loader

Хатми Қуръондан кейин дуо қилиш хосияти

Қуръон хатмидан кейин дуо қилинса, минглаб фаришталар “омин” деб туради. Аллоҳ таоло мана шу вақтдаги дуо-илтижоларни қабул этади. Бу ҳақида ҳадислар кўп. Қолаверса, ўтмишда ўтган улуғларимиз Қуръон хатмидан кейин қандай дуо қилганлари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким фарз намозини ўқиса, дуоси мустажоб бўлади. Ким Қуръон хатм қилса, дуоси мустажоб бўлади ”.
Бундан чиқди, беш вақт намоздан кейин, Қуръон ўқиб бўлгандан сўнг чин дилдан Аллоҳга дуо қилинса, Парвардигори олам дуоларни ҳусни қабул этади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Қуръон ўқиса (ёки Қуръонни жамласа,) дуоси Аллоҳ даргоҳида мустажоб бўлади. (Аллоҳ) хоҳласа, уни дунёда беради, хоҳласа, охиратига захира қилиб олиб қўяди”, дейилган .
Хатмдан кейин дуо қилсак, самога умид билан кўтарилган қўлимиз қуруқ қайтмайди. Сидқидилдан қилган илтижоларимиз самарасини кўрамиз, иншааллоҳ!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Осмон беш нарсага – Қуръон тиловати, икки тараф (мўминлар билан кофирлар) ўртасидаги тўқнашув, ёмғир ёғиши, мазлумнинг дуоси ва азон учун очилади ”.
Яна бир ҳадисда: “Ким Қуръон ўқиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот йўлласа, истиғфор айтса, яхшиликни ўрнида сўрабди”, дейилган .
Қуръон ўқигандан кейин, аввал Аллоҳга ҳамду санолар айтилади, Пайғамбаримизга салавоту саломлар йўлланади, тавба-тазарру, истиғфордан кейин Аллоҳга дуо қилинади.
Мужоҳид айтади: “Хатми Қуръон вақтида Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади ”.
Қуръон хатмидан кейин дуолар мустажоб бўлишига сабаб:
1. Бу пайтда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади;
2. Тўрт минг фаришта “омин”, деб туради;
3. Қуръон ўқилганда осмон эшиклари очилади;
4. Қуръон ўқиган банда гуноҳлардан покланади. Покиза қалб ила қилинган дуо мақбулдир.
5. Қуръон ўқиган банда қалбида ихлос пайдо бўлади. Дуонинг ижобат бўлишида ихлоснинг ўрни катта.
Ривоят қилинишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Қуръон хатм қилса, аҳли аёлини, фарзандларини бир жойга тўплаб, ҳақларига дуо қиларди .
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръон хатм қилса, оиласини бир ерга тўпларди. Улар “Омин!” деб туришардир .
Қуръон хатмидан кейинги дуога кишининг оила аъзолари “омин” деб турсалар, яхши бўлади. Шунда ёш болалар ҳам дуо қилишни ўрганади, мурғак қалбларида Қуръон ўқишга қизиқиш пайдо бўлади. Жажжи болалар катталарни кўриб, дилларида ибодатга хоҳиш уйғонади. Зеро, бола эшитганига эмас, кўзи билан кўрганига кўпроқ ишонади. Кўрган нарсалари бола хотирасида муҳрланиб қолади.
Ҳумайд Аъраж шундай деган: “Ким Қуръон ўқиганидан кейин дуо қилса, тўрт минг фаришта “омин”, деб туради ”.
Иброҳим Нахаий айтади: “Ким Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳақига салавот айтади. Агар кечаси хатм қилса, фаришталар тонггача қори ҳақига салавот айтиб чиқади ”.
Фаришталар Қуръон хатм қилган бандага яхшилик сўрашади, ҳақига истиғфор айтишади.
Холид ибн Маъдон шундай деган: “Қуръон ўқувчи ва ўрганувчи сурани тамомлагунича фаришталар унинг ҳақига салавот айтиб туради. Агар биронтангиз сурани ўқитса, ундан икки оятни қолдириб, кундузнинг охирида хатм қилсин. Шунда фаришталар унинг ҳақига кун бўйи тўхтовсиз салавот айтиб чиқади”.

Орқага Олдинга