loader
Уни тўғри қилган; Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирадиган; яхши амалларни қиладиган мўминларга, уларга гўзал ажр бўлиши башоратини берадиган қилган Зотга.
(Улар) у(ажр)да абадий қолгувчидирлар.
Ва, Аллоҳ Ўзига бола тутди, деганларни огоҳлантириш учун.
На уларнинг ва на ота-боболарининг бу ҳақда илми йўқдир. Оғизларидан чиқадиган сўз қандай ҳам оғир. Улар ёлғондан бошқани айтмаслар. ( Ҳолбуки ўзлари тўқийдиларми ёки ота-боболарига суяниб гапирадиларми–барибир уларнинг бу даъволарида заррача илмийлик йўқ. Бу даъво жоҳилона айтилган қуруқ гап, холос. Аллоҳ ҳақида билмай туриб гапириш жуда оғир. Айниқса, илмсизларча, жоҳиллик билан, Аллоҳ Ўзига бола тутди, дейиш яна ҳам оғир.)
Улар бу сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол уларнинг ортидан таассуф ила ўзингни ҳалок этмоқчи бўларсан?! (Яъни, мушриклар Қуръонга иймон келтирмасалар, уларга афсусланиб, ўзингни ўзинг қийнарсан? Йўқ, бундай қилма. Улар бунга арзимайдилар.)
Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз.
Албатта, Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантиргувчимиз.
Каҳф ва битик эгаларини Бизнинг ажойиб оят-белгиларимиздан деб ўйладингми?! (Яъни, эй Пайғамбар, ўша каҳф (ғор) эгалари ва ундаги уларнинг исмлари битилган битикни Бизнинг энг ажойиб мўъжизаларимиз деб ўйладингми?)
Қачонки йигитлар каҳфдан жой олганларида: «Эй Роббимиз, бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни ўзинг тўғрилагин», дедилар. (Каҳф эгалари йигитлар экан. Улар ғордан паноҳ жой топибдилар. Яъни, бировдан қочиб келиб яширинибдилар. Демак, ишларидан кўнгиллари тўқ эмас. Уларга бу борада ҳам Аллоҳдан ёрдам керак.)
Бас, каҳфда уларнинг қулоқларига бир неча йиллар (парда) урдик. («Қулоққа парда урди» дегани, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Йигитлар қочиб келиб ғорга жойлашганларида Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни, ухлатиб қўйган. Яъни, йигитлар ғорда узоқ вақт ҳеч нарсани эшитмай ухлаб ётганлар.)
Сўнгра икки гуруҳдан қайси бири уларнинг турган муддатини ҳисобловчироқ эканини билиш учун уларни уйғотдик.
Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берурмиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик.
Уларнинг қалбларини мустаҳкамладик. Қачонки турдилар ва: «Бизнинг Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмаймиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз.
Ана у қавмимиз Ундан ўзга худолар тутдилар. Уларга равшан ҳужжатлар келтира олармиканлар?! Аллоҳга ёлғон уйдиргандан ҳам золимроқ ким бор.
Модомики улардан ва улар Аллоҳдан бошқа ибодат қилаётган нарсадан узоқлашмоқчи бўлсангиз, каҳфдан паноҳ жой олингиз. Роббингиз сизга Ўз раҳматини таратур ва сизга ишингизда осонлик яратур», дедилар. (Роббиларига иймон келтирган, Роббилари ҳидоятларини зиёда қилиб, қалбларини мустаҳкамлаган йигитлар кофирлар билан баҳслашиш бефойдалиги, улар ёмонлигидан фақат қочибгина қутулиш мумкинлигини англаб етгач, иймонлари муҳофазаси учун каҳф-ғорга кириб бекинишни ўзаро маслаҳат қилдилар.)
Қуёш чиққанида уларнинг каҳфининг ўнг томонидан мойил бўлганини, ботганда эса, чап томонидан қийиб ўтганини кўрасан. Улар эса у(ғор)нинг кенг жойидадирлар. Ана шу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан. (Араб тили билимдонлари, бу тасвир ёлғиз Аллоҳга хос, дейдилар. Ғорда бир гуруҳ йигитлар бир неча йилдан бери ухлаб ётишибди. Ҳар куни қуёш чиқади, уларга тегмайди. Сўнгра оғиб ботишга мойил бўлади, яна ғор аҳлига тегмайди.)
