Эри ўлган аёлга шариати исломия аза тутиш учун бир муддат тайин қилган ва бу муддат ҳомиладор бўлмаган аёлларга тегишлидир. Шариат у муддатни тўрт ойю ўн кун деб белгилаган. Вафот иддаси хоҳ эр яқинлик қилган ёки яқинлик қилмаган ёки хилвати саҳиҳа қилган ёки қилмаган бўлсин балоғатга етган, етмаган, ҳайз кўрадиган, кўрмайдиган барча аёлларга тегишлидир. Лекин, вафот иддаси саҳиҳ никоҳда вожиб бўлади, фосид никоҳда эмас.
عِدَّةُ الْحُرَّةِ فِي الْوَفَاةِ أَرْبَعَةُ أَشْهُرٍ وَعَشَرَةُ أَيَّامٍ سَوَاءٌ كَانَتْ مَدْخُولًا بِهَا أَوْ لَا مُسْلِمَةً أَوْ كِتَابِيَّةً تَحْتَ مُسْلِمٍ صَغِيرَةً أَوْ كَبِيرَةً أَوْ آيِسَةً وَزَوْجُهَا حُرٌّ أَوْ عَبْدٌ حَاضَتْ فِي هَذِهِ الْمُدَّةِ أَوْ لَمْ تَحِضْ وَلَمْ يَظْهَرْ حَبَلُهَا كَذَا فِي فَتْحِ الْقَدِيرِ. هَذِهِ الْعِدَّةُ لَا تَجِبُ إلَّا فِي نِكَاحٍ صَحِيحٍ.
“Ҳурнинг вафот иддаси тўрт ойю ўнг кундир. У аёл хоҳ яқинлик қилинган бўлсин ёки яқинлик қилинмаган бўлсин, муслима бўлсин ёки мусулмон қўл остидаги китобия бўлсин, балоғатга етган ёки етмаган, қондан қолиш ёшига етган ёки етмаган, эри ҳур ёки қул бўлсин, муддат ичида ҳайз кўрган ёки кўрмаган бўлсин. Лекин, ҳомила зоҳир бўлмаган бўлса. “Фатҳул қодир”да шундай дейилган. Бу идда фақат саҳиҳ никоҳдагина вожиб бўлади” (Фатвои ҳиндия).
Қуръони каримда эри вафот этган аёлларнинг иддаси ҳақида шундай баён қилган:
وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنْكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ فِيمَا فَعَلْنَ فِي أَنْفُسِهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
“Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой-у ўн кун кутадилар. Муддатлари етганда ўзлари ҳақида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир” (Бақара 234).