Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қуръонни уч кундан кам (муддат)да ўқиб чиққан одам (унинг маъносини) тушунмайди ”.
Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни Қуръон ўқишга қизиқтирардилар. Шу билан бирга, Каломуллоҳ мазмунини тушуниб ўқишни тайинлаганлар. Чунки тушунар-тушунмас апил-тапил ўқиб чиқишдан фойда йўқ. Қуръон ўқишдан асосий мақсад – маъносини англаш. Агар Қуръоннинг теран мазмунини дилимизга жойласак, ана ўшанда қалбимиз покланади, кўнглимиз таскин топади.
Машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Ичингизда бирон киши тунда Қуръоннинг учдан бирини ўқишга қодир эмасми? – деб сўрадилар.
Шунда одамлар савол беришди:
– Қандай қилиб Қуръоннинг учдан бирини ўқий олади?!
– Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг , – дея марҳамат қилдилар Расулуллоҳ.
Саҳобалар кечаси Қуръоннинг учдан бирини ўқишни ҳам оғир иш деб ҳисоблашган. Нега десангиз, улар Қуръонни қандай ўқиш кераклигини, қироат фақат тилни қимирлатишдангина иборатмаслигини яхши билишган.
Киши, “Қуръонни тезроқ хатм қиламан” деб шошилиб хато ўқиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда савоб оламан, деб гуноҳга ботади. Шунинг учун Қуръон ўқиётганда шошилмаслик лозим.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Қуръонни уч кундан кам муддатда хатм қилса, гўё шеър ўқибди ”.
Қуръон шеърга ўхшатиб қофия билан шариллатиб ўқилмайди. Қуръон тадаббур билан, ихлос билан ўқилади. Зотан, Қуръон шеър эмас, Аллоҳнинг Каломидир.
Ривоят қилинишича, Муоз ибн Жабал Қуръонни уч кундан кам муддатда хатм қилишни ёқтирмасди .
Айрим салафлар Қуръонни бир-икки кунда хатм қилганлари ҳақида маълумотлар бор. Аммо машҳур саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бу ишни хушламаган экан.
Баъзилар, “Рамазонда кўпроқ Қуръон ўқийман” деб шошилиб, ўзлари билмаган ҳолда тиловатда хатога йўл қўйишлари мумкин. Жонингиз омон бўлсин! Майли, муборак ойда тўрт-беш марта эмас, бир-икки марта хатм қилинг, лекин шошилмасдан, Каломуллоҳ маъноларини тушуниб ўқинг.
Ҳозирги тезкор замонда одамлар имкон қадар вақтни тежашга, оз фурсатда кўпроқ маълумотларни ўзлаштиришга ошиқадилар. Ҳатто овқат еяётганда, транспортда кетаётганда ҳам китоб ўқиш, газета, журналларни варақлаб чиқиш пайида бўладилар. Лекин Қуръонни бундай ўқиб бўлмайди. Чунки Қуръон ўқишнинг ўзига хос одоблари бор. Қуръонни дуч келган жойда, пала-партиш тарзда ўқилмайди. Шунчаки кўз югиртириб ҳам чиқилмайди. Аллоҳнинг Каломини ўқишга алоҳида эътибор талаб қилинади.