Уларни уйғоқ деб ўйлайсан, ҳолбуки, ухлаб ётурлар. Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турурмиз. Итлари эса, остонада олд оёқларини чўзиб ётур. Гар уларни кўрсайдинг, ортга ўгирилиб қочар ва улардан қўрқинчга тўлар эдинг. (Ўзлари уйғоққа ўхшайдилар, аммо ухлаб ётибдилар. У ёқ-бу ёққа қимирлайдилар, аммо уйғониб ўринларидан турмайдилар. Бунинг устига, итлари остонада олд оёқларини чўзиб ётибди.)
Ва шундай қилиб, уларни ўзаро сўрашлари учун уйғотдик. Улардан бири: «Қанча қолдинглар?» деди. Улар: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича қолдик», дейишди. «Қанча қолганингизни Роббингиз яхши билгувчидир, шаҳарга бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин ва диққатли бўлсин, сизни бировга сездириб қўймасин.
Чунки агар улар сизни қўлга олсалар, тошбўрон қиладилар ёки ўз миллатларига қайтарурлар. Ундай бўлса, зинҳор ва абадий нажот топмассиз, дейишди. (Демак, йигитлар қаттиқ таҳдидга учраб, шаҳар аҳолиси уларга, динимизга қайтасизлар ёки сизларни тошбўрон қилиб ўлдирамиз, деганларидан кейингина қочиб ғорга бекинишган экан. Ғорга кириб, ухлаб турганларидан кейин ҳам ўша таҳдидни эсламоқдалар ва пул олиб шаҳарга таом учун борувчини эҳтиёт бўлишга, сездириб қўймасликка чорламоқдалар. Улар ўлимни эмас, шаҳар аҳолисининг жоҳиллигини, ўз миллатлари-динларига қайтишга мажбурлашини ўйлашди. Ҳақиқий мўмин ҳар доим, ҳар жойда иймон ташвишида бўлади.)
Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соатида шубҳа йўқ эканини билишлари учун уларни (одамларга) билдирдик. Энди эса, улар иши ҳақида тортиша бошладилар: «Уларнинг устларига бино барпо қилинглар, Роббилари уларни яхши билгувчидир», дедилар. Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар. (Бу ердаги «Аллоҳнинг ваъдаси»–охир-оқибат иймон аҳли ғолиб келиши ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлиги ҳақидаги ваъдадир. Йигитлар йиллар ўтиб қайта уйғондилар ва иймон иши ғолиб бўлганини кўрдилар. Иймонга келиб қолган шаҳар аҳолиси иймон йўлидаги жиҳодлари учун Аллоҳ томонидан муносиб тақдирланган каҳф эгаларини ҳақиқий ўлимларидан кейин қандай қилиб иззат-эҳтиром этиш борасида тортиша бошладилар.)
Ҳали улар: «Учтадирлар, итлари тўртинчиларидир», дерлар. Ва: «Бештадирлар, итлари олтинчиларидир», деб ғайбга тош отарлар. Ва: «Еттитадирлар, итлари саккизинчиларидир ҳам», дерлар. Сен: «Роббим уларнинг саноғини яхши билгувчидир. Уларни жуда оз киши билур», дегин. Бас, улар ҳақида тортишиб юрма. Тортишсанг ҳам, очиқ тортиш. Улар ҳақида ҳеч кимдан фатво ҳам сўрама.
Зинҳор бир нарсани: «Буни эртага албатта қилгувчиман», дема.
Магар: «Аллоҳ хоҳласа», дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни эсла ва: «Шоядки Роббим мени бундан яхшироққа яқин бўлишимга ҳидоят қилса», дегин. (Инсоннинг ҳар бир ҳаракати, иши, ҳатто нафас олиб-чиқариши ҳам буткул Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло хоҳласа бўлади, хоҳламаса бўлмайди. Шунинг учун келажакда бирон иш қилмоқчи бўлсанг, доимо «Инша Аллоҳ, қиламан», деб айтгин. Чунки келажак сенга нисбатан ғайбдир. Сал ўтиб нима бўлишини ўзинг билмайсан. Шунинг учун келажакдаги ҳар бир ишни « Аллоҳ хоҳласа, қиламан», деб зикр этгин.)
