Маккада нозил бўлган бу сура ўн етти оятдан иборатдир.
Балад сурасидан кейин нозил бўлган бу суранинг номи илк оятида келган «ториқ» сўзидан олинган. «Ториқ» – тунги йўлчи, шиддат билан урувчи, эшик қоқувчи деганидир. Сурадаги «ториқ» эса, кечаси кўп нур тарқатадиган юлдузни англатадики, бу тонг юлдузидир. Бу сўз мажозан машҳур кишига нисбатан ҳам ишлатилади. Бадиий жиҳатдан жоҳилият даври – зулматли тунга ва у даврда келган Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам эса, кечани ёритган ва субҳнинг хушхабарини берадиган субҳ (тонг) юлдузига ўхшатилган бўлиши мумкин. Бу сурадан ҳар бир инсоннинг қиладиган амаллари хос фаришталар томонидан ёзиб борилиши, ўлгандан сўнг қайта тирилиши, Қиёматнинг ҳақлиги, Қуръони каримнинг илоҳий китоблиги, маккорларнинг макрига яраша жазо берилиши каби мавзулар ўрин олган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-7. Осмонга ва кечаси тулу қилувчи (чиқувчи Ториқ) юлдузига қасам! Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сен Ториқни нима деб биласан? Ториқ равшан (ёруғ) юлдуздир. Бас, билгилки, ҳеч бир нафс (шахс) йўқдир, магар уни (муҳофаза этиб), амалларини сақловчи кироман котибийн (улуғ фаришталар) бордир. Бас, инсон нимадан яратилганлигига назар қилиши керак. Инсон сачраб (отилиб) чиқувчи манийдан халқ қилингандир. У маний эркакнинг пушти (камари)дан ва хотиннинг кўкрак (суягидан) чиқадир, кейин раҳмда (бачадонда) аралашади.
8-10. Албатта, Парвардигор инсонни қайтадан халқ қилишга қодирдир. Қиёмат куни сирлар (ҳар бир инсоннинг нияти, эътиқоди) зоҳир бўлади. Ҳақ ва ботил бир-биридан ажралади. У вақтда инсонга Худонинг азобини қайтаришга ҳеч қандай (куч) қудрат йўқдир ва ёрдамчи ҳам йўқдир (бўлмайди).
11-17. Ёмғирли осмонга қасам! Ва гиёҳли ерга қасамки, албатта, Қуръон ҳақ ва ботилни ажратувчидир. У – Аллоҳнинг сўзидир. У беҳуда гап (сўз) эмасдир. Қурайш кофирлари Сенинг ҳаққингда (ҳийлаю) макр қиладилар. Ва Мен уларнинг макрини даф қиламан. (Эй Муҳаммад), кофирларга озгина муҳлат бер. Уларни Менга қўйиб қўй ва (азобга қолишлари учун шошилиб) ҳақларига дуои бад қилма! Вақти келганда Мен (уларни муносиб) жазолайман.