loader

Хулуъ сабабли маҳр, нафақа соқит бўлиб, аёл зиммасига хулуъ маблағи лозим бўлади

Хулуъ қилишнинг бир неча суратлари мавжуд бўлиб, биринчиси, хулуъ қилинаётган пайтда бирор маълум маблағ белгиланмай эр аёлини мутлоқ маблағ бериш эвазига хулуъ қилади. Бас, бу билан хулуъ дуруст бўлиб, эр-хотин зиммасидаги барча молиявий ҳақлар ўз-ўзидан соқит бўлади. Масалан, аёл эридан маҳрини ва бошқа совғаларни олгандан кейин эри уни мутлоқ хулуъ қилса, бас барча берилган совғалар ўз-ўзидан соқит бўлади, яъни аёл эрга берилган совғаларни, маҳрни қайтармайди ва эр ҳам уларни аёлдан талаб қила олмайди. Унинг акси ўлароқ, аёл эрига совға бериб, ҳали маҳрини олмаган бўлса ва эр уни мутлоқ хулуъ қилса, бас эр-хотин ўртасидаги молиявий ҳақлар ўз-ўзидан соқит бўлиб, аёл эридан на маҳрини, на берган совғаларини ва қолиб кетган нафақаларини талаб қила олади. Лекин, аёл ҳаққи бўлган идда нафақасини эридан олиши мумкин. Ҳа, идда пайтида бериладиган нафақаларни эр-хотин ўзаро келишиб, соқит қилсалар, бас соқит бўлади. Чунки, идда нафақаси аёлнинг ҳаққи бўлиб, у ўзи соқит қила олади. Лекин, идда пайтда эр аёлни турар жой билан таъминлаши шариат ҳаққи бўлиб, эр-хотин ўзаро келишиб соқит қилсалар ҳам соқит бўлмайди. Агар аёл эрининг уйини тарк қилиб бошқа жойда идда ўтказса, гуноҳкор бўлади.
Иккинчи хулуъ шуки, муайян маблағни тайин қилиб, маҳрни қайтариб беришни зикр қилмай хулуъ қилиш бўлиб, бас бу билан хулуъ дуруст бўлади ва маҳр ўз-ўзидан соқит бўлади ҳамда ваъдага мувофиқ белгиланган маблағни аёл эрига бериши лозим бўлади. Агар эр аёлга маҳрни аввал берган бўлса, берган маҳридан ортиғини олиши макруҳи таҳримий ҳисобланади. Ҳа, агар маҳр соқит бўлган бўлса, бас аёл уни эрдан талаб қила олмайди ва ваъда қилинган маблағни эрга бериши лозим бўлади. Агар хулуъ пайтида эр аёлга: "Маҳрни кечиш эвазига талоғингни бердим" деса ва аёл унга рози бўлса, бас аёл хулуъдан кейин маҳрни эрдан талаб қила олмайди.
Хулуъдан кейин никоҳ воситаси ила барпо қилинган ҳақлар соқит бўлади. Масалан, маҳр, нафақа ва бошқалар. Никоҳга тегишли бўлмаган ҳақлар соқит бўлмайди. Масалан, эр аёлдан насияга бирор нарса харид қилган бўлса, унинг қиймати эр зиммасида хулуъдан кейин ҳам боқий қолади ёки аёл эрдан бирор нарса харид қилган бўлса, бас хулуъдан кейин ҳам уларни адо қилиш лозим бўлади.
ويسقط الخلع والمبارأة كل حق لكل واحد منهما على الاخرة مما يتعلق بالنكاح فلا يسقط ما لا يتعلق بالنكاح كثمن ما اشترت من الزوج ويسقط ما يتعلق بالنكاح كالمهر والنفقة الماضية اما نفقة العدة فلا تسقط الا بالذكر كذا في الذخيرة والمهر يسقط من غير ذكره.
"Хулуъ қилиш, воз кечиш эр-хотиндан никоҳга тегишли бўлган бирининг иккинчиси устидаги ҳаққини бекор қилади. Никоҳга тегишли бўлгмаган ҳақларни бекор қилмайди. Хотин эрдан нарса сотиб олганида, эрга бериши керак бўлган нархи каби. Маҳр, ўтган нафақа каби никоҳга тегишли бўлган ҳақлар соқит бўлади. Идданинг нафақаси эса, келиш олмасалар соқит бўлмайди. Маҳр эса, келишиб олинмасада, соқит бўлади" (Шарҳул виқоя).
واما سكنى العدة فلا تسقط بالذكر ايضا لانها حق الشرع فان سكناها في غير بيت الطلاق معصية كذا في البحر.
"Идда вақтидаги аёлнинг турар жойи соқит бўлишини зикр қилсада, соқит бўлмайди. Чунки, у шариат ҳаққидир. Аёлнинг талоқ қўйилган хонадондан бошқа жойда идда ўтириши маъсиятдир. "Баҳр"да шундай дейилган" (Умдатур риоя).
Шунингдек, эр бирор нарса харид қилиб, аёл исмига расмийлаштирган бўлса, аёл уларни эрга қайтариши лозим бўлади.

Орқага Олдинга