи оғир бўлгани учун ўзи ўқий олмаслиги мумкин. Шундай пайтда бошқа одам Қуръон ўқиб дам солади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Аҳволлари оғирроқ бўлса, Оиша онамиз у зотга дам солганлари тарихдан маълум.
Бошқа одамга дам солдирилса, дам солувчи тақводор, солиҳ инсон бўлгани маъқул. Зеро, дам солиш ҳам дуонинг бир тури. Дам солувчининг нафаси ўткир бўлса, солган дами яхшироқ таъсир қилади, бемор шифо топади.
Ривоят қилинишича, Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Фотиҳа сурасини ўқиб, хасталарга дам солса, тезда таъсир қилар экан. У киши дунёдан ўтганидан кейин бошқалар дам солишса, аввалига самара бермабди. Шунда бунинг асл сабабидан бохабар кишилар: “Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?” дейишган экан .
Дам солаётганда овозни – бемор эшитадиган даражада – бироз кўтариб қироат қилинади. Чунки танадаги касал ҳужайралар шифо топиши учун овоз чиқариб ўқиш керак. Қуръон ўқилганда инсоннинг териси, ҳар бир ҳужайраси эшитади. Шунинг учун Қуръонни сал баландроқ овозда ўқиган маъқул.
Қуръон билан даволаниш учун белгиланган маълум вақт йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ўқиса бўлади. Бироқ эрталаб, кечқурун шифо оятларини ўқиб дам солиш афзал. Оятлар етти марта ўқилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом баъзи шифо оятларини, дуоларни етти мартагача такрорлаганлар.

Орқага Олдинга