Ҳалоланинг учинчи шарти шуки, аёл аввалги эрдан тўлиқ ажрашгандан кейин ўз розилигига биноан бирор ташқи босимсиз иккинчи эрга тегиши. Бу ҳозирги кунда шариат кўрсатмаларидан бехабар, табиати бузуқ кишилар жаҳл устида аёлига уч талоқ қўйиб, ҳовуридан тушгандан кейин аёлини ўзига қайтаришни турли ношаръий йўлларига қўл урмоқдалар. Жумладан, вақтинчалик никоҳ ёки талоқ қўйиш шарти билан укаси ёки бирор яқинларига аёлини никоҳлаб талоқ қилдириш каби. Бу “уддабуронлик” бошдан оёқ ношаръий ва лаънатни вожиб қиладиган амаллардандир. Бундай ишни қилувчи ва қилдиргувчи ҳар иккаласи қаттиқ гуноҳкор бўладилар. Бу ҳақда бир неча саҳобаи киромлардан қуйидаги ҳадис марфуъ тарзда нақл қилингандир:
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم الْمُحِلَّ وَالْمُحَلَّلَ لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалолловчини ва ҳалоллатувчини лаънатладилар" (Термизий ва икки Соҳиби ривоят қилишган). Ҳа, агар эр-хотиннинг бири билан шартлашиб ҳалола қилиб бериш учун уч талоқ қилинган аёлни олиб, у билан яқинлик қилиб талоқ қўйса, аввалги эрига ҳалол бўлади. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кишилар қаторига киради.
وَكُرِهَ التَّزَوُّجُ لِلثَّانِي تَحْرِيمًا لِحَدِيثِ لَعْنِ الْمُحَلِّلِ وَالْمُحَلَّلِ لَهُ بِشَرْطِ التَّحْلِيلِ كَتَزَوَّجْتُكِ عَلَى أَنْ أُحَلِّلَكِ وَإِنْ حَلَّتْ لِلْأَوَّلِ لِصِحَّةِ النِّكَاحِ وَبُطْلَانِ الشَّرْطِ فَلَا يُجْبَرُ عَلَى الطَّلَاق.
“Ҳалола шарти билан иккинчи эрга турмушга чиқиш, ҳалолловчи ва ҳалоллатувчини лаънати борасида келган ҳадисга биноан макруҳи таҳримийдир. Масалан, мен сени ҳалола қилиб бериш шарти билан никоҳимга олдим каби. Никоҳни саҳиҳ бўлгани ва шарт бекор бўлгани учун гарчи аёл аввалги эрига ҳалол бўлсада, лекин иккинчи эрни талоқ қўйишга мажбур қилинмайди” (Дуррул мухтор Ж.V. Б. 47).
Лекин, уламолар бир киши никоҳнинг аввалида эр-хотиннинг бирортаси билан ҳалолани шарт қилмай аввалги эрига ҳалоллаб бериш ниятида никоҳланса ва яқинлик қилгач талоқ қўйса бу иш лаънатни вожиб қилмайди. Яхши ниятига иншаааллоҳ ажр олади, деганлар.
أَمَّا إذَا أَضْمَرَ ذَلِكَ لَا يُكْرَهُ وَكَانَ الرَّجُلُ مَأْجُورًا لِقَصْدِ الْإِصْلَاحِ
“Уч талоқ қўйилган аёлни никоҳига олаётган киши аввалги эрига ҳалоллаб бериш мақсадини ният қилса (лекин эр-хотиннинг бирортаси билан ҳам ҳалола қилиб беришни шартлашмаса ва зикр қилмаса) унинг бу қилган иши макруҳ саналмайди ва иккаласини орасини ислоҳ қилишни мақсад қилгани учун ажр олади” (Дуррул мухтор. Ж.V. Б. 48).