Хабаднинг Абудабидаги вакили Равви Цви Коган эҳтимолан пайшанба куни ўзбек жиноий гуруҳи томонидан ўғирланган, уларни Эрон ёллаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Исроил хавфсизлик хизматлари манбаларига таяниб, "Кан" ҳарбий мухбири Итай Блюменталь хабар берган.
Маълумотларга кўра, Цви Коган ўша куни бир неча учрашувларга бормаган. Раввин Абудабида эмас, балки пойтахтдан бир ярим соат узоқликда жойлашган шаҳарда ўғирланган бўлиши тахмин қилинмоқда. Шаҳарнинг номи ва учрашувларнинг моҳияти ошкор қилинмаган.
Исроил хавфсизлик хизмати ходимлари у Эрон буйруғи билан ҳаракат қилган ўзбек жиноий гуруҳи томонидан ўғирланганини тахмин қилмоқда. Шунингдек, жиноятчилар Туркияга қочиб кетган бўлиши мумкин, деб ҳисобланмоқда. Раввиннинг ҳаётидан хавотир тобора ошиб бормоқда.
Исроилнинг бош вазир матбуот хизмати қисқача баёнот берди:
"Цви Коган, Исроил ва Молдова фуқароси, Хабад вакили сифатида БААда яшаган. У пайшанба куни бедарак йўқолган. Террорчилик акти бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар асосида кенг кўламли тергов олиб борилмоқда."
Шунингдек, БААга саёҳат қилиш хавфли эканлиги ҳақида аввал огоҳлантириш берилгани эслатилди.
Ижтимоий тармоқларда Цви Коганнинг Дубайдаги кошер супермаркетини реклама қилаётган охирги видеоларидан бири тарқалган.
Исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади БААда топилгани ҳақида 24 ноябрь куни Исроил расмийлари маълум қилди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бу ҳодисани "ваҳшийликка қўл урилган антисемитик террорчилик акти" деб атади. У ўз баёнотида қотилларни жавобгарликка тортиш учун барча чоралар кўрилишини таъкидлади.
Цви Коган 21 ноябрь куни бедарак йўқолган эди. Исроил ва Молдова фуқароси бўлган Коган "Хабад" ташкилотининг Абудабидаги вакили сифатида фаолият юритган. Унинг йўқолиши Эроннинг Исроилга қарши таҳдидлари кучайган бир пайтга тўғри келган. Исроил манбаларига кўра, Коганнинг фаолиятини Эрон разведкаси кузатиб келган.
Коганнинг фаолияти яққол таъкидланиб, у 2021 йилда БААдаги биринчи Хотира маросимида иштирок этгани қайд этилган. Унинг рафиқаси, АҚШ фуқароси, унинг билан БААда яшаган ва ҳужумлар қурбони бўлган Мумбайдаги раввин Гавриэл Ҳольцбергнинг қариндоши ҳисобланади.
Абу Муслим