loader
Foto

Ислом ва эвтаназия

Инсон ҳаёти. Инсон ҳаётининг муқаддаслиги Парвардигор томонидан Мусо, Исо алайҳиссаломлар ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида белгилаб қўйилган асосий қадриятдир. Қобил томонидан укаси Ҳобилнинг (гап Одам Атонинг ўғиллари ҳақида кетяпти) ўлдирилиши ҳақида ҳикоя қилинар экан, қуйидаги сўзлар келтирилган: «Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар» (Моида сураси, 32). Қуръони каримда шунингдек, айтиладики: «Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз.»- деб айт» (Анъом сураси, 151); «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Кимки мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳақ берганмиз. Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин. Албатта, у нусрат берилган одамдир» (Исро сураси, 33). Шариатда бундай ҳодисаларнинг юзага келиши эҳтимолини камайтириш учун эҳтиёт чораларига нисбатан қатъий талаблар билан уруш ёки тинчлик шароитларида (жиноят ҳуқуқи субъекти сифатида) бўлишидан қатъи назар, ҳаётдан маҳрум этиш шартлари батафсил баён этилади.

Ўз жонига қасд қилиш ҳуқуқи борми? Фақат Исломда эмас. Биз ўзимизни яратмаган эканмиз, демак ўз танамизга ҳукмдор эмасмиз. Инсон танаси унга ғамхўрлик қилиш, парваришлаш ва асраб-авайлаш учун берилган. Аллоҳ таоло ҳаёт инъом этувчи ва унинг эгасидир, шундай экан, ҳеч ким уни бериш ва олиш ҳуқуқини буза олмайди. Ўз жонига қасд қилишга уриниш исломда кечирилмас гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» (Нисо сураси, 29).

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини ўзи бўққан, дўзахда ҳам бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган, дўзахда ҳам пичоқ ўриб туради», деганлар.

Эвтаназия – «раҳмдиллик юзасидан ўлдириш»ми?

Шариатда ҳаётдан маҳрум қилиш бўйича кўрсатмалар (яъни инсон ҳаёти муқаддаслиги ҳақидаги умумий қоидадан истиснолар) санаб ўтилган ва белгилаб қўйилган, лекин уларда раҳмдиллик юзасидан ўлдириш ёки бунга рухсат беришни ўз ичига олмайди. Инсон борлиғи ўз-ўзидан қадрият саналади ва ҳар қандай шароитдан қатъий назар, у сўзсиз ҳурмат қилиниши лозим. Исломда яшаш учун лойиқ бўлмаган ҳаёт деган тушунча йўқ. Исломда азобдан қутулиш учун ҳаётни тугатиш Исломда қабул қилинмайди.

Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.

Ҳарбий юришларнинг бирида мусулмонлардан бири ҳалок бўлди, саҳобалар унинг жангда кўрсатган жасорати ва ҳаракатларини мақташди, лекин шунга қарамай, уларни ҳайратда қолдирган ҳолда пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам «Унинг ўрни жаҳаннамда» деб айтдилар. Саҳобаларнинг айтилган фикрни изоҳлашни сўраб мурожаат қилганларида маълум бўлишича, бу киши оғир яраланганидан кейин ўткир тиғли қиличини кўксига тираб, ўзини унга ташлаган ҳолда жонига қасд қилган экан. Худди шу тарзда Ислом тиббиёти биринчи халқаро анжуманида (Islamic Organization of Medical Sciences, Қувайт, 1981, с. 65) тасдиқланган Ислом тиббиёт ахлоқи кодексида айтиладики: «Раҳмдиллик юзасидан ўлдириш, худди ўз жонига қасд қилиш каби, Ердаги ҳаётдан кейин бўшлиқ келишига ишончи комил бўлган атеистик фикрлаш тарзидан фарқли равишда, бизда қўллаб-қувватланмайди. Қаттиқ азобга соладиган ва умидсиз касаллик туфайли ўлдиришни илтимос қилиш ҳам рад этилгандир, чунки кўпчилик ҳолларда дори-дармонлар билан даволаш ёки тегишли нейрохирургия билан бартараф этилмайдиган оғриқнинг ўзи йўқ».

Оғриқ ва азоб борасида яна бир жиҳат мавжуд. Сабр-тоқат ва бардошлилик Исломда қадрланадиган ва муносиб тақдирланадиган қадриятлардир: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (39:10); «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир» (Зумар  сураси, 17).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан бундай деб нақл қиладирлар: «Мусулмон кишига етадирган ҳар бир машаққат — дард, ташвиш, қайғу, азият ёҳуд ночорлик, ва ҳаттоки (баданига) кирган тикан ҳам, Оллоҳ таоло даргоҳида унинг гуноҳларига каффорат бўлғусидир!»

Оғриқнинг олдини олиш ва енгиллаштириш воситалари етарли бўлмаган ҳолларда вазиятни маънавий ўлчовга ўтказиш муқаррар оғриқларни сабот билан қабул қилиш ҳақиқий ва абадий ҳаётда унинг учун заҳира бўлишига ишонган беморни муваффақиятли қўллаб-қувватлаши мумкин. Нариги дунёдаги ҳаётга ишонмайдиган киши учун бу бемаънилик бўлиб туюлиши мумкин, аммо ҳақиқий имон-эътиқодли кишилар учун эвтаназия шубҳасиз бемаъниликдир.

Хассан Хатхут, тиббиёт фанлари доктори

Абу Муслим таржимаси

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Германияда эмланмаганлар учун… эвтаназия тақиқлаб қўйилди