loader

Қуръонни беш оятдан ўрганиш ҳикмати

Ривоят қилинишича, Абул Олия: “Қуръонни беш оятдан ўрганинглар! Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни Жаброилдан беш оят-беш оятдан қабул қилардилар”, деган .
Қуръонни беш оятдан ўрганишда ҳикмат кўп. Агар оз-оздан ўрганилса, ёдлаш ҳам, оятлар маъносини ўзлаштириш ҳам осон бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни беш оят-беш оятдан қабул қилардилар. Саҳобалар нозил бўлган оятларни зўр иштиёқ билан ёдлаб, қалбларига сингдириб боришган.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг биринчи Алақ сурасининг аввалги беш ояти нозил бўлганини кўпчилик билади. Умрининг кўп қисмини Қуръон таълимига бағишлаган машҳур тобеин Абу Абдураҳмон Суламий ҳам шогирдларига Қуръонни беш оятдан ўргатган.
Хуллас, Қуръонни оз-оздан ўрганишнинг ҳикмати кўп. Аммо хотираси кучлилар бир ҳаракатда бир-икки саҳифани ёдласалар ҳам бўлади. Қуръон ёдлашга қатъий бел боғлаганлар шундай қилсалар, мақсадларига тезроқ эришадилар. Зеро, ҳар ким имконияти даражасида Қуръон ўрганади. Бироқ омма мусулмонлар ҳар куни оз-оздан ўрганиб борганлари маъқул.

Орқага Олдинга