Ва каҳфларида уч юз йил қолдилар ва тўққиз йил зиёда ҳам қилдилар. (Йигитлар каҳфларида шамсий йил ҳисоби бўйича уч юз йил, қамарий йил ҳисоби бўйича уч юз тўққиз йил қолдилар. Чунки шамсий юз йил қамарий бир юз уч йилга тўғри келади, деган тафсирчиларимиз ҳам бор. Бу хулоса уларнинг ўз ижтиҳодаларидир. Чунки Қуръони Каримда ҳам, суннати набавияда ҳам бу ҳақда, яъни, шамсий ва қамарий йил ҳисоби ушбу оятда эътиборга олингани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шунинг учун оятда келганини ўз ҳолича қабул қилган маъқул.)
Сен: «Уларнинг қанча қолганларини Аллоҳ яхши билгувчидир. Осмонлару ернинг ғайби Унга хосдир. У зот нақадар яхши кўргувчи ва яхши эшитгувчи зотдир. Уларга Ундан ўзга дўст йўқдир. Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас», дегин.
Сенга Роббинг китобидан ваҳий қилинганини тиловат қил. Унинг калималарини алмаштиргувчи йўқ. Ундан ўзга ҳеч қандай паноҳни топа олмассан.
Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма. (Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қилинади: «Қурайш раҳбарлари тўпланиб Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурларига боришди ва: «Агар бизнинг сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир-фуқораларни ҳузурингдан ҳайда», дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эдилар. Қурайшликлар яна: «Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй», дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло: «Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут» оятини нозил қилди».)
Сен: «Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қўғирувчи сув билан «ёрдам» берилур. Нақадар ёмон шароб ва нақадар ёмон жой!
Албатта, Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг, гўзал иш қилганларнинг ажрини зое қилмасмиз.
Ана ўшаларга адн жаннатлар бордир. Остиларидан анҳорлар оқиб турадир. У ерда олтиндан бўлган билакузуклар ила безанурлар, шойи иплардан яхши либослар киярлар. Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар. Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой.
Уларга икки кишини мисол қилиб келтир. Улардан бирига узумлардан икки боғ бердик ва уларни хурмо ила ўрадик ва ораларида экинзор қилдик. (Демак, икки киши бор экан. Улардан бирига Аллоҳ таоло иккита узумзор боғ ато қилибди.)
Ўша икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар ва ораларидан анҳор оқизиб қўйган эдик. (Ҳар икки боғнинг ҳосили тўлиқ чиқар эди. Икки боғ орасидан эса, Аллоҳ таоло анҳор оқизиб қўйган эди.)
Унинг меваси бор эди. У ўз шериги ила гаплашар экан: «Менинг сендан молим кўп ва одамларим қувватлироқ», деди. (У кишининг боғларидан бошқа ҳам «меваси»–молу дунёси бор эди. Бир куни шериги ила баҳслашар экан, мақтаниб қолди. Менинг сендан кўра молу дунём кўп. Одамларим, болаларим, хизматчиларим, ёрдамчиларим ҳам кўп, ҳам кучли, деди. Ушбу дунёнинг зебу зийнатидан фахрланишидан бу одамнинг кофирлиги кўриниб турибди.)
У ўз боғига кирар экан, ўзига зулм қилган ҳолида: «Мен буни ҳеч қачон йўқ бўлмар, деб ўйлайман.
Қиёмат қоим бўлмаса керак, деб ўйлайман. Агар Роббимга қайтарилсам ҳам, албатта, бундан яхши оқибатни топаман», деди. (Кофирлар наздида, ҳамма нарсани мол-дунё, бойлик, мансаб ҳал қилади. Ҳатто охират иши ҳам шунга қараб ҳал этилиши керак. Ушбу қиссадаги уларнинг тамсилчиси, икки боғнинг эгаси бўлган кофир ҳам шуни даъво қилмоқда.)
