Британия парламенти, жамият палатаси Англия ва Уэльсда эвтаназияни қонунийлаштириш ҳақида қонун лойиҳасини маъқуллади.
Бу қонун дарҳол кучга киради дегани эмас. Камида бир неча ой ичида парламент ҳайъати уни ўрганиб, тузатишлар киритади. Ана ундан кейин парламент яна қайта кўриб чиқади. Сўнгра ҳужжат лордлар палатаси тасдиғидан ўтиши керак. Шуларнинг ҳаммасидан кейин қонун қабул қилинади.
Қонун лойиҳасида эвтаназияга рухсат олиш учун 18 ёшдан ошган бўлиши лозим. Бемор эс-ҳуши жойида ва ҳеч қандай босимсиз қарор қабул қилганлигига шифокор гувоҳлик қилиши шарт. Бундан ташқари, даволовчи шифокордан бошқа яна икки нафар шифокор тиббий кўрсаткичлар бўйича беморнинг 6 ойдан кам умри қолганлигини тасдиқлаши керак. Шундан кейин иш Лондон олий судига топширилади. Суд 14 кун мобайнида ҳукм чиқаради. Рухсат берилган тақдирда беморга заҳарли дори тайёрланади. Бу дорини шифокор эмас, беморнинг ўзи қабул қилиши керак.
Қонун танқидчилари қатъий юридик чоралар ҳам танг вазиятдаги беморни яқинлари томонидан босим ўтказишдан ҳимоя қила олмаслигини айтишмоқда.
Европа иттифоқида эвтаназияга рухсат берган илк давлатлар 2002 йил Бельгия ва Нидерландия бўлганди. Уларга 2009 йил Люксембург, 2021 йил Испания ва 2023 йил Португалия қўшилди.