loader

Қуръон аҳлининг фазилати

Қуръон ҳақларини адо этадиган, Каломуллоҳга меҳр қўйган инсон Қуръон аҳлидан саналади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар ичида Аллоҳнинг аҳллари бор”, деганларида, кишилар: “Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?” деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз: “Улар Қуръон аҳллари – Аллоҳнинг аҳллари, У Зотнинг хос бандаларидир”, деб марҳамат қилдилар ”.
Набий алайҳиссалом бошқа бир ўринда шундай деганлар: “Қуръонни кўтарувчилар билан тун эгалари умматим ичида энг шарафлидирлар ”.
Қуръонни кўтарувчилар – Қуръонни тўлиқ ёдлаб, унга амал қилувчи қорилар. Тун эгалари эса кечаси намоз ўқийдиган, дуо-илтижо қиладиган, зикр-тасбеҳ, истиғфор айтадиган обидлардир.
Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Қорилар жаннат аҳлининг раҳбарларидир ”.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръон ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатганлар ичингизда энг яхшингиздир”. (Саъд ибн Убайда:) “Абу Абдураҳмон Усмон халифалиги давридан Ҳажжож ҳукмронлигига қадар (одамларга) Қуръон ўргатган. У: “Бу ерда ўтиришимга мана шу ҳадис туртки бўлди”, деб айтган ”.
Тарихга назар ташласак, бу ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келинганини кўрамиз. Мусулмонлар ҳар қандай оғир шароитларда ҳам Қуръони каримни ўқиганлар, ўқитганлар. Мана бу жумла фикримиз исботидир: “Абу Абдураҳмон Усмон халифалиги давридан Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий ҳукмронлигига қадар (одамларга) Қуръон ўргатган. У: “Бу ерда ўтиришимга мана шу ҳадис туртки бўлди”, деб айтган”.
Бу ҳадисга биринчи бўлиб Суламийнинг ўзи амал қилган, ҳадисда айтилган фазилатга эга бўлиш учун узоқ вақт одамларга Қуръон ўргатган.
Ҳадис ровийси, машҳур тобеин, қорилар устози Абу Абдураҳмон Суламий Ҳажжож Ироққа волий бўлгунига қадар Қуръондан дарс берган экан.
Абу Исҳоқ Сабийъий айтишича, Абу Абдураҳмон Суламий қирқ йил (!) катта масжидда одамларга Қуръони каримдан дарс берган .
Инсон бойлик, мансаб-мартаба эмас, солиҳ амаллари билан яхшилар қаторидан жой олади. Жумладан, ким Қуръон ўқиса, Каломуллоҳни бошқаларга ўргатса, мақтовга сазовор ишни қилган бўлади. Бундай зотлар уммати муҳаммадиянинг энг сара инсонлари сафига қўшилади.
Омир ибн Восиладан ривоят қилинишича, Нофеъ ибн Абдулҳорис Усфонда  Умар ибн Хаттоб билан учрашди. Умар уни Маккага омил қилиб тайинлаган эди. Умар Нофеъдан сўради:
– Водий аҳлига кимни омил қилиб тайинладинг?
– Ибн Абзони.
– Ибн Абзо ким?
– Озод қилган қулларимиздан бири.
– Уларга озод қилинган қулни ўринбосар этиб тайинладингми?!
– У Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини қироат қилади, фароиз илмини яхши билади.
– Сизларнинг Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмлар даражаларини кўтариб, бошқаларникини туширади”, деганлар.

Орқага Олдинга