Унга шериги гаплаша туриб: «Сени тупроқдан, сўнгра нутфадан яратган ва инсон этиб ростлаган зотга куфр келтирдингми?!. (Яъни, молу дунёга берилган ўша кофир кишининг беодобона гапларини эшитган мўмин киши, сени йўқдан бор қилган, аслингни тупроқдан, сўнгра сенга ўхшаган зурриётларини бир томчи нутфадан яратган зотга, бекаму кўст инсон қилиб ростлаган зотга куфр келтирдингми, деди.)
Лекин мен: «У Аллоҳ менинг Роббимдир ва Унга ҳеч кимни шерик қилмайман.
Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада (бунга) қувват йўқ», десайдинг. Агар мени ўзингдан молу дунё ва бола-чақа жиҳатидан кам деб билсанг.
Шояд Роббим менга сенинг боғингдан яхшироғини берса, сенинг боғингга осмондан офат юбориб, у сип-силлиқ тупроққа айланиб қолса.
Ёки суви ерга сингиб кетиб, сен уни талаб қилишга қодир бўлмай қолсанг», деди.
Ва унинг меваси (ҳалокат-ла) ўралди. Ўзи эса, унга сарф қилгани ҳасратидан чапак чалиб, боғида ишкомлар йиқилиб ётганини кўриб: «Қани энди Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда», деб қолаверди.
Унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берадиган гуруҳ бўлмади, ўзи ҳам нусрат қозона олмади.
Бундай мақомда ҳақ нусрат Аллоҳга хосдир. У яхши савобли ва яхши оқибатли зотдир.
Уларга ҳаёти дунёнинг мисолини келтир. У Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Унинг сабаби ила ер набототлари аралашиб чиқди. Бас, хашакка айланиб, уни шамол учириб кетди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган зотдир. (Аллоҳ таоло бу оятда дунё ҳаётини, ердан униб чиқадиган набототларга ўхшатмоқда. Ёмғир ёққанида кўзни қувонтирувчи ям-яшил ўсимликлар ўсиб чиққандек, кишига янги ҳаёт берилганида ҳам бу дунё унга гўзал, ёш, чиройли ва лаззатли кўринади. Аммо вақт ўтиши билан набототлар қуриб, хашакка айланиб, уларни шамол учириб кетгани сингари, ҳаётнинг ҳам ўткинчи эканлиги аён бўлиб қолади. Шунинг учун ўткинчи нарсага алданиб қолмаслик керак. Қодир Аллоҳни ҳеч қачон унутмасдан, охиратга, абадий ҳаётга тайёргарлик кўриш лозим.)
Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. (Ҳа, молу мулк, бола-чақа бу дунёнинг зийнатидир, аммо қиймати эмасдир. Исломда зийнатга ҳам ҳалол-пок бўлиш шарти ила изн берилган. Аммо зийнатлар ҳаёт қадрини ўлчовчи қийматга айлантирилмаган. Зийнатга зийнат деб қаралган. Исломда боқий қолувчи солиҳ амаллар қиймат саналади. Инсонга унинг иймони ва яхши амалига қараб қиймат берилади.)
Тоғларни юргизадиган ва ерни яп-яланғоч кўрадиган кунда. Ўшанда уларни жамлаймиз ва бирон кишини қўймаймиз.
Ва Роббингга сафга тортилган ҳолларида рўбарў қилиндилар. «Батаҳқиқ, сизларни аввал қандай яратган бўлсак, шундай Бизга келдингиз. Аммо сиз Бизни ҳеч жой ва вақт ваъда қилганимиз йўқ, деб ўйлар эдингиз», (дейилди). (Яъни, онадан янги туғилгандай ҳолда қайта тирилиб ҳузуримга келдингиз. Молу дунёнгиз, бола-чақангиз, хизматчи-мардикорингиз, мансаб-амалингиз ва дўст-ёрингиз у дунёда қолиб кетди. Ваъда қилинган қиёмат кунига, маҳшардаги тўпланиш жойига ишонмас эдингиз. Мана, ваъда қилинган ўша вақт–қиёмат куни қойим бўлди. Мана, ваъда қилинган ўша жойда–маҳшарда саф тортиб турибсиз. Энди сизга ваъда қилинган жазоларни берамиз.)
Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан. Улар: «Вой, шўримиз қурисин. Бу қандай китоб, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай ҳисоб қилибди-я», дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар. Роббинг ҳеч кимга зулм қилмас.
Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир.