Баъзан, Қуръони каримни тўлиқ ёдлаганлар орасида номаъқул ишларни қилиб юрганларни кўриб ҳайрон қоласан киши. Ўзи қори, Қуръон ўқийди. Лекин хулқ-атвори Қуръонга мувофиқ эмас. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юрардик. Ўша дамларда билагимиз кучга тўлган паҳлавон йигитлар эдик. Аввал имонни ўргандик. Кейин Қуръондан таҳсил олдик. Қуръон ўрганиш билан имонимиз янада кучайди ”.
Табибга борсангиз, сизга аввал танани тозалайдиган дориларни ёзиб беради. Ошқозон, жигар, буйрак каби аъзолар тозаланганидан кейин асосий муолажа бошланади. Шундай қилинса, даволаш яхши самара беради. Руҳий тарбияда тахаллий ва таҳаллий деган тушунча бор. Тахаллий иллатлардан покланиш, таҳаллий эса гўзал фазилатлар билан зийнатланиш дегани. Чунончи, ҳар қандай муолажани қалбни тозалашдан бошланади. Эътиқод тўғриланиб, қалб покланганидан кейин илм олинса, ана шунда фойдаси кўп бўлади.
Қуръон таълимида ҳам шундай йўл тутилса, инсон етук мўмин даражасига кўтарилади. Зеро, имони бут, эътиқоди мустаҳкам қори Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунади, қайтарганларидан тийилади, Парвардигорининг ҳар бир оятини диққат-эътибор билан ўқиб-ўрганади, ҳар қандай ҳолатда фақат Аллоҳга тақво қилади, Унга суянади, мадад сўрайди. Имони комил мўминнинг ҳар бир ҳаракати, ҳатто сукути ҳам Аллоҳ розилиги учун қилинади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
– Ё Расулуллоҳ, мен Қуръон ўқийман. Аммо нима ўқиётганимни тушунмайман, – деди.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
– Қалбинг имон билан тўлибди. Зеро, бандага Қуръондан олдин имон берилади, – дедилар .
Қуръонни тушуниш учун имон керак. Имон мустаҳкам бўлиши учун эътиқод илми пухта ўрганилади. Қуръонни тадаббур қилиш илмга, тақвога боғлиқ. Агар қалбда имон, ихлос бўлмаса, банда Қуръон ўқигани билан Аллоҳнинг, Расулининг амр-қайтариқларини тушунмайди, шариат ҳукмларига бўйсунмайди. Қуръонни сув қилиб ичиб юборган, аммо тўғри йўлдан адашиб кетган тоифалар фикримиз далилидир.
Тақволари билан пешқадам бўлган солиҳ салафлар Қуръонни чуқур фаҳмлашган, унинг ҳақларини тўкис адо этишган. Бунга уларнинг дилларидаги имон сабаб бўлган.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу шундай деган: “Бизга аввал имон, кейин Қуръон берилган. Сизларга эса имондан олдин Қуръон берилган ”.
Саҳобаларнинг Қуръон ёдлашларига эътибор берайлик. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биргина Бақара сурасини ўн икки йилда (!) ёдлаган. Чунки саҳобалар Қуръонни қуруқ ёдлаб қўя қолишмаган, ҳукмларини диққат-эътибор билан ўрганишган, беш-ўн оятдан ёдлаб, ҳаётларига татбиқ этганларидан сўнг келаси оятга ўтишган. Асҳоби киром аввал имонни ўрганишган – “Лаа илааҳа иллаллоҳ, муҳаммадур росулуллоҳ” калимасини қалбларига жойлашган. Кейин Қуръондан таҳсил олишган. Шунинг учун Қуръон, суннат таълими билан имонлари кучайган, илмлари янада зиёда бўлган.