Ислом шариатида насабни қоришиб кетиши ёки унда шубҳа пайдо бўлишидан сақлаш мақсадида қаттиқ чора тадбирлар ва низомлар йўлга қўйилган. Унда заррача шубҳага ҳам ўрин йўқ. Талоқ, ажрим ва вафот кабилар билан эр-хотинлик ришталари бутунлай узулгандан кейин томонлар аёл бачадонида эрнинг уруғи қолмаганига белгиланган идда тугаб амин бўлгунларича шариат аёлни бошқа эрга турмушга чқишидан қайтарган. Шу боис эр-хотинлик ришталари узулгандан кейин идда ўтириш ва бачадонни тозалаш ҳамда идда ўз ниҳоясига етмагунича аёл бошқа жойга турмушга чиқиши ҳаром деб белгиланган. Шариати исломия никоҳсиз бегона аёллар билан қўшилишликнинг барча кўринишларини гуноҳи кабиралар сирасига киритган. Тарихдаги чўрилик тизми бундан мустасно. Эркакка тўрттагача уйланишга рухсат берилган. Аёлларга рухсат берилмаган. Чунки, унда насаблар аниқ қоришиб кетади. Инсон ва бошқа ҳайвонлар орасини ажратиб турадиган фарқ ҳам манашудир. Шунга биноан киши асл отасини қўйиб, бегонага нисбатини бериши ҳақида ҳадисларда қаттиқ ваъийдлар келган:
عَنْ سَعْدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: « مَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ وَهُوَ يَعْلَمُ أَنَّهُ غَيْرُ أَبِيهِ فَالْجَنَّةُ عَلَيْهِ حَرَامٌ ».
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки билиб туриб, отасидан бошқани отам деб даъво қилса, жаннат унга ҳаромдир”, дедилар” (Байҳақий ривояти).
Шунингдек, кўра-била туриб ўз боласини инкор қилган оталарга қаттиқ ваъийдлар ворид бўлган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ أَدْخَلَتْ عَلَى قَوْمٍ مَنْ لَيْسَ مِنْهُمْ فَلَيْسَتْ مِنَ اللهِ فِي شَيْءٍ وَلَنْ يُدْخِلَهَا اللهُ جَنَّتَهُ وَأَيُّمَا رَجُلٍ جَحَدَ وَلَدَهُ وَهُوَ يَنْظُرُ إِلَيْهِ احْتَجَبَ اللهُ مِنْهُ وَفَضَحَهُ عَلَى رُءُوسِ اْلأَوَّلِينَ وَاْلآخِرِينَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қай бир аёл бир қавмга улардан бўлмаган шахсни киритса, унинг Аллоҳдан ҳеч бир нарсага (умиди) йўқдир ва Аллоҳ уни зинҳор жаннатига киритмас. Қай бир эркак ўзи қараб туриб, ўз боласини инкор қилса, Аллоҳ таоло ундан ҳижобланур ва аввалгию охиргилар ҳузурида уни шарманда қилур”, дедилар” (Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Шунингдек, Аллоҳ таоло фитрий бўлмаган нисбатлардан ҳам қайтарган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ فَإِنْ لَمْ تَعْلَمُوا آبَاءَهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ
“Уларни ўз оталари исми билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир” (Аҳзоб 5 оят).
Очиқ-ойдин ояти каримада боланинг нисбатини асл отани қўйиб тутунган отага беришдан қайтарилмоқда.
Насабни сақлаш билан бир қаторда уни билиш ва ўрганишга ҳам ҳукм қилинган:
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "تَعَلَّمُوا مِنْ أَنْسَابِكُمْ مَا تَصِلُونَ بِهِ أَرْحَامَكُمْ فَإِنَّ صِلَةَ الرَّحِمِ مَحَبَّةٌ فِي الْأَهْلِ مَثْرَاةٌ فِي الْمَالِ مَنْسَأَةٌ فِي الْأَثَرِ".
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Насабларингиздан раҳмларингизни у билан боғлайдиган нарсаларингизни ўрганинглар. Чунки, силаи раҳм қариндош-уруғда муҳаббатни, бойлик ва умрда баракани пайдо бўлишига сабабдир”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Нақл қилинишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Оиша розияллоҳу анҳо насаб борасида билимдон бўлганлар. Араблар улардан насабларини билиб олар эдилар.
Фақиҳлар насаб борасида Китоб ва суннатдан икки қоидани чиқариб олганлар:
1. Насаб борасида жуда ҳам эҳтиёт бўлиш ихтиёр қилинган. Шунинг учун фақиҳлар насаб юзасидан нодир суратларни фараз қилишиб, уни собит қилишга ҳаракат қилганлар;
2. Она кимнинг никоҳида бўлса, бола ундан бўлади. Зино қилгувчига эса, ҳад урилади. Фақиҳлар ушбу икки қоида асосида масалаларни чиқарганлар.