loader

032. Сажда сураси

Номи 15-оятдан олинган бу сура Маккада нозил бўлган.18, 19, 20-оятларининг Мадинада  нозил бўлганлиги ҳақида ривоят бор. Ушбу сура 30 оятдан иборатдир.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-3. Алиф, Лом, Мим. Бу Қуръон шак-шубҳасиз Парвардигори олам тарафидан нозил қилинди. Балки кофирлар (Қуръонни) Муҳаммад (САВ) ўз тарафидан ихтиро қилиб (тўқиб), чиқарган гаплари, Худонинг сўзи эмас дерлар? Бу кофирларнинг сўзлари хато ва бўхтон. Бу Қуръон Парвардигоринг тарафидан нозил бўлган рост калом бўлиб, токи сен бу Қуръон билан қавминга насиҳат қиласан, Худонинг азобидан қўрқитасан. Бу арабларга сендан илгари насиҳат қилувчилар келмагандир. Шоядки, сенинг насиҳатинг билан ҳидоят топсалар.

4-9. Аллоҳ таоло шундай зотки, еру осмонни ва унинг қртасидаги ашёларни олти кунда халқ қилди. Сўнгра Аршга қасд қилди (Аршни эгаллади). Сизларга Парвардигордан бошқа ёру мададкор ва шафоат қилувчи йўқ. Ахир бундан эслатма, панд насиҳат олмайсизларми? Аллоҳ таоло дунёнинг ишларига интизом, тадбир қилади. Сўнгра ҳукмини малоикалар орқали осмондан ерга юборади. Кейин малоикалар ердан яна осмон тарафига ўшал кунда қайтиб борадурлар. Ул кун (қиёмат)нинг миқдори сизларни ҳисобларингиз билан минг йилга баробар бўладиган бир кун бўлиб, шу кунда тадбирларнинг барчаси Аллоҳга хосдур. Оламнинг тадбирларини қилувчи Аллоҳ ошкору махфийни билувчи, ўзининг тадбирида ғолиб. Бандаларга меҳрибондир. У шундай зотки, ҳар бир нарсани ҳикматга мувофиқ пайдо қилди. Аввал инсонни пайдо қилишни лойдан бошлади. Кейин унинг авлодини озгина ҳақир сувдан пайдо қилди. Сўнгра она қорнида аъзоларини баробар қилди. Кейин у жасадга ўзининг руҳидан дам урди. Сўнг инсонда эшитмоқ учун қулоқ, кўрмоқ учун кўз ва фикр юритмоқ учун дил яратди. Лекин сизлар Худонинг бу улуғ неъматларига кам шукр қиласизлар.

10-12. Кофирлар: «Бизлар ўлиб, ернинг тагига кирсак, яна янгидан халқ бўламизми?» дейдилар. Йўқ, бу кофирлар Қиёматда Худога мулоқий (рўбару) бўлишни ҳам инкор қиладилар. Эй Муҳаммад, буларга айт, «Сизларни жонларингизни олиш вакил қилинган Азроил фаришта сизларни ўлдиради. Сўнгра сизлар Парвардигорингиз ҳузурига ҳозир бўласизлар». Эй Муҳаммад, сен гуноҳкорларнинг ҳолларини кўрсанг, таажжуб қиларсан. Улар Парвардигорнинг ҳузурига жамъ қилинадилар. (Кофирлар) ўта даража ҳижолатликдан бошларини эгиб айтадиларки: «Эй Парвардигоро, сенинг ваъда қилган нарсаларингни кўзимиз билан кўрдик, сенинг итобларингни қулоқларимиз билан эшитдик. Энди бизларни у дунёга қайтар, токи яхши амаллар қилайлик ва ҳам сенга иймон келтириб, яқин ҳосил қилайлик». Лекин у кунги надоматлари буларга фойда бермайди.

13-14. Агар бизлар хоҳласак, бу дунёда ҳар бир нафсни ҳидоят қилган бўлардик. Лекин шундоқ қилмадик. Чунки, у ҳолда кофиру мўъминнинг фарқи бўлмасди. Бу дунё синов ва ибтило (имтиҳон) дунёси. Аммо жаҳаннамни инсонлардан ва жинлардан бўлган кофирлар билан тўлдириш ҳақида бизнинг ҳукмимиз Лавҳул Маҳфузда собит бўлган (ёзиб қўйилган). Сизлар у дунёда Худога мулоқий (рўбарў) бўлишни эсларингдан чиқарган эдингиз. Энди биз ҳам сизларга илтифот қилмаймиз, меҳрибонлик билан назар қилмаймиз. Энди сизлар қилган амалларинга мувофиқ абадий йўқ бўлмайдиган азобнинг «маза»сини тотиб кўринглар.

