Енгил боин талоқ икки талоқгача бўлиб, у билан никоҳ риштаси узилади ва эрда қўйган талоғини қайтариб олиш ва аёлига никоҳсиз ражъат қилиш ихтиёри қолмайди. Ҳа, албатта ўзаро рози-ризолик билан идда ичида ёки идда тугагандан кейин қачон хоҳлашса ўшанда иккинчи бор никоҳ билан эр аёлини қайтариб олиши мумкин. Фақат эр аёлини қайтадан никоҳлаб олишни хоҳласаю, аёл ҳали бунга тайёр бўлмаса ёки қайта никоҳга рози бўлмаса, зўрлик билан аёлни никоҳлаб ололмайди. Ражъий талоқда ражъат қилиш учун аёлнинг розилиги шарт эмас.
Агар эр оғир боин талоқ қўйса, яъни сариҳ ёки киноя лафзлар билан уч талоқ қўйса, шаръий ҳалоласиз никоҳни иккинчи бор ўқитиш билан бузилган никоҳ ришталарини қайта тиклаб бўлмайди.
وَإِذَا كَانَ الطَّلَاقُ بَائِنًا دُونَ الثَّلَاثِ فَلَهُ أَنْ يَتَزَوَّجَهَا فِي الْعِدَّةِ وَبَعْدَ انْقِضَائِهَا
“Агар боин талоқ қўйилган бўлиб, у учтадан оз бўлса, эр аёлнинг иддасида ёки иддаси тугагандан кейин қайта никоҳига олиш ҳуқуқи бордир” (Ҳидоя. Ж. II. Б. 399).