Қуръони каримнинг бир нечта сураларида шайтон васвасаси ҳақида маълумот берилган, ундан эҳтиёт бўлишга, ёлғон ваъдаларига учмасликка чақирилган. Зеро, нафс ёмонлиги иблис васвасасидан келиб чиқади. Шайтон айнан нафс орқали бандани йўлдан уради, Аллоҳга итоат этишдан қайтаради, ҳавойи нафсга қул бўлишга чақиради.
Аллоҳ таоло бандаларига шундай хитоб қилган: “Эй инсонлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир. У сизларни фақат ёмонликка, бузуқликка, Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради” (Бақара сураси, 168-169-оятлар).
Аллоҳ таоло ерни, ундаги бор нарсаларни инсон учун яратган, инсонга покни нопокдан ажратадиган соғлом фитрат – табиат ато этган. Ердаги сон-саноқсиз нарсалар ичидан бандалар учун нимадир ҳаром қилинган бўлса, у ҳақида Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда очиқ айтилган.
Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсалардан бошқани бандалар учун ҳаром қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Инсонларни йўлдан оздиришда шайтон кўпинча мана шу нуқтадан иш бошлайди. Яъни, уларга Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳалол деб йўлдан оздиргани каби баъзи бир ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳам йўлдан урмоқчи бўлади. Иблис ҳар вақт иблислигини қилади, Одам билан Ҳаввони жаннатдан ерга тушишига сабаб бўлган шайтон уларнинг авлодларини ҳам жаннатдан маҳрум қилиш учун бор кучини ишга солади. Демак, шайтон инсоннинг душманидир. Шундай экан, унга душманча муомала қилиш, иблис васвасасига ишонмаслик, йўлига юрмаслик керак.
“У сизларни фақат ёмонликка, бузуқликка, Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради”.
Шайтон инсонни уч нарсага буюради:
1. Дунёдаги барча ёмонликларга. Шайтоннинг сўзига кирган, васвасасига қулоқ солган кимсалар ҳеч қачон яхши одам бўлмайди. Бошқача айтганда, фақат ёмон одамларгина Аллоҳни қўйиб шайтонга бўйсунади.
2. Бузуқ ишларга. Шайтонга эргашган кимса шариат қайтарган, соғлом ақл инкор этадиган бузуқликларни, нопок ишларни, инсонни, оилани – жамиятни ҳалокатга етаклайдиган иллатларни хотиржам қабул қиладиган бўлиб қолади.
3. Ҳеч қандай билими бўлмай туриб Аллоҳ номидан сўзлашга. Шайтонга эргашган кимсалар ўзларининг ёмонликлари етмаганидай бошқаларни ҳам бузиб, ҳақ йўлдан оздирмоқчи бўладилар. Улардан бири шариатда ҳаром қилинган нарса ҳақида “Аллоҳ буни ҳалол қилган”, деб фатво берса, бошқаси ҳалол нарсани ҳаром, деб фатво беради. Агар ўзлари ҳаром деб эълон қилган ўша нарса ўзларига керак бўлиб қолса, ҳеч тортинмай уни яна Аллоҳ номидан ҳалол қилиб олаверишади ...
Аллоҳ таоло айтади: “Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Шундай экан, сизларни дунё ҳаёти ҳаргиз алдаб қўймасин! Сизларни, Аллоҳ (гуноҳларни кечириб юборади, деб) алдовчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир сураси, 5-6-оятлар).
Яъни, эй инсонлар! Ўлимдан кейин қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, яхши амалларга мукофот, гуноҳларга жазо бериш ҳақидаги Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Шундай экан, дунё ҳаёти, ундаги ялтир-юлтир нарсалар, зеб-зийнатлар, лаззатлар, шаҳватлар сизни алдаб қўймасин, охиратга тайёргарлик кўришдан чалғитмасин. Шунингдек, шайтон ҳам сизларни Аллоҳнинг пайғамбарларига эргашишдан, имон келтиришдан тўсиб қўймасин. Зеро, шайтон сизни алдайди, ёлғон ваъдалар беради.
(Иблис) айтди: “Парвардигорим, қасамки, мени йўлдан оздирганинг сабаб энди мен (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўяман, албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан ураман. Магар улар орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қоладилар)” (Ҳижр сураси, 39-40-оятлар).
Яъни, иблис Аллоҳ азза ва жаллага шундай деди:
– Парвардигорим, мени адаштирганинг учун Одам болаларига гуноҳларни чиройли қилиб кўрсатаман, уларни маъсиятга бошлайман, барчаларини тўғри йўлдан ураман. Фақат, Сенга ихлос билан ибодат қилган бандаларингни адаштиролмайман, Сенинг зикринг ила машғул бўлганлари боис уларга кучим этмайди.
Бундан маълум бўлади, шайтон ихлосли бандаларни йўлдан уролмаслигини, васваса уларга таъсир қилмаслигини билади .
Бошқа ўринда шайтон тилидан шундай дейилган: “Қасамки, мени йўлдан оздирганинг сабаб мудом Сенинг тўғри йўлинг устида (Одам болаларини) кутиб ўтираман. Сўнг уларга олдиларидан, ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб, (йўлдан оздираман. Оқибатда) уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида топмайсан” (Аъроф сураси, 16-17-оятлар).
Яъни, иблис Аллоҳнинг раҳматидан умидини узгач шундай деди:
– Мени йўлдан урганинг, ҳалок этганинг сабаб Одам зурриётларини фитнага соламан, тўғри йўлингдан чалғитаман, уларга бошқа йўлларни зийнатлаб кўрсатаман. Натижада ҳидоятдан адашиб кетадилар. Кейин уларни охират ҳақида шубҳага соламан, дунёга ҳавасларини орттираман, ҳар тарафдан келиб уларни яхшиликдан тўсаман, кучим етганича гуноҳ-маъсиятга йўллайман. Оқибатда одамларнинг кўпи берган неъматларингга шукр қилмайдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур оят тафсирида шундай деган: “Шайтон – банда билан Аллоҳнинг раҳмати орасини тўсиб қўймаслик учун – уларнинг тепасидан кела олмайди ”.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Тақводор зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар-да, (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар” (Аъроф сураси, 201-оят).
Аллоҳнинг солиҳ, тақводор бандалари шайтон васвасасини ҳис этсалар, Парвардигорлари шайтон фитнасидан огоҳлантирганини, У Зотнинг жазосини, мукофотини эслайдилар, Аллоҳдан паноҳ сўрайдилар, дуо-илтижо қиладилар, сергак тортадилар, тўғри йўлни кўра бошлайдилар, ҳақда собитқадам бўладилар.
Каломи мажидда яна шундай дейилган: “Шайтон сизларни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади, фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз тарафидан мағфират, фазлу карам ваъда қилади. Аллоҳ (марҳамати) кенг, Билувчидир” (Бақара, сураси, 268-оят).
Аллоҳ таоло мўминларни инфоқ-эҳсонга буюриб, бахилликдан қайтаргач, улар учун икки чорловчи бор эканини баён қилди:
Биринчиси, Раҳмоннинг чорлови. У Зот бандаларни яхшиликка чорлайди, уларга гўзал оқибатларни, гуноҳлар мағфират этилишини, дунёю охиратда барака, ажр-савобларни ваъда қилади.
Иккинчиси, шайтоннинг чорлови. Шайтон одамларни бахилликка чақиради, садақа қиладиган бўлсалар, ўзлари камбағал бўлиб қолишларини айтиб қўрқитади, уларни бузуқ йўлларга жалб этади.
Ана энди банда кимнинг даъватига жавоб беришни ўз ҳал қилсин: Аллоҳ таоло чорлаб турган жаннат йўлига ижобат этадими ёки шайтон чақириб турган дўзах йўлигами, ўзи танлаб олсин .
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Икки нарса Аллоҳдан, икки нарса шайтондандир. Шайтон сизларни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади, фаҳш ишларга буюради, “Молингни садақа қилма, ўзингда ушлаб қол. Чунки керак бўлиб қолади”, дейди. Аллоҳ эса гуноҳларни мағфират этишни, кенг ризқни ваъда қилади ”.
Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўмин бандам,) қачон Қуръон қироат қилсанг, қувилган – малъун шайтондан Аллоҳ паноҳ беришини сўра! Албатта имон келтирган, Ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ. (Шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳга) шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир” (Наҳл сураси, 98-100-оятлар).
Аллоҳ таоло бу оятда Қуръон ўқимоқчи бўлган вақтда истиоза айтишга чақирмоқда, Аллоҳга суянувчи тақводор зотларга иблис макри кор қилмаслиги, шайтонни ўзига дўст тутадиган кимсалар васвасага учишларини маълум қилмоқда.
Қироатдан олдин “Аузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм”, дейиш истиоза айтишдир. Бу, “Аллоҳ мени шайтон васвасасидан асрашини сўрайман, У Зотнинг паноҳини истайман” мазмунини англатади. Истиоза айтган банда унинг маъносини дилига жойлайди, қалби билан Аллоҳга боғланади, имон, таваккул ила шайтон васвасасини даф этади.
Уламолар қироатдан олдин истиозанинг жорий этилиши ҳикматлари ҳақида шундай дейишган:
1. Қуръон ҳидоят ва илм манбаидир. У қалбни яхшиликка бошлайди. Агар шайтон банда қалбида яхши ниятни пайқаса, уни бузишга, йўлдан уришга ҳаракат қилади. Шунинг учун Қуръон ўқишдан олдин шайтондан паноҳ сўралса, унинг васвасаси даф бўлади.
2. Фаришталар Қуръон ўқувчининг яқинига келиб қироатни эшитади. Шайтон эса фариштанинг душманидир. Шунинг учун қори фаришталар душмани иблисдан паноҳ сўрайди. Зеро, фаришталар билан шайтон бир ерда жамланмайди.
3. Шайтон Қуръон ўқувчининг хаёлини чалғитади, уни тадаббурдан, Каломуллоҳ маъноларини англашдан тўсади. Агар банда шайтон васвасасидан паноҳ тиласа, Қуръон мазмунини англашга муяссар бўлади.
4. Қироатдан олдин истиоза айтиш аломатдир. Истиоза, басмала айтилса, ундан кейин Аллоҳнинг Каломи ўқилиши маълум бўлади, одамлар сергак тортиб, Қуръонга қулоқ солишга тайёрланади .
Банда Аллоҳни эслаш билан шайтондан ҳимояланади. Зикруллоҳдан юз ўгирган кимса шайтонга яқинлашади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: “Ким Раҳмон Эслатмасидан кўр бўлса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўямиз, у ўшанга (доимий) ҳамроҳ бўлади” (Зухруф сураси, 36-оят).
Кимда-ким Аллоҳнинг зикридан, Қуръондан ғофил бўлса, маъсиятга ботса, дунё лаззатларига берилиб кетса, азобдан қўрқмаса, Аллоҳ унинг устидан инсонлар ва жинлар шайтонини устун қилиб қўяди. У бандага гуноҳларни, шаҳватларга берилишни зийнатлаб кўрсатади, ҳалолдан тўсади, ҳаромга даъват қилади. Охир-оқибат Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади.
Демак, ким Қуръонни – Аллоҳнинг зикрини ўзига лозим тутса, ҳидоят топади, улуғ саодатга эришади. Ким Каломуллоҳдан юз ўгирса, икки дунёда бахтсиз бўлади.
Нос сурасида Аллоҳ таоло: “Жинлардан, одамлардан бўлган, одамлар қалбларига васваса қилувчи, яшириниб юрувчи васвасачи (шайтон) ёмонлигидан паноҳ сўрайман ”, деб айтинг дея шайтон васвасидан паноҳ сўрашга чақирган.
Мазкур оятларда шайтонга хос баъзи сифатлар зикр этилган. Унга кўра, шайтон инсонлар қалбига васваса қилади, уларни тўғри йўлдан адаштиради, одамлар кўзига кўринмайди, Аллоҳ зикр қилинганда узоқлашади, ғафлатда қолган бандага яқинлашади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Албатта шайтон бурнини одам боласи қалбига қўйиб туради. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, беркинади. Борди-ю унутса, шайтон (одам) қалбини ютиб юборади. Мана шу “васваса қилувчи, беркиниб олувчи”дир ”.