15-19. Албатта Бизнинг оятларимизга шундай зотлар иймон келтирадиларки, бу оятлар билан улар панду насиҳат қилинса, зорию тазарруъ ила ерга йиқилиб, сажда қиладилар. Ва ҳам «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деб тасбиҳ айтадилар. Булар ҳаргиз кибр қилмайдилар. Кеча бўлганда булар роҳат билан ёнбошларини қўйиб ухламайдилар. Худонинг азобидан қўрқиб, раҳматидан умид қилган ҳолда Парвардигорга ибодат қиладилар. Бизлар берган ризқдан Аллоҳ ризоси учун бериё садақа берадилар. Буларнинг қилган амаллари эвазига Худо тарафидан хурсанд қиладиган, кўзлари равшан бўладиган нозу наъимлар муҳайё қилиб, яшириб қўйилган. Бир одам мўъмини содиқ бўлса, фосиқу фожир бўлган одам билан баробар бўладими? Ҳаргиз баробар бўлмас! Албатта мўъминлар, иймон келтирган ва яхши амал қилганлари сабабидан жаннатил маъвода Парвардигор тарафидан меҳмон қилинадилар.

20-22. Аммо Худонинг фармонидан чиқиб кофир бўлган гуруҳларнинг жойлари дўзахдир. Қачонки, дўзахдан чиқишни истасалар яна дўзахга қайтариладилар. Уларга айтиладики: «У дунёда мункир бўлган азобни энди тотиб кўринглар». Албатта, буларга охиратнинг улуғ азобидан илгари бу дунёдаги яқин азобни тоттирамиз. Шоядки куфрлардан қайтиб, ҳидоятга ружуъ қилсалар. Аллоҳнинг каломи билан насиҳат қилинса, уни инкор қилиб, юз ўгирадиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Биз, шубҳасиз, бу хилдаги гуноҳлардан ўч олгувчидирмиз.

23-26. Биз Мусо (а.с.)га Тавротни бердик. Шунга ўхшаш сенга Қуръонни нозил қилдик. Энди сен Қуръон мулоқотидан шубҳада бўлма ва ё Мусога мулоқот бўлишдан шубҳа қилмагин. Чунонки, меърожда ҳам мулоқот бўлдилар ёки Мусо (а.с.)ни Тавротни қабул қилиб олганига шубҳа қилма. Мусо (а.с.)ни Исроил халқига йўл кўрсатувчи қилдик. Ва ҳам Бани Исроилдан яна бошқа пешволар яратдик, токи Бизнинг ҳукмимиз билан буларни ҳидоят қилсин, ва булар ибодатнинг машаққатларига сабр қилиб, ва Бизнинг оятларимизга иймон келтирсинлар. Албатта Парвардигоринг бани Исроил ўртасидаги ихтилофли масалалари тўғрисида Қиёмат куни ҳукм қилувчидир. Оё, равшан кўрсатмадими Аҳли Маккага, булардан илгари кўп миллатларни ҳалок қилган эдик?! Булар ўша қавмларнинг ҳалок бўлган жойларидан ўтадилар, кўзлари билан азобни нишоналарини кўрадилар. Албатта бу қавмларнинг ҳалокатларида нишоналар бор, ҳикоялар бор, ишонмадиларми?!

27-30. Оё бу кофирлар ибрат билан қарамайдиларми, биз, бу сувни қуруқ ерларга жорий қиламиз. Ул сув билан ердан дарахтлар ва гиёҳлар кўкартирамиз. У гиёҳлардан ҳайвонлар ризқланадилар. Ўзлари эса у дарахтларнинг меваларидан ейдилар. Бу Худонинг қудратини мушоҳада қилмайдиларми? Кофирлар айтадиларки, «эй мўъминлар, агар ваъдаларингиз рост бўлса, бизнинг устимиздан сизларнинг ғалабангиз қачон бўлади?!» Эй Муҳаммад, кофирларга айт, «фатҳ куни сизларга бало келгандан сўнг, кофирларнинг иймони фойда бермайди, уларга муҳлат ҳам берилмайди». Бас, Эй Муҳаммад, булар билан мужодала қилмасдан булардан юз ўгир ва мунтазир бўлки, кофирлар ҳам сенинг мағлуб бўлишингга мунтазирдурлар.

Орқага Олдинга